2022 йил 2 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг БМТга аъзо бўлганлигининг 30 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг устувор йўналишлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйичаЎзбекистон Республикаси Миллий маркази ушбу тадбирнинг иштирокчиларидан бири ҳисобланади. Мулоқотда Миллий марказ докторантлари қатнашди.
Иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси ва БМТ ўртасидаги 1992 йил 2 мартда асос солинган ҳамкорликнинг асосий босқичлари ва истиқболли йўналишлари кенг муҳокама қилинди. Иштирокчилар БМТ доирасида эълон қилинаётган Ўзбекистон ташаббуслари ва уларнинг амалга оширилиши, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашида Ўзбекистон Республикаси аъзолигининг асосий вазифалари, Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан кенг фикр алмашдилар.
БМТ дунёда кечаётган ҳар қандай сиёсий жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш, минтақавий можароларни бартараф этиш, табиий офатларнинг олдини олиш, қашшоқликка қарши курашиш каби кенг қамровли муаммоларни ҳал этиш йўлида фаолият юритиб келмоқда. БМТга аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи ягона ва энг обрўли халқаро ташкилот ҳисобланади.
Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон ўтган ўттиз йил мобайнида БМТнинг фаол аъзоларидан бирига айланганлиги, БМТ минбари мамлакатимизнинг глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари суришда муҳим платформа вазифасини бажараётганлигини алоҳида эътироф этдилар.
Энг муҳими, Ўзбекистоннинг БМТ минбари илгари сураётган прогрессив ташаббуслари ҳаётда ўз амалий ифодасини топмоқда. Масалан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёни барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш ҳақидаги ғояси асосида 2018 йилнинг 20 июнида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” деб номланган резолюция қабул қилинди.
Мамлакатимиз раҳбарининг “Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ фожеавий оқибатларни бартараф этиш бўйича халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш” юзасидан билдирган таклифи асосида эса 2018 йил 27 ноябрда Нью-Йоркда БМТ томонидан Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди ташкил қилинди.
Яна бир мисол. Президентимизнинг таклифи асосида 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Мазкур резолюцияни Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги 50 дан ортиқ мамлакатлар қўллаб-қувватлаб,унинг ҳаммуаллифи бўлдилар.
Ўзбекистон етакчисининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларни мунтазам равишда йўлга қўйиш тўғрисидаги муҳим таклифи ҳам ҳаётга тўлиқ татбиқ этилди. Сўнгги уч йил ичида мазкур мулоқот учрашувларини ўтказиш доимий тус олди ва у минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш йўлида улкан аҳамият касб этмоқда. Минтақадаги барча давлатларнинг раҳбарлари иштирок этаётган маслаҳат учрашувларида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, сув-энергетика, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби минтақа ҳаётига оид муҳим масалалар очиқ муҳокама этилиб, муҳим келишувларга эришилмоқда.
Қайд этилганидек, БМТ томонидан 2015–2030 йилларда Барқарор тараққиёт мақсадларини эьлон қилинган бўлиб, у инсониятни ҳимоя қилиш ва унинг фаровонлигини оширишга қаратилган. Ушбу мақсадларни мамлакатимиз ҳаётига татбиқ этишнинг аниқ тактика ва стратегияси белгилаб олинган. Чунончи, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятини кучайтириш вазифаси қўйилган бўлиб, унда Ўзбекистонни БМТ тузилмалари орқали дунё ҳамжамиятига кенг танитиш билан боғлиқ ибратли амалиётни изчил давом эттириш кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро ҳамкорлигида инсон ҳуқуқлари масаласи алоҳида ўрин тутади. Айниқса, 2020 йилда мамлакатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангандан сўнг ушбу соҳадаги ҳамкорлик юқори босқичга кўтарилди. Ўзбекистоннинг ушбу муҳим халқаро тузилмага сайланиши, шубҳасиз, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини изчил таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида кўп ишлар қилинди. Биргина соҳанинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш бўйича 30 дан зиёд қонунлар қабул қилинди. Парламентимиз томонидан 10 дан ортиқ халқаро шартномалар, чунончи, Халқаро меҳнат ташкилотининг муҳим Конвенциялари ратификация қилинди.
Бундан ташқари, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, гендер тенгҳуқуқлиликни таъминлаш, фуқаролиги йўқ шахсларга фуқаролик бериш, диний экстремизм билан боғлиқ жиноятларни содир этишда айбланган шахсларни озодликка чиқариш, кам таъминланган аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш каби йўналишларда қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Шак-шубҳасиз, бу ишлар келгусида ҳам изчил
давом эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида инсон ҳуқуқлари соҳаси бундан буён ҳам БМТ билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналиши бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди ва бу борада Ўзбекистоннинг асосий таклиф ва ташаббусларини эълон қилинди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқи мамлакатимиз инсон ва унинг ҳуқуқлари йўлида ўзи танлаган йўлдан ортга қайтмаслигини, халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилишини ва уни фаол илгари суришини яна бир бор намоён этди.
Давра суҳбатида айтиб ўтилганидек, бугунги кунда нафақат БМТ билан, балки унинг таркибига кирувчи бир қатор ихтисослашган муассасалар билан ҳам ўзаро самарали ҳамкорлик тобора чуқурлашиб бормоқда. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан коронавирус пандемиясига қарши кураш, аҳолини оммавий эмлаш масалаларида яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ЮНИСЕФ билан болалар саломатлигини асраш, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича кўплаб тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Шунингдек, ЮНЕСКО билан ҳам изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Зеро, бир қатор қадимий шаҳарларимиз ва буюк аждодларимиз юбилей тадбирлари ушбу халқаро ташкилот шафеълигида кенг нишонланмоқда. Мамлакатимиз ҳудудида жойлашган ҳамда жаҳон маданияти намуналарининг дурдоналари бўлган маданий мерос объектларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига ва Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.03.2022
- Кўришлар: 3942
- Чоп этиш