Терроризм ва инсон ҳуқуқлари мавзуси – Тошкент халқаро конференцияси муҳокамасида

2022 йил 4 март куни Тошкент шаҳрида “БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини давом эттирди. Халқаро анжуманнинг иккинчи куни учинчи ва тўртинчи шўъба мажлислари бўлиб ўтди.

Тўртинчи шўъба мажлиси “Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон миқёсида ҳурмат қилиниши ва қонун устуворлиги таъминланиши – терроризмга қарши курашнинг асосий таянчи” мавзусига бағишланди. Мажлисга ЕХҲТнинг Трансмиллий таҳдидларга қарши кураш бўйича фаолиятини мувофиқлаштирувчи Елена Купчина модераторлик қилди.

Муҳокамалар аввалида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон  Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Қозоғистон Республикасининг Нур-Султон шаҳар суди судьяси Шинар Ергалиева, Тожикистон Республикасининг Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори Гузел Майтдинова, Ўзбекистон  Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Қирғиз Республикаси Акийкатчиси (Омбудсмени) ўринбосари Альберт Колопов, шунингдек,  ЕХҲТнинг Бишкекдаги Дастурий офиси раҳбари Алексей Роговнинг маърузалари тингланди.

Хусусан, А.Саидов халқаро конференцияда инсон ҳуқуқлари масалаларига катта эътибор берилаётгани Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили билан ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг эканига эътиборни қаратди. Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида бугунги кунда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани ҳақида сўз юритар экан, БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси муваффақиятли амалга оширилаётганини эътироф этгани бежиз эмас.

Тошкент халқаро анжумани Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг айни шу сессиясида илгари сурган ташаббуси доирасида ташкил этилди. Конференциянинг БМТ шафелигида, халқаро ва минтақавий ташкилотлар иштирокида ўтказилаётгани Ўзбекистон олиб бораётган сиёсат ва унинг жаҳон минбарларидан эълон қилинган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг ҳамда қатъий қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари куни кеча мазкур халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган табригида таъкидлаганидек, “Бундан 15 йил муқаддам дунёнинг барча мамлакатлари БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини бир овоздан маъқуллаган эдилар. Ушбу ҳужжат терроризмга қарши курашда миллий ва халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган кенг қамровли, умумэътироф этилган илк ҳуқуқий асос бўлди. 2011 йилда Марказий Осиёнинг бешта мамлакати уни рўёбга чиқаришга доир Қўшма ҳаракатлар режасини тасдиқлаб, биринчи бўлиб мазкур дастурий ҳужжатни минтақалаштириш бўйича намуна кўрсатдилар”.

Бу ўринда минтақа мамлакатлари терроризмга қарши кураш бўйича ўз миллий тизимларини шакллантиргани ва мамлакатларнинг БМТ тавсияларига тўлиқ мос келадиган ҳаракатлар стратегиялари ишлаб чиқилгани ҳамда изчил амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Натижада бугун кўплаб нуфузли халқаро рейтингларда Марказий Осиё дунёнинг энг хавфсиз минтақалари қаторидан ўрин эгалламоқда.

Ўзбекистон БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини қўллаб-қувватлаган ҳолда, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бўйича 14 та халқаро конвенция ҳамда протоколни ратификация қилган. Бундан ташқари, мамлакатимизда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Энг асосийси, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”даги олтинчи устувор йўналиш “Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш” деб номланган. Ушбу устувор йўналишнинг “Экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг самарали механизмларини шакллантириш” сарлавҳали 82-мақсадида белгиланган амалий чора-тадбирлар бу борада келгусида янги натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Анжуманда бир қатор нуфузли халқаро ва миллий экспертларнинг терроризм ва инсон ҳуқуқлари мавзусининг турли жиҳатлари билан боғлиқ фикр-мулоҳазалари тингланди. Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайннинг халқаро анжуман иштирокчиларига видеомурожаати намойиш этилди.

Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ришард Коменда, БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг жиноятчиликнинг олдини олиш ва одил судлов масалалари бўйича мутахассиси Артуро Лаурент, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг аксилтеррор масалалари бўйича  маслаҳатчиси Йоханнес Хайлер ўз фикрларини онлайн тарзда билдирдилар.

Халқаро конференцияда бевосита иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Жаҳонгир Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бошлиғи Евгений Коленко, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими Бахтиёр Бобожонов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) Алия Юнусова ҳам сўзга чиқдилар.

Шу билан Тошкент халқаро анжумани ўз ишини якунлади.

Икки кунлик глобал анжуман ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, БМТ Аксилтеррор бошқармаси, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳисобланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech