Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 16-17 декабрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида Сеул шаҳрида олий даражада учрашув ва музокаралар ўтказиб, Жанубий Корея парламенти раҳбарияти ва етакчи компаниялари вакиллари билан учрашди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни қабул қилдилар. Бу ҳужжатда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш, икки халқ ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадлари ўрин олган. “Яшил” тараққиёт, рақамлаштириш ва кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати соҳалари алоҳида стратегик шерикликнинг уч муҳим йўналиши сифатида белгиланди ҳамда салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Давлат ташрифининг хусусиятлари
Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан кейинги даврда Жанубий Корея вақт синовида тобланган ишончли дўстимиз ва ҳамкоримизга айланди. Ушбу мамлакат бугунги кунда Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасидаги шериклари сафида тўртинчи ўринни эгаллаб тургани ҳам шундан далолатдир.
Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига иккинчи давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги алоҳида стратегик ҳамкорлик ва халқларимизнинг дўстона муносабатларида янги даврни бошлаб берди. Сўнгги йилларда узвийлик ва кўламдорлик касб этаётган самарали ҳамкорлик алоқаларимиз алоҳида стратегик даражага кўтарилишига хизмат қилди.
Шу ўринда мазкур ташрифнинг қуйидаги ўзига хос хусусиятларига эътибор қаратмоқчиман:
биринчи хусусияти: Президентлар учрашувлари фаол ва мунтазам тус олган бўлиб, бу сафар икки мамлакат раҳбарлари тўртинчи маротаба олий даражада учрашдилар. Ушбу олий даражадаги учрашув аввалги мулоқотлар асносида эришилган келишувлар самараларини сарҳисоб этиш ва ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб олиш имконини берди;
иккинчи хусусияти: ушбу давлат ташрифи мисолида, пандемия шароитидан қатъи назар, ҳамкорлик муносабатларимиз сусаймагани, тўхтамагани, аксинча, муттасил ривожланиб бораётгани баралла намоён бўлди;
учинчи хусусияти: давлат ташрифи ўзаро мулоқотларимизнинг мантиқий давоми бўлди. Ўзбекистон Президенти коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда Жанубий Корея мамлакатимизга улкан ёрдам кўрсатганини эътироф этар экан, бундай кўмакка фақат дўстлар қодир эканини таъкидлади;
тўртинчи хусусияти: ўзбек-корейс муносабатлари ўзаро қатъий ишонч асосида алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, яқин ва самимий дўстона муносабатлари ҳосиласидир;
бешинчи хусусияти: давлат ташрифига пухта тайёргарлик кўрилди. Корейс ҳамкорларимиз томонидан биз илгари сурган бирон-бир таклиф рад этилмади. Жанубий Корея томони Ўзбекистонни барча жабҳаларда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди;
олтинчи хусусияти: давлат ташрифи жуда самарали бўлди. Қўшма баёнот ва бир қатор янги йўналишларда келишувларга эришилди;
еттинчи хусусияти: давлат ташрифи асносида ўзаро ҳамкорлик алоқаларимизни янги поғонага кўтариш учун муҳим замин яратилди;
саккизинчи хусусияти: давлат ташрифига Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари катта эътибор қаратди. Жумладан, “Korea Post” журнали алоҳида сонини Ўзбекистон Президенти давлат ташрифига бағишлади. Журнал муқовасида ушбу эътироф ўз аксини топди: “Президент Шавкат Мирзиёев – давримизнинг етук лидери”.
Шунингдек, “Korea Times” газетасида: “Ўзбекистон раҳбарининг минтақавий сиёсати – бутун Мрказий Осиёнинг янгиланиш сиёсатидир”, дея юксак баҳо берилди. Бошқа босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ҳам ташриф доирасидаги тадбирлар изчил ва батафсил ёритиб борилди.
Парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш йўлида
Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқалар янги босқичга кўтарилди. Президентларнинг мунтазам учрашувлари бунга муҳим туртки бўлди. Натижада парламентларимиз раҳбарларининг ўзаро ташрифлари доимий тус олди.
Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок таъбири билан айтганда, “Парламентлар икки томонлама муносабатларнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшиши керак”.
Биринчидан. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикаси парламенти Спикери билан учрашуви чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари доирасида ҳар томонлама, шу жумладан парламентлараро ҳамкорлик йўналишида самарали сиёсий мулоқот ва алоқалар фаол давом эттирилаётгани алоҳида таъкидланди.
Пандемия шароитида ҳам парламентларимизнинг икки томонлама ва халқаро парламентлараро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик муносабатлари жадал ривожланмоқда. Парламентларимиз вакиллари томонидан кейинги тўрт йилда 8 марта ўзаро расмий ташрифлар амалга оширилган.
Давлатимиз раҳбарининг Корея Республикаси парламенти Спикери билан учрашувида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва фаоллаштириш юзасидан батафсил фикр алмашилди. Пак Бён Сок Ўзбекистон билан алоҳида стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратишини билдирди.
Иккинчидан. Мулоқот асносида Ўзбекистон Президенти мезбон томонни Сеулда Осиё-Тинч океани парламентарийлари форуми муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаб, Ўзбекистон парламенти ушбу Форумда кузатувчи сифатида иштирок этиш истагида эканини билдирди.
Ўз навбатида, Пак Бён Сок ҳозир Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси мазкур Форумда раис қилаётгани ва мамлакатимизни бу йўналишда тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Пак Бён Сокнинг фикрича, парламент аъзолари икки томонлама кун тартибидаги масалаларни фаол илгари суришлари ва олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар самарали бажарилишида жонкуяр бўлишлари лозим. Шу жиҳатдан, парламент дипломатиясини янада кучайтириш ўринлидир.
Учинчидан. Ўзбекистон-Жанубий Корея муносабатларини мустаҳкамлашда парламентлараро “дўстлик гуруҳлари” муҳим ўрин тутади. Жорий йил июнь ойида уларнинг онлайн учрашуви бўлиб ўтди.
Корея Республикаси парламенти вакиллари келгуси йилда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Жаҳон мамлакатлари парламентларининг аёл спикерлари саммитида иштирок этишини тасдиқлади. Шунингдек, қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суришнинг янги институционал механизмларини жорий қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Коронавирус билан боғлиқ шароитлар енгиллашишига қараб, Ўзбекистон парламентлар ташаббуси асосида минтақалараро форум ўтказишни режалаштирмоқда. Томонлар бу борада ҳамкорлик қилиш ҳамда “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасидаги яқин мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Тўртинчидан. Пак Бён Сок 2022 йилда тарихий саналар – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва корейс диаспораси Ўзбекистонда истиқомат қилишининг 85 йиллигини кенг нишонлаш бўйича тадбирлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Мулоқот асносида Президентимиз Олий Мажлис Сенатида Жанубий Корея билан ҳар томонлама алоқаларни ривожлантиришга масъул махсус Қўмита тузишни таклиф қилди. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари лавозими жорий этилиб, тегишли агентлик ташкил қилинади. Мазкур лавозимга тайинланадиган мансабдор шахс Сенат олдида ҳисобдор бўлади. Парламент назорати тартибида ҳар чоракда икки томон вазирларининг ҳисоботларини эшитиш тартиби йўлга қўйилиши ҳам мақсадга мувофиқ.
Парламентлараро алоқаларимиз истиқболлари, ўз навбатида:
- парламентлар раҳбарларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш;
- икки давлат раҳбарлари ва ҳукуматлари томонидан келишилган шартнома ва битимлар ижроси устидан “дўстлик гуруҳлари” ва тегишли қўмиталар томонидан самарали парламент назоратини амалга ошириш;
- имзоланган икки томонлама ҳужжатлар ратификация қилинишини тезлаштириш;
- халқаро парламент ташкилотларида ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш;
- сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиш;
- Миллий Ассамблея вакилларини Ўзбекистонда ташкил этиладиган халқаро тадбирларга таклиф этиш;
- халқаро ва минтақавий ташкилотлар мажлислари ва конференцияларда ўзаро бир-бирини қўллаш ва ягона ёндашувни илгари суриш каби долзарб вазифалар изчил бажарилишини таъминлаш тақозо этилади.
Шу ўринда Ўзбекистон парламентининг ибратли жиҳатлари ҳам эътироф этилди. Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида хотин-қизлар 19 фоиздан иборат бўлгани ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзолари таркибининг 32 фозини – аёллар, 6 фозини эса ёшлар ташкил этади.
Шундай қилиб, мазкур ташриф Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатди ва бу юксак салоҳиятдан амалий фойдаланиш талаб этилади. Бинобарин, парламентлараро алоқалар икки томонлама муносабатларнинг муҳим таркибий қисмидир.
Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси Спикери парламент дипломатияси тўғрисида
Президентимиз билан ҳамсуҳбат бўлган Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикерининг шахсияти ҳақида мухтасар сўз юритамиз. Бинобарин, у ўз юртида меҳнатсевар депутат, сўзи билан иши уйғунлигига амал қиладиган талабчан раҳбар, матбуотга очиқ, оилапарвар, жуда босиқ-вазмин инсон сифатида маълум ва машҳур.
Пак Бён Сок парламент Спикери сифатида ўз фаолиятининг учта асосий йўналишини белгилаб олган:
биринчи йўналиш – аҳолини коронавирус пандемиясидан ҳимоя қилиш;
иккинчи йўналиш – халқ билан ҳамжиҳат ишлайдиган парламент ишини ташкил этиш;
учинчи йўналиш – ўз халқининг барқарор келажагига йўл очадиган парламентга асос солишдир.
Шунингдек, Пак Бён Сок Конституцияни ислоҳ қилиш ғоясини фаол илгари сурмоқда. У дунёда парламент дипломатиясини кенгайтириш тарафдори бўлган замонавий сиёсатчилардан ҳисобланади. У Швеция, Германия, Вьетнам, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн каби кўплаб хорижий мамлакатларга мунтазам ташриф буюради.
Айниқса, Пак Бён Сок жорий апрель ойида мамлакатимизга амалга оширган ташрифини мамнуният билан тилга олди. “Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ўз миллатининг Буюк Сардори деб биламан”, деди Жанубий Корея парламенти етакчиси.
Жанубий Кореяда Ўзбекистон Президентининг мамлакат ҳаёти барча соҳаларини модернизация қилишга қаратилган шиддатли ислоҳотларини тўла қўллаб-қувватлайдилар. Пак Бён Сокнинг эътироф этишича, “айнан Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва раҳбарлигида Ўзбекистонда янги давр – самарадорлик (конструктивизм) ва тараққиёт даври бошланди”.
Ўзбекистон Президентининг моҳирона ва изчил сиёсати туфайли қисқа фурсатда Марказий Осиёда янги геосиёсий муҳит вужудга келди. Ўзбекистон минтақавий транспорт ва молия марказига айланди. Ўзбекистоннинг гендер сиёсати эса хорижий давлатлар учун намуна бўлишга муносибдир. Буларнинг барчаси “Ўзбекистон Президенти минтақадаги энг фаол давлат раҳбари эканини ёрқин исботлаб турибди”.
Мулқот давомида Ўзбекистон Президенти алоҳида стратегик шерикликдан иттифоқчилик асосидаги ҳамкорликка ўтиш ғоясини ҳар томонлама асослаб берди. Бунга жавобан Корея парламенти Спикери: “Мен билган давлат арбоблари ичида Сиз энг моҳир дипломатсиз”, дея Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ғоясини ёқлаб келтирган далилларини эътироф этди.
“Электрон парламент”: Жанубий Корея тажрибаси
Жанубий Корея парламенти Ўзбекистонда “Электрон парламент” механизмларини жорий қилишга кўмаклашишга тайёр. Бу ҳақда сўз борганда, Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида самарали қонун ижодкорлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун татбиқ этилган “Электрон парламент” тизими ҳақида мухтасар тўхталиш лозим. Бу тизим:
биринчидан, мажлислар залида ялпи сессияларни замонавий рақамли технологиялар асосида ўтказиш тартиби;
иккинчидан, қонун ижодкорлигига доир маълумотларни тарқатишнинг электрон усули;
учинчидан, қонун лойиҳаларини рақамлаштириш тажрибаси;
тўртинчидан, видеоконференц-парламент алоқасини қўллашдан иборат.
Ўз навбатида, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси кутубхонасининг фаолияти ҳам таҳсинга сазовор. Кутубхона асосан қонунчилик тўпламлари ва қонун ҳужжатларини тўплаш ҳамда сақлаш, даврий нашрлар, турли адабиётлар, ижтимоий тадқиқотлар бўйича интерфаол материалларни чоп этиш билан шуғулланади.
Парламент кутубхонаси мутахассислари томонидан мамлакатнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органлари фаолиятини таҳлил қилади ва бу борада муайян баҳо бериладиган статистик маълумотлар кенг тарақатилади. Кутубхонага келиб тушадиган барча маълумотлар Интернетга жойлаштириб борилади ва улардан ҳамманинг эркин фойдаланиши таъминланади.
Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг яна бир муҳим тармоғи – Тадқиқотлар хизмати бўлиб, бир томондан, у Миллий Ассамблеяга келиб тушадиган сўровларни ўрганади. Иккинчи томондан эса, қонун ижодкорлиги ва сиёсий масалаларга тааллуқли ахборотларни жамлаш, саралаш ва тарқатиш ишларини амалга оширади.
Шу нуқтаи назардан, Жанубий Корея грантлари ҳисобига Олий Мажлис фаолиятига янги ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишда Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш айни муддаодир.
Қолаверса, Миллий Ассамблея кутубхонаси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланиши ва миллий парламентимизда худди шундай кутубхона фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳуқуқий саводхонликни ошириш, қонунларни аҳолига етказиш ишларида катта натижадорликка эришиш имкониятларини оширади.
Жанубий Корея парламентининг қонун ижодкорлиги, сайлов тизими ва конституциявий ислоҳот, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш борасидаги тажрибасини ўрганиш ҳам мақбулдир. Шунингдек, гендер сиёсати ва фуқаролик жамияти институтларини равнақ топтириш, инклюзив таълимни жорий қилиш, минтақа ва қишлоқларни ривожлантириш ҳамда “Электрон парламент” лойиҳасини амалга оширишдаги илғор натижалари алоҳида эътиборни тортади.
Маданий-маърифий соҳада ҳамкорлик: кеча, бугун, эртага
Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, биз Жанубий Корея мамлакати ва корейс халқига алоҳида бир самимият билан қараймиз. Давлатларимиз ўртасидаги олис масофадан қатъи назар, корейс халқи менталитети, маънавий қадриятлари ва анъаналари билан бизга жуда яқиндир.
Халқимиз корейс халқининг ажойиб инсоний фазилатларини юксак қадрлайди. Бу ўринда, албатта, меҳнатсеварлик ва интилувчанлик, фидойилик ва мардлик, қудратли маънавий шижоат ва юксак интеллектуал салоҳият ҳақида сўз бормоқда.
Эътиборлиси шундаки, Корея Республикасининг расмий шахслари ҳам халқларимизни тарихий ришталар, ўхшаш анъаналар, маънавий ва маданий яқинлик бир-бирига боғлаб туришини эътироф этдилар.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон билан Жанубий Корея географик жиҳатдан бир-биридан узоқ бўлса-да, халқларининг кўнгли яқин, тинчлик ва тараққиёт йўлида мақсади муштарак давлатлардир. Тарихий манбаларга қараганда, мамлакатларимиз Буюк ипак йўли замонларидан буён ўзаро борди-келди қилади.
Бунга биргина мисол: Самарқанддаги Афросиёб музейида сақланаётган деворий суратларда VII аср ўрталарида Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея элчисини қабул қилиш маросими акс этган.
Яна бир муҳим тарихий далил: Мирзо Улуғбек бобомизнинг “Зижи Кўрагоний” асарида тавсифланган юлдузлар жадвали Чосон давлатида қадимги корейс тақвимини тузиш учун асос бўлиб хизмат қилган.
ХХ асрнинг шафқатсиз 1937 йили корейс миллатига мансуб 74,5 минг нафар инсон Узоқ Шарқдан Ўзбекистонга депортация қилинганини халқлармиз ҳали ҳам унутмайди. Бу ерда улар ўзларининг иккинчи Ватанини топдилар.
Оғир ва машаққатли замонларда ўзбек халқининг меҳрибонлиги, бағрикенглиги ва инсонпарварлиги мажбуран кўчириб келинган корейсларнинг кўп миллатли жамиятимизда ўз муносиб ўрнини топишига далда ҳамда кўмак бўлди. Бугунги кунда корейс диаспораси томонидан Тошкентда “Ўзбек халқига миннатдорлик ёдгорлиги” ўрнатилган.
Ўзбекистонда 80 йилдан ортиқ вақт давомида корейс диаспораси ўз маданияти, урф-одатларини сақлаб қолган ва бунинг учун мамлакатимизда зарур барча шароитлар яратилган. Юртимизда Корейс маданияти ва санъати уйи барпо этилган.
Ўзбекистонда корейс халқининг тарихи, тили, маданияти, кино санъати, замонавий мусиқаси ва миллий таомларига қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Юртимиз таълим муассасаларида корейс тилини ўрганувчи ёшлар, ўз навбатида, Жанубий Кореяда ўзбек тилини ўрганишга бел боғлаган талабалар сони кўпайиб бораётгани қувонарлидир.
Масалан, Корея Республикасининг Пусан, Тэгу, Ханкук университетларида ўзбек тили ўргатилмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг еттита олий ўқув юртида талаблар корейс тили бўйича сабоқ олмоқдалар.
Шу ўринда Евроосиё ва туркий тиллар институти раҳбари О Ин Кёнг хоним Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили ва адабиёти бўйича доктори эканини қайд этиш лозим. Айни вақтда ташриф доирасида Сеул шаҳрида машҳур корейс адиби Ли Мун Ёл қаламига мансуб “Олтин қанотли қуш” китобининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти ўтказилгани бу борада янада муҳим аҳамият касб этди.
Айниқса, Сеул шаҳри марказида улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали очилгани ҳар икки халқ маънавий ҳаётида улкан тарихий воеқа бўлди. Токио, Шанхай, Вашингтон, Москва, Минск, Боку, Мозори-Шариф, Ўш, Душанбе каби шаҳарлари қатори дунёнинг яна бир гўзал шаҳрида атоқли аждодимиз хотирасига кўркам ёдгорлик очилиши Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ва давлатимиз раҳбарининг мазкур мамлакатга давлат ташрифига бағишланди.
Давлатимиз раҳбарининг ташрифи доирасида маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш борасида муҳим келишувларга эришилди. Бунда, жумладан, Ўзбекистон Корея Республикасининг рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, “ақлли шаҳарлар”, аутсорсинг, алоқанинг янги авлоди ва интернет-технологиялар борасидаги ютуқларидан ўз амалиётида фойдаланишдан манфаатдорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Жанубий Корея томони қонун устуворлиги, минтақавий хавфсизлик, диний бағрикенглик, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, гендер тенглик соҳасидаги ислоҳотларимизни қўллаб-қувватламоқда.
Мамлакатларимиз соғлиқни сақлаш, мактабгача, ўрта ва олий таълим соҳаларида жиддий ҳамкорлик қилмоқда. Тиббиётда амалга оширилган илк йирик қўшма лойиҳа натижасида ўтган йилдан буён Тошкент шаҳрида Болалар кўп тармоқли клиникаси фаолият юритмоқда.
Бу ерда келгусида ёши улуғлар учун клиника, онкология маркази ва тиббиёт университетини ўз таркибига оладиган ноёб тиббиёт кластери бунёд этилади.
Корея Республикасининг таълим модели дунёдаги энг намунали тажрибалардан биридир. Айнан шу боис юртимиз мактабгача таълим тизими Кореядаги ҳамкорларнинг илғор тажрибаси ва билимлари асосида тўлиқ ислоҳ қилинди. Мамлакатимизда Жанубий Кореянинг бешта етакчи олий ўқув юрти филиали ишлаб турибди.
Ўзбекистон Президенти университетлар ўртасидаги инновацион ҳамкорликни ривожлантириш муҳим эканини таъкидлаб, уларнинг мунтазам мулоқоти учун доимий майдон яратиш, келгуси йилда икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари форумини ўтказишни таклиф қилди.
Музокаралар чоғида пандемиядан кейинги даврда туризм соҳаси иқтисодий ўсиш локомотивларидан бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Ўзбекистон Корея компанияларининг меҳмонхоналар ва инфратузилма объектлари қурилиши билан боғлиқ лойиҳалардаги иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёр.
Давлатимиз раҳбари 2022 йилни “Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилишни, Тошкентда Корейслар тарихи музейи ҳамда Корейс маданият ва санъат уйи қошида кутубхона ташкил этишни таклиф этди. Бу таклифлар Жанубий Корея Президенти ва парламент Спикери томонидан қўллаб-қувватланди.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
- Қўшилди: 21.12.2021
- Кўришлар: 3708
- Чоп этиш