Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг амалий жиҳатдан ҳаётга тадбиқ этилиши ҳозирги мураккаб геосиёсий даврда аниқ-равшан натижаларга олиб келади

Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи юзасидан Хитой Халқ Республикасидаги етакчи таҳлил тузилмаларининг экспертлари “Дунё” ахборот агентлигига ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди:

 

Хитой Халқ Республикаси ТИВ вазирлиги ҳузуридаги Хитой Халқаро муаммолар академиясининг Евроосиё институти директори Ли Цзыго:

- Шавкат Мирзиёев 2016 йил охирида давлат раҳбари этиб сайланганидан сўнг Ўзбекистонда туб ўзгаришлар рўй берди.

 Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркда бўлиб ўтган 78-сессиясидаги маърузасида мамлакатнинг келгуси йилларга мўлжалланган сиёсатига оид стратегик қарашларини ҳам баён этди. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ички ислоҳотларни илгари суриш ва миллий бошқарув тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни глобал меҳнат тақсимотига интеграция қилиш ва ЖСТга муддатидан олдин аъзо бўлиш, яхши қўшничилик, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига тўхталар экан, Марказий Осиёдаги шериклик, шунингдек, минтақада экологик хавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликка алоҳида урғу берди.

Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган жуда муҳим ташаббусларни алоҳида қайд этиш лозим. Булар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббуси доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йили БМТ шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш, аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш, Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш ва бошқа таклифлардир.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида ишонч инқирози туфайли дунёдаги мавжуд вазиятдан хавотирда эканини ҳам таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёев ҳамжиҳатлик руҳини сақлаб қолиш ва мамлакатларни умумий манфаатлар асосида бирлаштиришга умид билдирган ҳолда иқлим ўзгариши, қашшоқликка барҳам бериш ва очлик каби бутун инсониятга дахлдор глобал масалаларда бирдамлик ва ҳамкорликка чақирди.

Хитой Халқаро муаммолар академиясининг Евроосиё институти директори ўринбосари Чэнь Юцзунь:

- Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлаб, глобал муаммоларга ўз муносабатини билдирди, шунингдек, ижтимоий ҳимоя, хавфсизлик, экология, таълим соҳаларига доир қатор  ташаббусларни илгари сурди.

Давлат раҳбари бугунги кунда мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этувчи ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу тасодифий ҳол эмас. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, бугунги кунда Ўзбекистон ёш авлодни турли экстремистик ва террористик гуруҳлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, ёшларнинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича минтақавий лойиҳаларни фаол равишда илгари сурмоқда.

Масалан, яқинда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари тўғрисидаги битим имзоланди.

Шу муносабат билан, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда ёшларнинг ривожланишига кўмаклашиш минтақа халқларининг барқарорлиги ва фаровонлигининг калити ҳисобланишини таъкидлашни истар эдим. Бу инсон капиталига асосланади, унинг ривожланиш даражаси эса Марказий Осиёдаги барча мамлакатларнинг келажагини белгилайди.

ШҲТ тадқиқотлари институтининг директори Дэн Хао:

- Сўнгги йилларда Ўзбекистон тизимли ўзгаришлар даврини бошидан кечирмоқда, кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда катта муваффақиятларни қўлга киритмоқда.

Дунёда қашшоқлик даражасини пасайтириш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини яхшилаш, таълим тизимини модернизация қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги муваффақиятлар қадрланади.

Ўзбекистон раҳбарининг бутун инсоният учун хавф-хатар ва таҳдидларнинг мисли кўрилмаган даражада кўпайиши билан боғлиқ замонавий глобал жараёнларга берган баҳолари алоҳида аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёевнинг геосиёсий қарама-қаршиликлар бутун инсоният тақдирига дахлдор масалаларда ҳам мулоқотга путур етказаётгани ҳақидаги баёнотига қўшилмаслик асло мумкин эмас.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон раҳбарининг жаҳон ҳамжамиятига қандай сайёрани келажак авлодларга қолдиришимиз ҳақида ўйлашга чақириғи муҳим аҳамият касб этади. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бугунги кунда ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам зарур.

“Жанубий Хитойдаги Америка Савдо палатаси” президенти, доктор Харли Сейдин:

- Бугунги шароитда Марказий Осиё жадал ривожланаётган минтақалардан бирига айланмоқда. Ўзбекистон бугунги кунда миллий манфаатларни фаол илгари сураётгани, минтақавий ва халқаро хавфсизлик муаммоларига катта эътибор қаратгани ҳолда уларнинг ҳал этилиши юзасидан астойдил жонкуярлик қилаётгани билан ажралиб туради.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Марказий Осиёни тинч ва фаровон минтақага айлантириш бундан буён ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолади, деган сўзлари бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Ишончим комилки, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг амалда ҳаётга тадбиқ этилиши жаҳон иқтисодиётининг барқарор ўсиши секинлашган ҳозирги мураккаб геосиёсий даврда аниқ-равшан ижобий натижаларга олиб келади.

“Дунё” АА 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech