Аввал маълум қилинганидек, Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг онлайн шаклдаги 71-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий маърузаси уч кун давомида кўриб чиқилди. Ушбу муҳокама жараёнларида мамлакатимиз делегацияси билан бир қаторда, Даврий маърузани тайёрлашга ҳисса қўшган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.
БМТ Қўмитаси йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази онлай-студиясидан қатнашган Ўзбекистон ногиронлар жамияти раисининг биринчи ўринбосари Ботир Омонтурдиев ўз таассуротларини сўзлаб берди:
- Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан буён ногиронлиги бўлган шахслар давлатимиз ва жамиятимизнинг алоҳида диққат марказида бўлиб келмоқда. Айни чоғда, 2017 йилдан бошлаб Ҳаракатлар стратегияси доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган шахсларга бўлган эътиборни тубдан оширишига қаратилган бир қанча қонун ҳужжатларини имзолади.
Айниқса, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этди. БМТнинг Ногиронлар тўғрисидаги конвенцияси Ўзбекистон томонидан ратификация қилингани ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳсидаги ислоҳотлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқди.
БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг 71-сессиясида Ўзбекистоннинг Учинчи даврий маърузаси кўриб чиқилиши жараёнида иштирок этар эканман, айни шу фикрлар хаёлимдан кечди. Ўтган қисқа даврда мамлакатимизда фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш йўлида изчил чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, юртимизнинг ногиронлиги бўлган инсонларини рози қилишга қаратилган кўплаб хайри ишлар қилинмоқда. Бу ҳақда сўз борганда, хусусан, кейинги беш йилда ногиронлар, кўзи ожизлар, карлар жамиятларининг ишчи-ходимлари давлат субсидияси орқали иш ҳақи билан таъминланганини бир амалий мисол сифатида келтиришим мумкин.
Дастлаб Ҳаракатлар стратегияси, эндиликда Тараққиёт стратегияси доирасида қабул қилинган қонунлар, Президентимиз фармон ва қарорларига асосан, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, оғир шароитга тушган оилалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар томонлама имтиёзлар, шарт-шароитлар, қулайликлар доимий равишда яратиб берилмоқда.
Таълим соҳасида, имтиёзли уй-жой олишда, ишга жойлашиш ва маданий ҳуқуқларимизни истифода этиш соҳаларида ҳам барча шароитлар муҳайё этилмоқда.
Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, БМТ Қўмитаси йиғилишида халқаро экспертлар билдирган фикр-мулоҳазалар Ўзбекистонда амалдаги миллий қонунлар ва халқаро шартномалар талаблари мақбул даражада бажарилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Айтайлик, ушбу муҳим глобал саммитда эркин иштирокимиз таъминлангани ҳам Ўзбекистон раҳбариятининг, бир томондан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга интеграциялашиш жараёнини жадаллаштиришга қаратилгани сиёсатидан далолат бўлса, иккинчи томондан, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини англатади.
Қолаверса, бу – давлатимизнинг Ватанимиз фуқароларининг сиёсий, шахсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, борингки, барча ҳуқуқларини камситишларсиз амалга ошириш тамойилига сўзсиз риоя қилинишига қатъий содиқлигини яққол кўрсатиб турибди.
Ойдин Иброҳимова ёзиб олди
- Қўшилди: 25.02.2022
- Кўришлар: 2629
- Чоп этиш