БУДАПЕШТ, 30 июнь. /"Дунё" АА/. "Eurasia Magazine" журналида "Халқаро парламентаризм куни: глобал демократик кун тартибидаги аҳамияти, муаммолар ва истиқболлар" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, Парламентлар демократик бошқарув тизимида фуқаролар манфаатларини ифодалаш, ижро этувчи ҳокимият устидан назоратни амалга ошириш ва қонунчилик функцияларини бажариш орқали муҳим роль ўйнайди. Шу боисдан, ҳар йили 30 июнь санаси халқаро парламентаризм куни сифатида кенг нишонланади.
"БМТ расмий ҳужжатларида таъкидланганидек, кучли парламентлар демократиянинг асосидир, чунки улар халқ иродасини акс эттиради, қонунлар қабул қилади ва ҳукуматлар иш фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширади", – деб ёзилади мақолада.
Шунингдек, материалда шу йил апрель ойида Ўзбекистон пойтахтида илк бор ташкил этилган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Марказий Осиё минтақаси учун тарихий воқеа бўлгани қайд этилган.
"Ижтимоий ривожланиш ва адолат йўлида парламент фаолияти" мавзусида бўлиб ўтган форумда 130 га яқин мамлакатдан 1400 га яқин делегат, жумладан, 100 дан ортиқ миллий парламент спикерлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.
"Eurasia Magazine" журналига кўра, бугунги кунга қадар Парламентлараро Иттифоқ 181та миллий ва 15 та минтақавий парламентни бирлаштирган парламент дипломатиясининг марказий институти ҳисобланади. У гендер тенглигини илгари суради, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва барқарор ривожланишга кўмаклашади.
Мақола якунида "2025 йилда Парламентаризм куни тартибидаги йўналишлар айниқса долзарбдир. Халқаро миқиёсидаги саъй-ҳаракатлар ва эришилган ютуқларга қарамай, сиёсатда гендер тенглиги кўпчилик мамлакатлар учун ҳали ҳам амалга ошириб бўлмайдиган мақсад бўлиб қолмоқда. Фақат барча фуқароларнинг – жинси, ёши, этник келиб чиқиши ёки ижтимоий мавқеидан қатъий назар – тенг иштирокини таъминлабгина парламентлар ҳақиқатан ҳам демократик ва яшовчан институтларга айлана олади. Уларнинг жамиятнинг кўп қиррали табиатини акс эттириш, инқирозларга жавоб бериш ва барқарор ечимларни ишлаб чиқиш қобилияти XXI асрда муваффақиятли парламентаризмнинг асосий мезони бўлади", – деб таъкидланган.
- Қўшилди: 01.07.2025
- Кўришлар: 312
- Чоп этиш