Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирлари қизғин руҳда ўтказилмоқда. Байрамни муносиб кутиб олиш бўйича ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этишда давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойиши дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур фармойиш билан тасдиқланган дастурда туман ва Шаҳар марказларида, жумладан, Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида «Конституция кўчаси»ни ташкил этиш белгилангани алоҳида диққатга сазовор. Чунки бундай замонавий тадбирлар, бир томондан, янги таҳрирдаги Асосий Қонунимизнинг тарғиботида халқчилликни таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, мамлакатимиз айни соҳада ҳам дунёнинг илғор давлатлари билан ҳамқадамлигидан далолат беради.
Сайёрамиздаги турли мамлакатлар шаҳарлари меъморий қиёфасида Конституция мавзуси алоҳида ўрин эгаллаганини кузатиш мумкин. Академик Акмал Саидовнинг «Ўзбекистон Конституцияси тарихи» китобида қайд этилганидек, Гретсия ва Чилида, Варшава, Мехико, Монтивидео, Луксембург, Малага, шунингдек, Перунинг Ванкувер шаҳарларида Конституция майдони бор. Испания, Россия, Украина, Руминия, Полша мамлакатларида ҳамда Буенос-Айрес ва Оттава шаҳарларида эса Конституция хиёбони мавжуд.
Қолаверса, Белгия, Буюк Британия, Чехия, Франция, Испанияда, Литва пойтахти – Вилнюс ва Қозоғистон пойтахти – Остонада кўчалар Конституция номи билан аталган. Бир қанча мамлакатларда Конституцияга бағишлаб муҳташам меъморий обидалар, улуғвор монументлар тикланган.
Шу маънода, байрам муносабати билан юртимизнинг турли туман ва шаҳар марказларида ташкил этиладиган «Конституция кўчаси»да аҳолига турли сайёр хизматлар кўрсатиш, бепул ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳат бериш, кўнгилочар ва совринли тадбирлар ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бош Қомусимиз аҳолининг барча қатламларига етиб боришини таъминлаш мақсадида янги таҳрирдаги Конституция китоби бир неча тилларда, ҳатто Брайл алифбосида ҳам чоп этилгани ғоят аҳамиятлидир.
Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 7-февралдаги қарори ижроси доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Конституция ва инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар бурчаги» ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўтган қисқа даврда худди шундай ҳуқуқий маърифат майдончалари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар Ахборот-кутубхона марказларида ҳам очилиб, уларга тегишли илмий-ҳуқуқий адабиётлар беғараз тақдим этилди. Ишончимиз комилки, байрам доирасида жойларда «Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!» деган бош ғояни ўзида мужассам этадиган маърифий тадбирларни ўтказишда ана шу китоблар ҳам муҳим амалий аҳамият касб этади.
Мухтасар айтганда, 2023-йил 30-апрел куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этган ҳолда қабул қилди. Шундай экан, янгиланган Асосий Қонунимиз давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратганини ҳар қайси замондошимиз бевосита билмоғи фарз ва қарздир.
Отабек ФОЗИЛОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи.
«Postda-На посту» газетасининг 2023 йил 7 декабрь кунги 49 (4639)-сон
- Қўшилди: 07.12.2023
- Кўришлар: 2996
- Чоп этиш