Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида қабул қилинган “Ўзбекистон–2030” стратегияси БМТнинг “2030 йилги кун тартиби”га тўла мос келади. Айни чоғда ушбу истиқболли стратегиямиз Барқарор ривожланиш бўйича Ўзбекистон миллий мақсад ва вазифаларининг барчасини тўлиқ қамраб олади.
Ушбу Стратегиядаги 100 та устувор мақсад замирида халқимизнинг:
- Янги Ўзбекистонни барпо этиш;
- ҳар бир фуқаронинг ўз салоҳиятини ривожлантириши учун имкониятлар яратиш;
- соғлом, билимли ва маънавий етук авлодни вояга етказиш;
- жаҳон ишлаб чиқаришининг муҳим бўғини бўлган, адолат ва қонун устуворлигини, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаётган қудратли иқтисодиётни шакллантириш;
- ҳар бир фуқаронинг ўз салоҳиятини юксалтиришга бўлган интилишлари мужассамдир.
Ўз навбатида, кенг жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси ана шу кўламдор ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга оширишга қаратилган.
Лойиҳада халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масаласи ўз аксини топган. Шунингдек, унда экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарувни янада такомиллаштириш истиқболларига оид долзарб вазифалар кўзда тутилмоқда.
Жорий йил 1 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Тадбирда айни лойиҳа мамлакатимиз кенг жамоатчилиги иштирокида қизғин муҳокама қилинаётгани таъкидланди.
Фармон лойиҳаси юзасидан бир қатор амалий таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Миллий марказ ходимлари ва илмий тадқиқотчилари таклифларини умумлаштириш тавсия этилди.
Айни чоғда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) ва “Тараққиёт стратегияси” марказининг махсус онлайн порталида бу борадаги фикр-мулоҳазаларни фаол билдириб бориш муҳимлигига эътибор қаратилди. Бинобарин бу демократик жараён инсон қадрияти, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари ғояларига асосланган ҳамда "инсон – жамият – давлат" деган янги ривожланиш парадигмасига таянади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2024 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасининг атрофлича муҳокамаси Миллий марказ томонидан нафақат мамлакатимиз кўламида, балки халқаро даражада ҳам изчил олиб борилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг Қатарга амалий ташрифи доирасида ушбу мамлакатда яшаётган ватандошларимиз билан 6 февраль куни бўлиб ўтган учрашуви бунга яққол мисолдир. Мазкур мулоқот асносида Янги Ўзбекистонда инсон қадрини жойига қўйиш борасида амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-маърифий ва маданий-гуманитар ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида фикр юритилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 23-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади”.
Ушбу конституциявий нормалар Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деган ҳаққоний фикрлари билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Бинобарин, кейинги саккиз йил давомида айни ҳақиқат том маънода амалда ўз тасдиғини топмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу дастуриламал ҳужжатнинг 94-мақсади айнан “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқот тизимини жорий этиш” деб номланган бўлиб, унда бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.
«Ўзбекистон–2030» стратегиясини 2024 йил – «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни рағбатлантириш билан боғлиқ муайян долзарб вазифалар ҳам кўзда тутилган. Бу ўринда, жумладан:
- “Ўзбекистонлик ватандошлар бутунжаҳон қурултойи”ни ташкил этиш ва уни юқори савияда ўтказиш;
- “Ватандошлар” жамоат фонди ҳузурида хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларга масофадан туриб кун-тун хизмат кўрсатувчи онлайн электрон портални ишга тушириш;
- хориждаги ватандошлар орасида “Бирлашамиз” умумий чорлови остидаги маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш каби эзгу мақсадлар ҳақида сўз бормоқда.
Тадбирда сўзга чиққан ватандошлар давлатимиз раҳбарияти хориждаги ўзбекистонликларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганини эътироф этдилар. Ўзларига кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор қилдилар.
Мулоқот асносида «Ўзбекистон–2030» стратегиясини 2024 йилда амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси қўллаб-қувватланди. Қатар давлатида яшаётган ватандошларимиз лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Мухтасар айтганда, 2024 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасининг миллий ва хорижий ва халқаро кўламлардаги атрофлича муҳокамалари асносида билдирилган барча таклифлар тегишли тартибда тақдим этилаётгани ва ҳисобга олинаётгани жуда муҳим. Бинобарин, бу ҳаётий таклиф, тавсия ва фикр-мулоҳазалар келгусида Барқарор ривожланиш мақсадлари ва миллий тараққиёт йўлидаги улуғвор орзу-ниятларимиз ижобатига хизмат қилади.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 16.02.2024
- Кўришлар: 3690
- Чоп этиш