“Мазкур қонунларнинг қабул қилиниши қийноққа солиш оқибатида зарар кўрган жабрланувчилар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтиришга, уларга етказилган моддий, маънавий ва бошқа зарарнинг қопланишига хизмат қилади. Шунингдек, ижро тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади ҳамда суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ва ўз вақтида ижро этилиши таъминланади”.
Жорий йил 4 март куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларни муҳокама қилар экан, сенаторлар ва соҳа экспертлари шундай фикр билдирдилар.
Муҳокамаларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев иштирок этди ва сўзга чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизматининг хабарига қараганда, мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилган. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинган.
Таъкидланганидек, 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодексида кўплаб ҳаволаки нормалар мавжудлиги, барча зарур масалалар аниқ тартибга солинмагани, уни амалиётда қўллашда бир қатор муаммолар юзага келаётгани каби асосларга кўра меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришга зарурат туғилган.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби нормалардан иборат.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилари манфаатларининг мувозанати таъминланади, уларнинг ижтимоий ҳамкорликка жалб қилиниши ортади ва томонларнинг меҳнатнинг натижадорлигига қизиқиши рағбатлантирилади.
Бундан ташқари, кичик бизнес ва якка тадбиркорлик соҳасига меҳнат қонунчилигини татбиқ қилиш енгиллашади, шунингдек шу соҳаларда ёлланиб ишловчилар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятларини ҳисобга олиш мумкин бўлади.
Фуқароларнинг меҳнат фаолиятига жалб қилинишининг янги шаклларини фаол ривожлантиришни тартибга солиш, эгилувчан иш режимларидан кенг фойдаланиш учун, жумладан иш берувчилар томонидан ходимларни меҳнат жараёнига жалб қилишнинг соддароқ, оддийроқ шаклларини танлашга замин яратади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.03.2022
- Кўришлар: 2924
- Чоп этиш