Марказий Осиё мамлакатларида конституциявий шикоят институти моделларининг ривожланиш тенденциялари

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) билан ҳамкорликда 2023 йил 25-26 май кунлари Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё мамлакатларида конституциявий шикоят институти моделларининг ривожланиш тенденциялари» мавзуида халқаро конференция ташкил этилди ва унда халқаро, хорижий ва миллий экспертлар иштирок этди.

Халқаро конференция ташкил этилишидан мақсад - Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, шу жумладан конституциявий ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамиятга тўлиқ ва холис маълумот етказиш, Конституцияда илк бор белгиланган конституциявий шикоят институтини ривожлантиришда халқаро тажрибани ўрганиш, хорижий мамлакатлар конституциявий судларининг амалиёти билан танишиш ҳамда Венеция комиссияси ва унга аъзо мамлакатлар конституциявий назорат органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Халқаро конференцияни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов, Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) Президенти Клер Бази-Малори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги элчисининг ҳамкорлик бўйича бошқармаси бошлиғи Вим Риепма кириш сўзлари билан очиб беришди.

Асосий қисмда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов “Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг муҳим йўналиши – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг конституциявий кафолатларини мустаҳкамлаш” мавзуида маъруза қилди.

Шунингдек, жараёнда “Франциянинг конституциявий назорат модели” мавзуида Франция Конституциявий Кенгаши аъзоси, Франция номидан Венеция комиссиясининг аъзоси Франсуа Сенер ҳамда “Конституциявий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг самарали механизми: Грузия тажрибаси” мавзуида Венеция комиссиясининг эксперти, Грузия Конституциявий судининг собиқ раиси Георге Папуашвили маърузалари эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти шуъба мудири, юридик фанлар доктори, профессор Баходир Исмаилов “Конституциявий ислоҳотлар жараёнида конституциявий назорат институтини ривожлантириш масалалари” ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг “Марказий Осиё давлатларида конституциявий шикоят институти: амалиёт ва муаммолар” мавзуида маърузачилар – Қирғиз Республикаси Конституциявий судининг раиси Эмиль Осконбаев, Тожикистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Абдулхафиз Ашурзода, Қозоғистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси Еркин Онгарбаев, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари Асқар Ғафуров ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Ихтиёр Беков “Конституциявий шикоят институтининг илмий-назарий масалалари”ни очиб берди.

Халқаро конференциянинг иккинчи кунида GIZ “Марказий Осий мамлакатларида ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” минтақавий дастури раҳбари (Тожикистон), профессор Александру Тэнасе «Марказий Осиё мамлакатларида ҳуқуқий давлатчиликни ривожлантириш», Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси, юридик фанлари доктори, профессор Фозилжон Отахонов «Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари: парламент ва Конституциявий суднинг ўзаро ҳамкорлиги», Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова «Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилишда Омбудсман институтининг Конституциявий суд билан ўзаро ҳамкорлиги», Испания Қироллиги Конституциявий суди судьяси Энрике Арналдо «Қонунчиликни конституциявий назорат қилишнинг Испания модели», Босния ва Герцеговина Конституциявий судининг вице-президенти, Венеция комиссиясининг кенгайтирилган бюроси аъзоси, Конституциявий одил судлов бўйича кичик комиссия раиси Златко Кнезевич “Фуқароларнинг Босния ва Герцеговина Конституциявий судига шикоят киритиш тартиби” мавзусида маруза қилдилар.

Муҳокамалар қисми савол-жавоб ва мунозараларга бой бўлди.

Халқаро конференция якунида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан Тожикистон Республикаси Конституциявий суди ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўрисидаги Меморандум имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech