БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси ҳисоботининг тақдимоти

5 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида БМТнинг Муносиб турар жой масалалар бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Раджагопалнинг 2024 йил 19-30 август кунлари Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича ҳисоботининг тақдимоти ўтказилди. Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тақдимотда урбанизациянинг тез суръатларда кечаётган жараёнлари шароитида инсон ҳуқуқларига риоя этиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди, жумладан, мажбурий кўчиришга дуч келган шахсларни ҳимоя қилиш кафолатлари кўриб чиқилди. Шунингдек, БМТ махсус маърузачиси Б.Раджагопалнинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича натижалардан жамоатчиликни хабардор қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда соҳага ихтисослашган вазирлик ва идоралар, суд органлари, муносиб турар жой ҳуқуқини илгари суриш ва ҳимоя қилишга қаратилган нодавлат ташкилотлар вакилларидан иборат 30 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов тақдимотни очар экан, Ўзбекистон БМТнинг фуқароларнинг муносиб ва хавфсиз уй-жойга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган барча ташаббусларига доимо ҳурмат билан ёндашишни таъкидлади. БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Б. Раджагопал жанобларининг урбанизация ва турар-жой масалаларига қаратилган конструктив тавсияларига алоҳида тўхталди.

Айни вақтда ушбу тавсияларни амалга оширишга қаратилган Миллий ҳаракатлар режаси – “Йўл харитаси” лойиҳаси устида кенг қамровли ишлар бошланган. Шу билан бирга, судьялар, ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун қўшма ўқув дастурлари ҳамда тренингларни амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда.

Бу тадбирлар давомида уй-жой низоларини ҳал этишнинг халқаро стандартлари, тамойиллари ва илғор амалиёти ўрганилиши режалаштирилган. А. Саидов таъкидлаганидек, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик фуқароларнинг уй-жой муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Омер Фишер давра суҳбатида нафақат давлат сектори, балки фуқаролик жамияти вакиллари ҳам тўпланганига эътиборни қаратди. Бундай долзарб масалаларни муҳокама қилишда инклюзив ёндашув муҳимлигини таъкидлади.

Муносиб турар жойга бўлган ҳуқуқ — инсон қадр-қиммати ва фаровон ҳаёт кечириш ҳуқуқининг ажралмас қисмидир. Ушбу масалада БМТнинг тегишли тузилмалари ва миллий институтлар ўртасидаги ҳамкорлик нафақат ҳуқуқий, балки амалий ечимлар ишлаб чиқишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Омер Фишер, жумладан, Б. Раджагопалнинг Ўзбекистонга сафари давомида кўплаб ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлганини эътироф этган ҳолда, айрим аниқ тавсияларига ҳам эътибор қаратди, уларни ҳаётга татбиқ этишда барча манфаатдор томонларнинг фаол иштирокини таъминлаш лозимлигини қайд этди. Шу муносабат билан у БМТ томонидан мазкур йўналишда кўрсатиладиган техник ва эксперт ёрдамлари давом эттирилишини маълум қилди.

Тадбир доирасида БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачи котибияти ходими Гуннар Тайсен сўзга чиқиб, Б. Раджагопалнинг ҳисоботини тақдим этди. У ташриф давомида ўтказилган учрашувлар, амалий мулоқотлар ва жойлардаги мониторинг натижалари асосида ишлаб чиқилган хулосалар ва тавсияларга алоҳида эътибор қаратди. Мазкур ҳисобот Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда мамлакатда муносиб уй-жой ҳуқуқини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Тақдимот чоғида Гуннар Тайсен БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Б. Раджагопалнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида олиб борилган таҳлиллар ва хулосаларни қамраб олган асосий йўналишларга алоҳида тўхталди.

Биринчидан, тегишли уй-жой ҳуқуқини ҳимоя қилиш – муносиб турар жойга эга бўлиш инсон қадр-қиммати ва ҳаёт сифати билан узвий боғлиқ экани, бу ҳуқуқни таъминлаш барқарор ижтимоий ривожланишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланиши таъкидланди.

Иккинчидан, уй-жой сиёсати: мавжудлиги, арзонлиги, сифати ва яшаш имконияти – Ўзбекистонда уй-жой фонди кенгайиб бораётгани ижобий баҳоланиб, турар жойлар аҳолининг барча қатламлари учун иқтисодий жиҳатдан имкониятга мос бўлиши, санитария ва хавфсизлик меъёрларига жавоб бериши зарурлиги қайд этилди.

Учинчидан, мажбурий кўчириш ва экспроприация масалалари – бундай ҳолларда қонуний асосларга таяниш, адолатли ва шаффоф компенсация механизмларини жорий этиш, инсон ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш муҳим.

Тўртинчидан, уйсизлик масаласи – уйсиз фуқароларни аниқ ҳисобга олиш, уларни вақтинчалик ва доимий турар жой билан таъминлаш чора-тадбирларини кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бешинчидан, аҳолининг алоҳида тоифалари учун уй-жой ҳуқуқи – аёллар, талабалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва этник озчиликлар (хусусан, рома/лўлилар)нинг уй-жойга тенг ва адолатли шароитда эга бўлиш имкониятини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Олтинчидан, одил судловдан фойдаланиш – уй-жой ҳуқуқи бузилган ҳолатларда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ тизими орқали ўз ҳуқуқларини тиклаш имконияти мавжуд бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Еттинчидан, БМТнинг махсус маърузачиси томонидан Ўзбекистон ҳукуматининг бу соҳадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳуқуқий, институционал ва амалий йўналишларда бир қатор аниқ тавсиялар берилди. Шунингдек, мазкур тавсиялар асосида миллий “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалга ошириш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Тадбир давомида Гуннар Тайсен иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб берди. Шунингдек, долзарб масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди ва амалий муҳокамалар ўтказилди.

Тақдимот якунида иштирокчилар уй-жой сиёсати соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech