Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик: ОАВ ва медиа қандай кўзгу бўлмоқда (ижобийми ёки салбий)?

2024 йилнинг иккинчи ярмида интернет тармоғининг миллий сегментида аёллар ҳуқуқлари бузилишининг 247 та ҳолати бўйича 5122 та материал тарқатилган. Ушбу материалларнинг умумий кўришлар сони 76,6 миллионни ташкил этган.

 

Материалларнинг аксарияти Telegram (2531) ва ижтимоий тармоқларда (2042) эълон қилинган бўлиб, жинсий зўравонлик, оиладаги зўравонлик, ҳуқуқларни чеклаш, жабрланувчиларни айблаш ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари билан боғлиқ.

АОКА матбуот котиби Нигора Каримова Интернет тармоқларида хотин-қизларга нисбатан камситиш, таҳқирлаш ва зўравонлик акс этган турли контентларнинг "кенг айлантирилиши", ушбу муаммонинг олдини олишга эмас, аксинча тарғиботига кўпроқ хизмат қилишини таъкидлаган

 

Интернет оммавий ахборот воситаларида зўравонликни романтиклаштириш ва шов-шувга айлантириш унинг салбий оқибатларини жамоатчилик онгидан яшириш имконини беради. Баъзи ҳолларда жабрланувчи эмас, балки жиноятчи оқланади, шунингдек жабрланувчининг ўзи ҳам айбланади. Бу жабрланувчиларни сукут сақлашга, ҳақорат қилганларни эса жавобгарликдан қочишга ундайди.

 

Онлайн муҳитдаги салбий контент реал ҳаётга ҳам таъсир қилади. Қизлар "заиф" ва "ҳимояга муҳтож" сифатида қабул қилинади, шу сабабли аёллар ўзларини қадрсиз ҳис қиладилар, бу эса уларнинг ижтимоий фаоллигига тўсқинлик қилади.

 

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, Германия, Ҳиндистон, Франция каби давлатларда интернет ОАВ орқали зўравонликни тарғиб қилишга қарши қонуний чоралар кўрилган. Бундай комплекс ёндашув Ўзбекистонда ҳам зарур, дейилади мақолада.

Нигора Каримова бундай контентлар кўпаймаслиги ҳамда вазият тобора чигаллашмаслиги учун оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш заруратини қайд этган. –Хусусан, интернет платформаларида тарқатилаётган зўравонликни тарғиб қилувчи, хотин-қизларни камситувчи ва ҳақорат қилувчи контентга нисбатан аниқ ҳуқуқий чекловлар жорий этиш зарур, дейди муаллиф.

 

Таъкидланишича, оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва контент яратувчилари ўз маҳсулотлари учун жавобгар эканликларини тушунишлари керак. Шунингдек, интернет муҳитида мунтазам мониторинг олиб бориш ва зарур ҳолларда жавобгарлик чораларини қўллаш тизимини яратиш лозим.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги расмий канали

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech