Ижтимоий фикр: фуқаролар Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларидан яхши хабардор

Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги байрами арафасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари: баҳолар, фикрлар ва муносабатлар” мавзусида социологик тадқиқот ўтказилди.

Унда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсад ва йўналишлари, инсон ҳуқуқлари тўғрисида фуқароларнинг хабардорлик даражаси аниқланди, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий муҳофаза даражаси ҳақидаги фикр ва тасаввурлари ҳамда мамлакатимиз Асосий қонунига муносабати ўрганилди.  

Тадқиқот давомида фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан хабардорлиги аниқланди.  

Жамоатчилик фикрида мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат томонидан бепул умумий ўрта ва бошланғич касб-ҳунар таълими кафолатланиши ҳақидаги тушунчадан хабардорлик устун туради. Айтиш жоизки, эркаклар ҳам, аёллар ҳам бепул умумий ўрта ва бошланғич касб-ҳунар таълими олиш ҳуқуқига эга эканликларини бирдек яхши билади.  

Фуқароларнинг аксарияти Конституцияга кўра, исталган динга эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлигини, шунингдек, мамлакатимизда диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслигини юқори даражада англаши билан ажралиб туради.  

Асосий қонунга кўра, ҳар бир инсон соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига, фуқаролар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат ҳисобидан бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги шаҳарларда ҳам, қишлоқларда ҳам аҳолининг кўпчилигига тўлиқ ва яхши маълум.  

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, эркаклар ҳам, аёллар ҳам ушбу ҳуқуқдан бир хил даражада яхши хабардор.  

Фуқаролар ўзларининг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш ва ундан чиқиш ҳуқуқига, мулк ҳуқуқи, шунингдек, муносиб меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитлари ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлигини ҳам яхши билади.  

Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлардан хабардорлиги таҳлили шуни кўрсатдики, ўзбекистонлик фуқароларнинг улар ҳақидаги билими юқори даражада. Сўров иштирокчилари Ўзбекистон Конституциясида кафолатланган иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини яхши билади.    

Турли ёшдаги гуруҳларнинг турли ҳуқуқлардан яхши хабардорлиги мантиқий натижа ҳисобланади. Чунончи, ёшлар учун таълим олиш ҳуқуқи муҳимроқ ва уларнинг таълим соҳасидаги ҳуқуқлардан хабардорлиги юқори. Энг кекса ёшдаги одамлар учун бепул тиббий ёрдам жуда муҳим. Шунинг учун уларнинг ушбу ҳуқуқий соҳадаги хабардорлик даражаси бошқа ёш тоифалари вакиллариникидан юқори.  

Ўрта ва катта ёшдаги фуқаролар учун хусусий мулк ҳуқуқининг аҳамияти ошмоқда ва бу ҳолат ушбу соҳадаги хабардорлик даражасининг юқорилигида намоён бўлади.  

Катта ёшдагилар уй-жой дахлсизлиги билан боғлиқ ҳуқуқлардан хабардорлиги билан ажралиб туради, ёшлар эса бундан етарли даражада хабардор эмас.  

Яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик, шаън ва қадр-қимматга тажовуздан, шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш каби ҳуқуқлардан барча ёш тоифаси вакиллари бирдек хабардор экани, айниқса, эътиборга молик.  

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.  

Тадқиқот давомида “Сизнинг назарингизда, кейинги бир неча йил ичида ҳуқуқий саводхонлигингиз ва ҳуқуқий маданиятингиз даражаси ошдими, ёмонлашдими ёки ўзгармадими?” деган саволга берилган жавобларда фуқароларнинг аксарияти – 79,3 фоизи яхшиланишни қайд этган.  

Бу эса, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларнинг жамиятдаги ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган маърифий тадбирлар самарадорлигини кўрсатади.  

Респондентларнинг ярмидан кўпи ўзларини ҳуқуқ соҳасидаги янги билимларга муҳтож, деб ҳисоблайди ҳамда фуқаролик ва бошқа ҳуқуқлар ҳақида хабардорликни оширишга интилади.  

Ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, бугунги кунда аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий онги ривожланган, ҳуқуқий маданияти юқори бўлган фуқаролар устувор бўлган жамиятнинг ривожланиш ва шаклланиш жараёни фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий, демократик давлатни ривожлантириш билан параллел равишда амалга оширилмоқда.  

Демак, аҳоли ҳуқуқий маданияти даражасининг ортиб бориши фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишига, сиёсий фаолликнинг ўсишига ва демократиянинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда, деб айтиш мумкин.  

Сўров иштирокчилари аҳоли билан ишлаш, фуқароларда қонунга ҳурмат ва фуқаролик масъулиятини ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган. Респондентларнинг фикрича, одил судлов тизими фуқаролар ишончидан фойдаланиши муҳим, бунинг учун у очиқ ва шаффоф бўлиши керак.  

Фуқароларнинг фуқаролик жамияти фаолиятидаги иштироки жамият ҳуқуқий маданиятининг бир қисми ҳисобланади. Респондентларнинг фикрича, фуқаролар ва нодавлат нотижорат ташкилотларини қонун ижодкорлиги фаолиятига, шунингдек, одил судлов соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширишга жалб этиш зарур.  

Сўров иштирокчилари, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация қилиш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни яхшилаш, шубҳасиз, мамлакатда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.  

Респондентларнинг фикрича, оммавий ахборот воситаларида янги қонунларнинг қабул қилиниши ва мазмун-моҳияти ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақидаги тезкор ахборот-таҳлилий материаллар, ижтимоий рекламалар тайёрлашни кўпайтириш зарур.  

Умуман олганда, жамоатчилик фикри сўрови натижалари шуни кўрсатдики, амалга оширилаётган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг роли ва аҳамиятини оширишга хизмат қилаётганини кўрсатди.  

Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг мазмун-моҳиятидан хабардор. Фуқароларнинг фикрича, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар асоси ижтимоий адолат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш ҳисобланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган.  

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech