2022 йил 14-15 февраль кунлари “Глобаллашув шароитида ҳозирги замон Осиё конституционализмининг ўзига хос хусусиятлари ва ўзгариш суръатлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ҳар йили ўтказиладиган конференциянинг бу галги ташкилотчилари Осиё Ҳуқуқий алмашинувлар маркази ва Япониянинг Нагоя университети ҳузуридаги Ҳуқуқ олий мактаби ҳисобланади.
Мазкур анъанавий анжумандан кўзланган мақсад – кейинги ўн йилликлар давомида Осиё қитъаси мамлакатларида конституционализм барпо этиш борасида эришилган натижалар юзасидан ўзаро ахборот ва тажриба алмашишдан иборат.
Анжуманда Осиё ва Европанинг ўн бешдан ортиқ мамлакати академик ҳамжамиятлари ва университетлари вакиллари иштирок этди.
Анжуманнинг биринчи куни Евроосиё маконидаги мамлакатлар конституциявий тараққиёт истиқболлари муҳокама қилинди. Унда Россия, Буюк Британия, Германия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан етакчи мутахассислар сўзга чиқдилар.
Конференция ишида мамлакатимиздан – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов етакчи эксперт ва маърузачи сифатида иштирок этди.
Академик А.Саидов анжуман иштирокчиларига ҳозирги дунёда Конституциянинг тутган ўрни ва аҳамияти, шунингдек, конституциявий ислоҳотларнинг асосий моделлари тўғрисида сўзлаб берди. У Марказий Осиё мамлакатлари конституциявий тараққиётининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида фикр юритар экан, Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасига алоҳида тўхталди.
Мамлакатимизда Асосий Қонунни қабул қилиш жараёни икки босқичли умумхалқ муҳокамаси орқали амалга оширилган. Шу тариқа Бош Қомусимиз том маънода халқчил асосий ҳужжатга айланган.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Конституциясига 16 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. 2021 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайловининг сайловолди жараёнларида жамоатчилик вакиллари томонидан келгусида Конституциянинг айрим институтлари ва нормаларини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Бу ўринда, жумладан, хусусий мулкнинг дахлсизлиги кафолатларини янада кучайтириш, ерга эгалик ҳуқуқини мустаҳкамлаш, шунингдек, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқароларнинг эколгияга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари назарда тутилган.
Анжуманнинг иккинчи кунида Корея Республикаси, Хитой, Сингапур, Индонезия, Таиланд каби Осиё давлатлари вакиллари маърузаси тингланиб, бутун Осиё минтақасидаги конституционализмнинг хусусиятлари ва тараққиётига оид масалалар кўриб чиқилди.
Анжуман иштирокчилари ушбу конференциянинг Осиё мамлакатларида конституциявийликни барпо этиш ва ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш жараёнига қўшган ҳиссасини юқори баҳоладилар.
Конференция давомида Осиё ҳуқуқий алмашинувлар маркази томонидан тайёрланган “Евросиёда замонавий конституциявийлик динамикаси: маҳаллий мерослар ва глобал тенденциялар” (Берлин, 2022) китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.
- Қўшилди: 16.02.2022
- Кўришлар: 2627
- Чоп этиш