Кундалик ҳаётда инсон атроф табиий муҳит ифлосланиши ёки унга зарар етказилиши ҳолатлари билан кўп ҳам тўқнаш келавермайди ёки ҳар доим ҳам буни англаб етмайди. То экологик ҳалокат унга шахсан таъсир кўрсатмагунча инсон экологик муаммолар мавжуд эмас, деб юраверади. Инсоннинг психологияси шунақа.
Экологик масалаларда етарлича маълумот ва ахборотга эга эмаслик ҳам инсоннинг бу борада ҳаракатсизлигининг асосий сабабларидан биридир. Экологик инқироздан чиқиб кетиш учун маъмурий қарорлар етарли бўлмаслиги мумкин, бунинг учун тизимли ёндfшув, жамият ҳар бир аъзосининг ҳиссаси жуда муҳим.
Атроф-муҳит ва табиат бойликлари, энг аввало, жамият манфаатлари нуқтаи назаридан муҳофаза қилинади. Она табиатнинг инъомларидан нафақат биз, балки келажак авлодларимиз ҳам баҳраманд бўлиши керак. Иишлаб чиқаришнинг жуда тез суръатларда ривожланаётгани, аҳоли сонининг ортиб бораётгани, табиий бойликларнинг камайиб, атроф-муҳитнинг чиқинди моддалар билан ифлосланаётгани табиат муҳофазасини кечиктириб бўлмайдиган долзарб масалалардан бирига айлантирди.
Чунки экологик тоза муҳит Ватан ва келажак авлод тақдирини белгиловчи энг асосий омиллардан бири саналади. Атроф-муҳитнинг соф ҳолда сақланиши келажак авлоднинг ҳар томонлама соғлом ўсиши гаровидир.
Экологик масъулият инсоннинг ўзини ўзи бошқариш, хатти-ҳаракатининг узоқ ва яқин оқибатларини кўра билиш, ўз ва ўзгалар фаолиятига нисбатан танқидий ёндашув демакдир. Бунда айнан фаолият учун жазо олишдан қўрқиш эмас, балки табиатга нисбатан ўз хоҳишига кўра одоб-ахлоқ чегарасидаги талабларга риоя этиш экологик масъулиятнинг асосини ташкил этади.
Педагогларнинг халқаро экологик ҳаракати умумий таълим тизимида экологик таълимни устувор деб билади. Шу боис глобал экологик инқироз асносида барча давлат ва ҳукуматларга таълим соҳасида аҳолисининг миллий менталитети, диний қарашлари, миллий ва умуминсоний қадриятлардан келиб чиққан ҳолда мувофиқ экологик таълим сиёсатини ишлаб чиқишни тавсия этади.
Бугунги кунда экологик таълим ва таълим тизимини экологиялаштириш тушунчалари мавжуд. Улар бир-бири билан узвий боғлиқ бўлса-да, аммо баъзи бир жиҳатлари билан фарқ қилади.
Аслида табиатнинг ёввойиси бўлмайди. У хоҳ инсонлар яшайдиган ҳудуд, хоҳ биздан олис манзил бўлсин бир бутун замин – Она еримиз ҳисобланади. Инсон қадами етиб борган ёҳуд камроқ ўзлаштирилган ҳудудлардаги ҳайвонот ва ўсимлик олами биз учун ёввойи саналса-да, бутун тириклик оламидаги умумий занжирнинг бир ҳалқасидир. Демак, ёввойи сифатида қаралган ҳайвон ва ўсимликларни ҳам бирдек қадрлаш, асраб-авайлаш талаб этилади.
3 март – Бутунжаҳон ёввойи табиат куни. Бундай умуминсоний байрамнинг пайдо бўлиши сайёрамиздаги биологик хилма-хилликни сақлаш зарурлигини англаб етиш билан бевосита боғлиқ. 2013 йил 20 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ўз резолюцияси билан кенг жамоатчиликнинг ёввойи ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳақида хабардорлигини ошириш мақсадида 3 мартни – Бутунжаҳон ёввойи табиат куни деб эълон қилди.
Ўша йили табиий хилма-хилликни муҳофаза қилиш соҳасида муҳим бир халқаро ҳужжат қабул қилинганининг 40 йиллиги ҳам кенг нишонланганини таъкидлаш лозим. Бу ўринда 1973 йил 3 март қабул қилинган Ёввойи фауна ва флоранинг йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган турлар билан халқаро савдо тўғрисидаги конвенция ҳақида сўз бормоқда.
Ёввойи табиатнинг мутлақ қиймати экологик, генетик, ижтимоий, иқтисодий, илмий, маърифий, маданий, рекреацион ва эстетик жиҳатларга бориб тақалади. Шу боис кўпинча одамлар шовқин-суронли шаҳарлардан кимсасиз, ёввойи табиат қўйнига ошиқади.
Табиатнинг бетакрор манзаралари бу олам, ҳаёт нақадар гўзаллигини кўрсатади. Ана шу чиройга дахл қилиш эса инсонийликка хос асло хос эмас. Бинобарин, табиатнинг софлигини асраб-авайлаш ва келажак авлодга бутунлигича етказиш учун барчамиз масъулмиз.
Улуғ аллома аждодларимиз ҳали экология фани дунёга келмаган даврларда табиат ва ундаги мувозанат, ўсимлик ва хайвонот дунёси, табиатни эъзозлаш ҳақида қимматли фикрларни айтганлар.
Хусусан, Муҳаммад Мусо Хоразмий: “Билгинки, дарёнинг кўзлари ёшланса, унинг бошига ғам, кулфат тушган бўлади”, деб таъкидлаган. Буюк аллома сувларни ортиқча сарфлаш ҳозирги кундаги Орол фожиаси каби нохуш ҳодисаларни келтириб чиқаришини назарда тутган бўлса, эҳтимолдан ҳоли эмас.
Абу Наср Форобий одам аъзосининг тузилиши ва унда келиб чиқадиган ўзгаришлар, яъни касалликлар, овқатланиш тартибининг бузилиши, касалликнинг олдини олиш чора-тадбирлари, шунингдек, табиий ва сунъий танлаш ҳақида муҳим маълумотларни битиб қолдирган.
Абу Райҳон Беруний асарларида ўсимлик ва ҳайвонларнинг биологик хусусиятлари, уларнинг тарқалиши, ташқи муҳит билан ўзаро алоқаси ва хўжалик аҳамияти ҳақидаги кўплаб маълумотларни топиш мумкин.
Абу Али ибн Сино инсон соғлигини сақлаш, парҳез, гигиена тўғрисида, касалликларни, жумладан, асаб касалликларини даволашда жисмоний усулларни қўллаш яхши натижа беришини қайд этган. Ўсимликлардан табиий даваловчи доридармонлар тайёрлашни кўрсатиб берган. Ташқи муҳит таъсири муҳимлигини, айрим касалликлар сув ва ҳаво орқали тарқалиши ҳақида фикрларни баён этган.
Юртимизнинг ҳар қарич ери олтинга тенг. Унинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, зилолдек тиниқ ва шифобахш суви ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Мана шундай бетакрор гўзалликни асраб-авайлаш, келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш хар биримизнинг муҳим бурчимиздир.
Табиатнинг ўзи заргарга ўхшайди. Унинг бағридан униб чиққан ҳар бир гиёҳ, ҳар бир дарахт, ўрмонлар, ҳайвонот олами ўзига хос оламдир. Бу табиий бойликка дахл қилишнинг олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиш юмушларидан ҳеч қачон ҳормайлик.
Ойдин Иброҳимова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича бош мутахассиси
- Қўшилди: 03.03.2022
- Кўришлар: 4104
- Чоп этиш