Челябинскда “Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди

Жаҳоннинг турли мамлакатларида академик Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби тақдимотлари бўлиб ўтмоқда. Жорий йил бошидан буён Россия шаҳарларида ташкил этилаётган тақдимот тадбирлари шулар жумласидандир.

2020 йил 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги тадбирлари доирасида Тошкент шаҳрида “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтганди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғоялари, халқимизнинг  бунёдкорлик  салоҳияти  билан  ушбу  бетакрор  мажмуани қуришдек эзгу ташаббус замирида халқимизнинг беаёв жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаб, камол топтириш мақсади ўз мужассамини топган.

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси тимсолида тинчликсеварлик ва инсонпарварликнинг ўзбекона фалсафаси амалда ёрқин намоён бўлган. Халқона тинчликпарвар сиёсатга бундай янгича, бунёдкорона ёндашув, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият ҳамдир.

Шу маънода, 2021 йилда “Тасвир” нашриёти билан ҳамкорликда «KOLORPAK» МЧЖ босмахонасида юксак дид ва замонавий матбаа дизайни асосида ўзбек, инглиз ва рус тилларида катта ададда чоп этилган “Ғалаба боғи фалсафаси” номли салмоқли китоб пойтахтимизда муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси очилганининг 1 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига қараганда, 2022 йил 22 февраль куни мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Челябинск шаҳридаги Жанубий Урал давлат университетининг анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ғалаба боғига бағишланган мазкур китобнинг навбатдаги тақдимоти ўтказилган.

Тадбирда Челябинск вилоятининг Иқтисодий тараққиёт вазири Н.Лугачева, Челябинск вилояти Қонунчилик палатасининг Ижтимоий сиёсат қўмитаси раҳбари И.Егоров, Челябинск вилояти таълим вазири ўринбосари Е. Сидорчук, Жанубий Урал давлат университети, Жанубий Урал давлат аграр университети, Жанубий Урал давлат тиббиёт университети ректорлари, Челябинск давлат маданият институти проректори, Челябинск вилояти маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш қўмитаси раиси А. Федичкин, Челябинск вилояти архив ишлари қўмитаси раиси С.Иванов, Жанубий Урал савдо-саноат палатаси раисининг вице-президенти И.Аристов, Челябинск ва Курган вилоятлари мусулмонлари идораси раиси Р. Раев, Челябинск вилоятининг бир қатор музей ва кутубхоналари раҳбарлари, бизнес, ишбилармон доиралар ва жамоат вакиллари, шунингдек, Жанубий Урал давлат университети талабалари ҳамда Н.Жуковский ва Ю.Гагарин номидаги Ҳарбий-ҳаво кучлари академияларининг Челябинск шаҳридаги филиали курсантлари – жами 120 дан ортик киши иштирок этган.

Иштирокчиларга дастлаб китоб муаллифи А.Саидовнинг шахси, унинг Ўзбекистон дипломатияси ва юриспруденциясида тутган ўрни ҳамда халқаро мавқеи борасида маълумот берилган. Сўнгра китобнинг ёзилиш сабаблари, ундаги статистик рақамларнинг янги архив маълумотлари асосида келтирилганлиги, Ўзбекистоннинг Ғалаба йўлида ҳар бир соҳада қўшган ҳиссаси ҳақида атрофлича сўз юритилган.

Китоб 2020 йили коронавирус пандемияси даврига қарамасдан Президент Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган “Ғалаба боғи” мажмуасига бағишлаб ёзилган. Шу боис унинг саҳифаларида боғ суратлари кенг намойиш этилган, мажмуа таркибидаги ҳар бир ёдгорлик маъно-моҳияти чуқур очиб берилган.

 Китоб тақдимотида Иккинчи жаҳон уруши даврида юртимизга эвакуация қилинган рус, украин ва беларусь зиёлиларининг ўзбек халқи ва унинг юксак инсоний хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган шеърлари ва сўзларидан иқтибослар келтирилди.

Шунингдек, “Ғалаба боғи”нинг барпо этилиши ва тақдим этилган китобнинг чоп этилиши замирида, авваламбор, ўсиб келаётган ёш авлодда Ватанга бўлган муҳаббат туйғусини ривожлантириш, уларни тарихий хотирани унутмаслик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсади мужассам экани алоҳида таъкидланди.

Тақдимотда сўзга чиққан Челябинск вилояти расмий шахслари ва жамоат вакиллари жанг майдонларида қон тўккан ўзбек ўғлонлари ва фронт ортида Уралда, хусусан, Челябинск вилояти ҳудудида ҳам меҳнат қилиб, ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ўзбек халқи фарзандларининг ўрни ва аҳамияти доимо эътироф этилишини билдирдилар.

Челябинск вилояти Қонунчилик палатасининг Ижтимоий сиёсат қўмитаси раҳбари И.Егоров Ўзбекистон қадрдон дўст ва ишончли ҳамкор эканини таъкидлади. Унинг фикрича, Россия ва Ўзбекистонни фақатгина иқтисодий алоқалар эмас, балки умумий хотира риштаси ҳам боғлаб туради.

Ўз навбатида, Жанубий Урал давлат университети ректори А.Шестаков сўнгги пайтларда университет майдончасида ушбу турдаги муҳим тадбир ўтказилмаганини маълум қилиб, тақдим қилинган китоб муаллифига алоҳида миннатдорчилик изҳор этди.

“Ғалаба боғи фалсафаси” китоби тақдимотидан сўнг Челябинск вилояти ҳокимияти мутасаддилари, олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорлари, вилоят кутубхонаси ҳамда миллий ва диний жамоат ташкилотлари раҳбарларига китоблар эсдалик сифатида тақдим қилинди. Юқори сифат ва жозибадор кўринишда нашр этилган салмоқли китоб меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир якунида Иккинчи жаҳон уруши даврида собиқ иттифоқнинг аксарият ғарбий республикаларидан Ўзбекистонга эвакуация қилинган ёш болалар ва етимларга бошпана берган ҳамда уларни ўз тарбиясига олган ўзбекистонлик Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган “Сен етим эмассан” бадиий фильми намойиш этилди. Тадбир қатнашчиларига мазкур фильм ҳам ниҳоятда манзур бўлди.

Китоб тақдимоти ва бадиий фильм намойишидан кўзланган мақсад – Россия ва собиқ иттифоқнинг бошқа республикалари сингари Ўзбекистон ҳам Иккинчи жаҳон уруши ғалабасига ўз фарзандларининг қони ва меҳнати билан муносиб ҳисса қўшганлигини ҳамда ўзбек оналари рус, беларусь, яҳудий ва бошқа миллатга мансуб етим болаларни қалбига босиб парвариш қилганини яна бир бор россияликларга, хусусан, ўсиб келаётган авлодга етказишдан иборат эди. Тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдиргани ва Челябинск оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилгани кўзланган мақсадга эришилганидан далолат беради.

Ҳақиқатан ҳам, “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби Иккинчи жаҳон урушида беқиёс мардлик ва жасорат кўрсатган ўзбекистонлик жангчилар, фронт ортида матонат ва буюк инсонпарварлик фазилатларини намоён қилган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг миқёсда тарғиб этишга  хизмат қилади. Шунинг учун ушбу китоб турли мамлакатлар илмий-ижодий доиралари томонидан қизғин кутиб олинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech