“Ғамхўринг бўлгай у ҳар бир замонда”

“Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”.

                            Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Инсоннинг инсонлигини белгилайдиган энг асосий мезон, унинг маънавиятидир. Киши қанчалик бой ёки қудратли бўлмасин маънавий дунёқарашсиз у мукаммал эмас! 

Агар маънавиятга берилган илмий таърифларга яна бир бор эътибор қаратсак, маънавият – инсон руҳий ва ақлий оламини ифодаловчи тушунча эканлигига воқиф бўламиз. Бунга шубҳа қилмаган ҳолда алоҳида таъкидлаш жоизки, маънавият кишиларнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, ахлоқий, диний тасаввурларини ҳам ўз ичига олади. Унинг асосида “маъно” тушунчаси ётади.

Инсоннинг ташқи ва ички олами мавжуд. Бўй-бастимиз, кўринишимиз, кийиниш-у, хатти-ҳаракатларимиз ташқи оламимиз белгилари бўлса,   мақсадларимиз, фикр юритишимиз ва орзу-истакларимиз, интилишларимиз-у ҳис-туйғуларимиз ички оламимизнинг қай даражада эканлигидан далолат беради. Инсоннинг ана шу ички олами маънавиятдир. Озиқ-овқат одамга жисмоний қувват берса, маънавият унга руҳий озиқ ва қудрат бағишлайди.

Минг афсуски, маънавият одамларда шунчаки вужудга келмайди. У инсоннинг томонидан шакллантирилади, улғайтирилади, бойитилади. Маънавият инсонга  очлиг-у йўқчиликка гўзал сабрни, жаҳл-у нафсни тийиш ва енгишни, хуллас барча иллатларга қарши тура олишни кўрсатади, ўргатади. 

Ҳар бир инсон дастлабки тарбияни, яъни маънавий озуқани оилада ота-онадан олади. Кейин эса мактабга боради. Жамоада ўзини қандай тутишни ўрганади. Маънавий озуқа олишнинг, чин инсон бўлиб етишишнинг бирдан бир йўли бу китоб мутолааси ҳисобланади. Инсон камолоти ва билимининг манбаи китоб билан боғлиқ. У инсонни комиллик сари етаклайди. Дарҳақиқат, бу маънавий сарчашма фарзандларимизнинг, нафақат фарзандларимизнинг, балки китоб ўқишдан орланмайдиган, зорланмайдиган ўрта ёки кекса кишилар учун ҳам тайёр маънавият сарчашмасидир. 

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев Янги Ўзбекистоннинг Президенти сифатида иш бошлаган даврдаги имзолаган дастлабки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳам китоб ва китобатчилик тўғрисида эди. Яъни, 2017 йил 12 январда “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши имзоланганди. Ўтган вақт ичида бу йўналишда жуда катта ишлар амалга оширилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари айни соҳадаги ислоҳотларнинг изчиллигига кенг йўл очди.

Ўз навбатида, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини оммалаштиришга, аҳолида китоб ўқишга бўлган муҳаббатни уйғотиш ва барча учун кутубхона ва ахборот хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Қуйида китоб ва маънавият  бирлигини теран англаб бу йўналишда олиб борилаётган айрим жараёнлар ҳақида тўхталиб ўтамиз. 

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши кейинги йилларда бу борада жуда катта хайрли ишнинг бошини тутди. 2020 йиллардан бошлаб судьялар ҳаётига, бевосита уларнинг фаолиятларига бағишланган китоблар нашр қилиш борасида катта лойиҳага қўл урилди ва унинг натижаси ўлароқ ўтган қисқа даврда мамлакатимиз мустақил судьялар корпусини шакллантиришга муҳим ҳисса қўшадиган кўплаб китоблар ўз ўқувчилари қўлига етиб борди. Бундан кўзланган мақсад битта — мазкур китобларни мутолаа қилган ўқувчи ким бўлишидан қатъи назар китоб қаҳрамонлар ҳаётидан ўрнак олсин. Унга эргашишга ҳаракат қилсин. Айниқса, суд-ҳуқуҳ соҳасида ишлаётган,  инсонлар тақдирига дахлдор қарорлар қабул қиладиган суд тизими ходимлари бу ердаги ҳикмат дурдоналаридан баҳраманд бўлсин.

Кейинги тўрт-беш йил давомида Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан худди шу эзгу мақсадга хизмат қилувчи 10 яқин бадиий, илмий, ҳуқуқий китоблар дунё юзини кўрди. Хусусан, “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти”,  “ Уч машҳур ўзбек аёли”, “Матонатли аёл қиссаси”,  “Муносиб яшамоқ бахти”, “Шарафли йўл соҳиби”, “Саҳродай кенг, дарёдай тошқин” ва “Умрим сабоқлари” китоблари ҳуқуқшунослик соҳанинг дарғаларига айланган машҳур инсонларнинг ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилади.

Судьялар олий  кенгаши раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Холмўмин Ёдгоров умумий таҳрири остида нашр этилган “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китоби (Тошкент: “Muharrir” nashriyoti, 2021.) моҳият эътиборига кўра, ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу китобнинг ўзига хос хусусияти шундаки, биринчидан китоб судья маънавияти, одоби ва масъулиятига бағишланган бўлса-да, у фақат судьяларгагина эмас, балки ҳуқуқшунослик соҳасининг барча вакиллари (прокурорлар, ички ишлар органлари ходимлари, адвокатлар, нотариуслар)га ҳам амалий қўлланма вазифасини ўтайди.

Чунки, китобда яқин ва узоқ тарихимизда қозилик ишларининг қандай ташкил этилганлиги билан биргаликда, аждодларимизнинг ҳуқуқий қарашлари тарихи, уларнинг адолат, ҳақиқат ва инсонпарварлик тамойиллари тўғрисида батафсил сўз юритилади;

иккинчидан, китобнинг бадиий савияси ниҳоятда юксак деб айтишга тўла асос бор: “Навоий наздидаги қози”, “Бадиий адабиётда адолат талқини”, “Боболар тафаккуридаги адолат”, “Қозининг ҳалоллиги”, “Ватанни севмаганлар, биздан эмасдирлар”, “Нафс, жисм, руҳ”, “Дастуриламал ҳидоя” каби бобларида келтириб ўтилган ибратли ривоят, ҳикоят, нақл, масал ва маталлар ҳар қандай инсонни мулоҳаза қилишга чорлайди;

учинчидан, ниҳоятда самимий руҳда ёзилган мақолалар мутолааси судьяларимиз тафаккури, дунёқараши ва албатта, касбий малакаси ҳамда инсоний ахлоқининг тобланишида яқин ёрдамчига, маслаҳатчига ва амалий кўмакчига айланиши муқаррар. Зеро, китобда алоҳида қайд этилганидек, “том маънодаги адолат инсонни севишгина эмас, балки уни тушуниш, тушунган ҳолда ўзга инсон устидан холис ҳуқуқий ҳукм чиқаришдан иборатдир.”

Ушбу китоб халқимизнинг севимли адиби, таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Адолат, ҳақиқат ва поклик истаги” сарлавҳали Сўзбошиси билан бошланади. Хуршид ака, ўзининг Сўзбошисини бежиз бундай номламаган. Дарҳақиқат, китоб нашр этиш ташаббускорлари ушбу рисола орқали судьяларнинг АДОЛАТ, ҲАҚИҚАТ ва ПОКЛИК тарафдори бўлишларини чин дилдан исташади. Рамзий маънода китобда берилган ғоя ва фикрлар орқали судьяларни адолатга даъват этади... 

Хуршид Дўстмуҳаммад Сўзбошисида қуйидаги фикр-мулоҳазаларини баён этади:

“Судья у ёки бу жиноий хатти-ҳаракат ёхуд низоли ишга ҳуқуқий баҳо берар экан, қанчадан қанча омилларни, сабаб-оқибатларни тош-тарозига солиб кўради, таҳлил қилади, шундан сўнггина ҳукм ёки қарор эълон қилар экан... ўзининг устидан ҳам ҳукм чиқараётган ҳисобланади. Тасаввур қилайлик, ҳар бир суд мажлисининг якунида ўқиладиган ҳукм нафақат айбдорлар жинояти ёки қилмишига берилган ҳуқуқий баҳо, балки, айни чоғда, судьянинг ўзи томонидан ўзига берилган баҳо ҳамдир! Қўлимиздаги китоб моҳиятан ушбу ҳолат-ҳодисани “маънавият, одоб ва масъулият” деб атамоқда”. 

Китобда узоқ ва яқин тарихимизда қозилик ва суд тизими қаҳрамонларининг фаолияти, ҳаёти катта бир ибрат мактаби сифатида кўрсатилади. Уларнинг баъзилари орамизда йўқ. Баъзилари кексалик гаштини суриб издошларига намуна бўлиб юрибдилар. Тарих фақатгина дунёдан ўтган кишиларнинг қилган ишларини гапириш, уларни ёд этишдангина иборат эмас. Орамизда ўзида катта тарихни жамлаган, ўтмиши не-не китобларга жо бўлгувчи юртдошларимиз ҳам оз эмас. Кексалик гаштини суриб ёнимизда яшаётган, ҳаётий тажрибалари ва донишмандликлари билан атрофдагиларга куч-қувват бераётган кишилар ҳам талайгина. Уларнинг олаётган ҳар бир нафаси, айтаётган ҳар бир гапи бугунги ёшлар учун катта ибрат мактабидир.

Китоблар бизга дунёни жаҳолатдан, ёвузликдан қутқариб қолишни ўргатади. Кимдан ё нимадан? Албатта, инсондан, дунёни инсондан қутқариб қолиш, яъни инсонларга инсон бўлиб яшашни ўргатади. Биз замон ўзгарди дея нолиймиз аслида замон эмас, инсон ўзгарди. Яхши томонга бўлса-ку, хўп-хўп. Ёмон томонга бўлсачи...  Замон жойида турибди, лекин бугун Инсон ўз жойи — инсонийликни тополмаяпти... 

Китоблар бизга ҳаётни ўргатади, ҳар биримизни дунё сир-синоатлари ва маърифатидан баҳраманд этади. Улуғ аллома аждодимиз Шайх Нажмиддин Кубро: “Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зеб-у зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”,  деб бежизга таъкидламаган.

Ҳуқуқшунос олим сифатида ушбу китобни фақат судьялар эмас, балки барча ҳуқуқшунослар, айниқса бўлажак юристлар мутолаа қилишини тавсия этган бўлардим.

Яхшиси, ушбу китобни ўзингиз ўқинг.

Хулоса чиқариш ҳам ўзингиздан...

Акмал Саидов, академик

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech