Мазмунли ва самимий ўтди

 Янги Ўзбекистоннинг ҳар томонлама баркамол, билимли ва зукко ёшларини тарбиялашда ижтимоий фаол, зиёли ҳамда обрўли кекса авлод вакиллари,  фахрийларимизнинг бой ҳаётий тажрибаси муҳим ўрин тутади.

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари фахрийлари кенгаши томонидан ҳам ўз давомчиларига шахсий ибрат ва намуна  кўрсатиш орқали улар қалбида Ватанни севиш, ардоқлаш ҳамда юрт эртаси учун дахлдорлик ҳиссини шакллантириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, фахрийлар кенгаши ташаббуси билан Амир Темур номидаги Давлат хавфсизлик хизмати академиясида ташкил этилган давра суҳбати мазкур тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди.  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов иштирок этган мазкур давра суҳбати  “Инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусига бағишланди.

Академия раҳбарияти, фахрийлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда курсантлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда  инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари, сўз ва виждон эркинлигини таьминловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасининг яратилиши ҳамда бу борадаги жаҳон тажрибаси ҳақида сўз юритилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга батафсил жавоб олдилар.

Тадбир давомида шахсий таркибнинг китобхонлик маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш мақсадида академик Акмал Саидов томонидан Академия кутубхонаси учун ҳуқуқшуносликка оид 120 дан ортиқ китоб совға қилинди, деб хабар берди “Ватанпарвар” газетаси.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech