КОНСТИТУЦИЯВИЙ ШИКОЯТ ИНСТИТУТИ: ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВЛАР ВА АМАЛИЙ ҲАРАКАТЛАР САМАРАСИ

Самарқандда Марказий Осиё мамлакатларида конституциявий шикоят институти моделларининг ривожланиш тенденцияларига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Европа кенгашининг ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) ҳамкорликда уюштирган тадбирда мамлакатимиз олимлари ва экспертлари, суд-ҳуқуқ идоралари ходимлари қаторида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Молдова ва Франциядан келган экспертлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов ва бошқалар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституцияда илк бор белгиланган конституциявий шикоят институти моҳияти ва аҳамияти, бу йўналишда халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда Венеция комиссияси ва унга аъзо мамлакатлар конституциявий назорат органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги долзарб вазифалар хусусида сўзлади.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқаролар конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, ишончли ҳимоя қилиш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. 2021 йилда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги конституциявий қонун қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида Конституциявий суднинг ролини янада оширишга хизмат қилмоқда. Мазкур қонунга мувофиқ, мамлакатимизда конституциявий шикоят институти жорий этилди. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда муҳим ўрин тутувчи бу замонавий тизим янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам ўз аксини топди.

Конституциявий шикоят институти жорий этилиши Конституциявий судда иш ҳажми кескин ошишига олиб келиши табиий. Шунинг учун, хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Конституциявий суд судьялари сони 9 нафар этиб белгиланди. Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилди.

Аввалги қонунда Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига 12 субъект эга бўлса, янги қонун билан 15 субъектга шундай ҳуқуқ берилди. Чунончи, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъектлар қаторига Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил киритилди.

Тадбирда Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари, конституциявий одил судлов, Европа ва Марказий Осиё давлатларида конституциявий шикоят институти амал қилиши, фуқаролар конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда парламент ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Конституциявий суд билан ўзаро ҳамкорлигига оид маърузалар тингланди.

Халқаро анжуман 26 май куни ҳам ўз ишини давом эттиради.

Баҳор ХИДИРОВА, “Янги Ўзбекистон” мухбири

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech