2022 йил 2 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги ташқи сиёсатнинг устувор мақсад ва вазифаларини амалга оширишда парламентнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо ва инвестициялар вазирлиги, Марказий Осиё Халқаро институти, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очди.
Таъкидланганидек, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” 2026 йилгача бўлган бунёдкорлик жараёнини қамраб олади ва йилма-йил амалга ошириб борилади. Тараққиёт стратегиясида еттита устувор йўналиш белгилаб олинган бўлиб, ҳар бир йўналиш замирида инсон қадрини таъминлашдек улуғ мақсад мужассам. Келгусида Тараққиёт стратегияси доирасида бир қатор концепция ва дастурлар, 13 та кодекс, 12 та қонун ва ўнлаб қонун ҳужжатлари қабул қилиниши кўзда тутилган.
Тараққиёт стратегиясида кўпгина соҳалар қатори мамлакатимизнинг очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсати билан боғлиқ бир қатор мақсад ва вазифалар ҳам қамраб олинган. Хусусан:
- мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини ошириш;
- Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш;
- анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш;
- ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиш;
- иқтисодий дипломатияни кучайтириш;
- Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятини кенгайтириш белгиланган.
Шунингдек, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Евроосиё Иқтисодий иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, Жаҳон ҳамжамияти аудиториясида мамлакатимиз имижини оширишга қаратилган ахборотлар етказиш самарадорлигини ошириш, ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини, хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ва консуллик муассасаларимиз томонидан Ўзбекистоннинг чет эллардаги фуқароларига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш назарда тутилган.
Давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, Тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган мақсадларда Марказий Осиё халқлари ўртасида яқин қардошликни қадрлаш, қўшни мамлакатлар билан манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиш бўйича муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган. Бу, ўз навбатида, Олий Мажлисга шу йўналишда қабул қилинган давлатлараро шартнома ва аҳдлашувларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши устидан парламент назорати ўрнатиш масъулиятини юклайди.
Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистоннинг БМТ органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, иқлим, экология, терроризм, коррупция, миграция, камбағаллик каби глобал муаммоларни ҳал этиш борасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш вазифаси қўйилган.
Айниқса, Ўзбекистон раҳбариятининг БМТ доирасидаги ташаббусларини амалга оширишни таъминлаш, БМТ ва унинг муассасалари билан иқтисодий-молиявий ва консультатив ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу вазифаларнинг ижро этилишида ҳам парламентнинг ролини янада ошириш зарур.
Тараққиёт стратегиясида яна бир муҳим масалага катта эътибор қаратилган бўлиб, бу – мамлакатимиз ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришдир.
Давра суҳбати иштирокчилари ушбу муҳим вазифани амалга ошириш учун барча манфаатдор вазирлик ва идораларнинг саъй-ҳаракатларини сафарбар қилиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Фақат самарали идоралараро ҳамкорлик орқалигина ушбу вазифани тўла-тўкис амалга ошириш мумкин.
Тадбир якунида Президентимизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида белгиланган Ўзбекистон Республикасининг очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсати билан боғлиқ мақсадларни амалга оширишда Олий Мажлис олдида турган долзарб вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.02.2022
- Кўришлар: 3172
- Чоп этиш