2022 йил 12 январь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамкорлигида кенг жамоатчилик билан мулоқот ўтказилди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати маълум қилишича, ушбу тадбирдан мақсад – Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасини муҳокама қилиш ҳамда экспертлар иштирокида бу борадаги таклиф ва тавсияларни умумлаштиришдир.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясинининг муҳим жиҳатларига тўхталди.
Маълумки, сўнгги беш йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, Президентимизнинг 4 мингдан зиёд қарор ва фармони қабул қилинди. Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш йўналишида ташқи савдо, молия ва солиқ сиёсатини эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудудларни жадал ривожлантиришни таъминлашни бўйича амалий чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Эндиликда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, иқтисод тармоқларини трансформация қилиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш мақсадида Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳани кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш давом этмоқда. Фуқароларга ўз таклифларини билдириш имкониятлари ҳам яратилди.
Тараққиёт стратегияси лойиҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” умумий тамойилини бирлаштирувчи 7 та устувор йўналиш бўйича 94 та муҳим вазифа белгиланган. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш шулар жумласидандир.
Янги стратегия доирасида 23 та янги дастур ва концепцияларни қабул қилиш, 13 та янги қонун ва 12 та кодекс, шу жумладан, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Бу фуқаролик жамияти институтларининг муҳим пойдеворини ташкил этадиган ҳужжат бўлади.
Тадбирда давлат ва жамият қурилишини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ тизимини, ижтимоий соҳани либераллаштириш, прагматик ташқи сиёсат юритиш бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар баён этилди. Муҳокамалар давомида эътироф этилганидек, Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки глобал миқёсдаги муносабатларга киришмоқда, глобал масалаларда ўзининг ташаббуслари билан чиқмоқда ва нуқтаи назарларини билдирмоқда.
Жамоатчилик билан мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари офлайн ва онлайн тарзда иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.01.2022
- Кўришлар: 2908
- Чоп этиш