ЖУРНАЛНИНГ ЯНГИ СОНИ

Халқаро идентификация рақамига (doi®) эга бўлган “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг жорий йилдаги биринчи сони нашр этилди. Ушбу сон 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилига бағишланди.

Журналнинг дастлабки саҳифаларидан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиевнинг “Фаровонлик ва ободлик маҳалладан бошланади” номли мақоласи ўрин олган. Мақолада бугунги кунда маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг аҳамияти ва самарали натижалари аниқ мисоллар билан баён этилган. Бу ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда юртимизда истиқомат қилаётган 3 миллион нафарга яқин нуронийлар ҳам фаол ва ташаббускор экани ёритиб берилган.

“Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” рукнида ўзбек, рус ва инглиз тилида тақдим этилган мақолалар ҳам ўқувчини беэътибор қолдирмайди.

Хусусан, академик Акмал Саидовнинг “New Uzbekistan on the way of the ongoing reforms” номли мақоласида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси батафсил таҳлил қилиниб, унда инсонпарварлик энг устувор тамойил экани асослаб берилган. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берган Тараққиёт стратегияси моҳиятида халқни рози қилиш, инсон қадрини юксалтириш ғоялари мужассамлиги таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахоновнинг “Стратегия развития Нового Узбекистана служит достижению новых целей и возможностей в развитии нашей страны” номли мақоласида эса Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги етти устувор йўналиш бирма-бир шарҳланган.

Академик Қаландар Абдураҳмоновнинг “Рақамли иқтисодиёт – юксалишнинг асосий “драйвер”и” номли мақоласи ҳам диққатга сазовор. Унда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиялари, уларни амалга оширишда эришилаётган натижалар ва янги тараққиёт режалари таҳлил қилинган. Бугунги кунда аҳоли фаровонлигини оширишда рақамли иқтисодиёт асосий “драйвер”га айланиб бораётгани, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг аҳамияти, ушбу замонавий ва самарали соҳада кадрлар тайёрлаш масалалари очиб берилган.

Шунингдек, журнал саҳифаларидан ўрин олган М.Мусаев, А.Саидов, А.Сатторов, А.Саитқосимов, Ф.Амонов, А.Эгамбердиев, М.Кахарова, Р.Мирзаев, З.Файзиевнинг ўзбек тилидаги, Ж.Раматов, А.Ибрагимов, М.Шерматов, О.Низомиддинхўжаев, З.Замонов, С.Ишмуратова, И.Зоирова, Р.Умарованинг инглиз тилидаги, М.Виноградов, К.Олимова, О.Норбоев, О.Пирматов, Ш.Танимов, Ў.Очилов, Т.Қурбонов, Ф.Исмаилованинг рус тилидаги мақолалари ҳам долзарб мавзуларга бағишлангани билан аҳамиятли.

Яна бир янгилик: журналнинг ушбу сонида эълон қилинган энг сара илмий мақолаларга илк бор халқаро идентификация рақами (doi®) берилди.

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг янги сонини www.dhrjournal.uz веб-сайти орқали онлайн тўлов йўли билан харид қилишингиз мумкин.

Мароқли мутолаа завқи ҳамроҳингиз бўлсин!

 

 “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech