9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Аждодларни хотирлаш ва кексаларни эъзозлаш миллатимиз тийнатига хос улуғ қадриятдир. Мамлакатимизда ҳар йили қабул қилинаётган давлат дастурларида ёши улуғ инсонлар, нуронийларимизга бўлган ҳурмат-эътибор доимо диққат марказида турибди.
Ўзбек халқи азалдан тинчликсевар халқдир. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган бой миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.
9 май – Хотира ва қадрлаш кунини умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад мужассам. Бу сана мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати тинчлик-тотувлик тарафдори эканининг яна бир яққол тасдиғидир.
Ушбу кунда 1941-1945 йиллар уруш ва меҳнат фронтида тинчлик учун курашиб ҳалок бўлган жасур ва матонатли ўғлонлар хотираси ёд этилади. Жанг майдонида жасорат кўрсатган ва фронт ортида матонат билан меҳнат қилган нуронийларимиз эъзозланиши халқимизга хос қадриятлар кўзгуси саналади.
Кунлар изидан кунлар, йиллар изидан йиллар, асрлар изидан асрлар ўтмоқда, чархи фалак айланмоқда. Бинобарин, ўтганларни хотирлаш, бугунни кечанинг ёди билан тўлдириш, орамизда яшаб турган инсонларни қадрлаш, эртанги ёруғ келажакка ишонч билан қараш – моҳиятан бир-бирига чамбарчас боғлиқ тушунчалардир.
Шу маънода, юртимизда нуронийларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш анъанага айланганлигини таъкидлаш жоиз.
Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингдан ортиқ аҳоли иштирок этган. Бу ўша вақтда юртимизда яшаган 6 миллион 551 минг нафар аҳолининг учдан бири, меҳнатга яроқли инсонларнинг қарийб 50 фоизини ташкил қилган.
Уруш майдонларидан 870 минг нафардан зиёд ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтган, 538 мингдан ортиғи эса қонли жангларда ҳалок бўлган. Ҳозирги вақтда 158 мингдан кўпроқ ҳамюртимиз урушда бедарак кетгани аниқланди.
Эл-юртимизнинг буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси учун 200 мингдан ортиқ Ўзбекистон фарзанди жанговор орден ва медалларга сазовор бўлган. Уларнинг 301 нафари Совет иттифоқи Қаҳрамони унвони билан, 70 нафари эса учала даражадаги “Слава” ордени билан мукофотланган.
Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.
Истиқлол йилларида Хотира ва қадрлаш куни чинакам миллий – умумхалқ байрамига айланди. Бу кунда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.
Ватан ибтидосидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган буюк зотлар: Спитамен ва Широқдан – Туркон Хотун ва Маҳмуд Торобийгача, Соҳибқирон Амир Темур ва Мирзо Улуғбекдан – Заҳириддин Муҳаммад Бобургача, Жалолиддин Мангубердидан – Нажмиддин Куброгача бўлган шонли аждодларимиз ёдга олинади.
Тошкент шаҳрининг марказида – Хотира майдонида очилган қадди дол Мотамсаро она сиймоси пойига битилган: “Сен доимо қалбимдасан, жигарим!” – деган сўзларни ўқиб, ҳар бир кишининг юраги ҳапқириб кетиши тайин. Чунки Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ҳар бир инсон, шак-шубҳасиз, кимнингдир жигарпораси, дарди ва армони...
Юртимизнинг барча минтақаларида, кўплаб шаҳар ва туманларда ҳам шундай Хотира майдонлари барпо этилди. Бу майдонларга ўрнатилган темир “дафтар”ларга уруш қурбонларининг номлари зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилди. Урушда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар хотирасига бағишлаб 35 жилдлик “Хотира” китоби чоп этилди.
Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг: “Хотира ва қадрлаш деганда биз, аввало, ўзимизни инсон сифатида англашни, одамийлик фазилатларини улуғлашни назарда тутамиз”, деган сўзлари замирида ана шундай ҳаётий моҳият ётибди.
Маълумки, ҳар йили мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш кунини ўтказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли фармон ва қарорлар қабул қилинади. Бу қонуности ҳужжатлар асосида 1941 – 1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик пул мукофоти топшириш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли вазирлик, идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда Ватанимиз озодлиги ва шаъни-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар, маданий-маърифий, бадиий кечалар ўтказилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 23 октябрдаги қарори ижроси доирасида 2020 йили Тошкент шаҳри марказида Ғалаба боғи бунёд этилди. Ўша йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ушбу муҳташам маскан тантанали тарзда очилди.
Ўзбекистон Президенти жорий йил 19 февраль куни бу борада муҳим бир Фармонни имзолади. Унга кўра, Давлат бюджети маблағлари хисобидан:
-
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари 10.000 (ўн минг) АҚШ доллари миқдорида;
-
уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар 25 млн. (йигирма беш миллион) сўм миқдорида;
-
1941-1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчилари 3 млн (уч миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирландилар.
Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига пухта тайёргарлик кўриш, уни юксак даражада ўтказиш, Ўзбекистон халқининг тарихий қаҳрамонлиги, фидокорона меҳнатини улуғлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқатли, бугунги тинч, осойишта ҳаётни асраб-авайлашга қодир инсонлар этиб тарбиялашни назарда тутувчи Президент қарори ҳам қабул қилинди.
Шу кунларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимиз тинчлиги, мамлакатимиз равнақи йўлида жасорат ва фидойилик кўрсатган юртдошларимизни хотирлаш, айни вақтда ҳаёт бўлган меҳнат фахрийлари ва кексаларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш тадбирлари изчил ўтказилмоқда.
Ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг яшаш жойларини таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, ушбу тоифадаги шахслар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан "Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги" юбилей медали ва бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тантанали равишда топшириш жараёнлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, мазкур тоифадаги шахсларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда уларни парвариш қилиш бўйича тегишли хизматлар йўлга қўйилди. Фахрийларимизнинг хоҳишларига кўра, уларга юртимиз ҳудудидаги санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бир марталик бепул йўлланмалар тақдим этилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, БМТ Бош Ассамблеяси 2004 йил 24 ноябрда 8 ва 9 майни Хотира ва ярашув кунлари деб эълон қилди. Бош Ассамблеянинг тегишли резолюциясида ушбу тарихий воқеа келажак авлодни уруш балосидан қутқариш мақсадида БМТни ташкил этиш учун шароит яратгани алоҳида таъкидланди.
Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Халқимиз, жумладан, ёшларимиз бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам ғалабага муносиб ҳисса қўшган, керак бўлса, жонини тиккан жасоратли аждодларимизни ҳеч қачон унутмайди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак. Бу тарихий ҳақиқатни навқирон авлодимизга тўла етказиш, фарзандларимизни миллий ғурур ва ифтихор, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишида барча мутасадди ташкилотлар, олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз фаол иштирок этишлари фарзу қарздир.
Отабек НОРБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 01.05.2025
- Кўришлар: 150
- Чоп этиш