Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга ҳар томонлама кўмак бериш, жамиятимиздаги қатор ижтимоий ва маиший муаммоларни баратараф этишда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланиб бормоқда.
Кейинги йилларда кексаларимиз учун 152 та туман ва шаҳарда “Нуронийлар маскани” мажмуалари ташкил этилгани ва барча ишловчи пенсионерларга пенсияларни тўлиқ миқдорда тўлаш йўлга қўйилгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди, Шунингдек, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ташкил этилиб, “Кексалар ҳафталиги” ва “Кексалар учун туризм ойлиги”ни ўтказиш анъанага айлангани диққатга лойиқдир.
Айниқса, кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ҳурмат-эътибор ва меҳр-оқибат кўрсатиш, саломатликларини асраш, турмуш шароитларини янада яхшилаш масалалари давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътиборида турибди. Бунда нуронийларнинг ижтимоий фаолликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Фахрий мураббий” ордени ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилгани алоҳида ўрин тутади.
Бу борадаги норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилиб, соҳага оид 10 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 15 мартда қабул қилинган «Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори айни йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаргани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Ёши улуғларимиз ҳақида сўз борганда, албатта, ҳар биримиз биринчи навбатда уларнинг сиҳат-саломатликларини ўйлаймиз. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз қарорига мувофиқ, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
биринчидан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилиши;
иккинчидан, шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилиши ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланиши;
учинчидан, оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилиниши – бу каби имтиёз ва имкониятларнинг барчаси халқимизга хос юксак ғамхўрлик ҳамда инсоний меҳр-оқибатнинг амалий ифодасидир.
Нуронийларимизнинг стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуаларига бориши бўйича ҳам муайян имтиёз назарда тутилмоқда. Яъни, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади.
Бунда, қарорда қайд этилганидек, абонемент харажатларининг бир ойлик суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан ошмаган ҳолда спорт йўналишидаги муассасаларнинг ҳисоб рақамига ўтказиб борилади.
Отахону онахонларимизнинг маданий ҳордиқ олишларига қулайлик яратиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Хусусан, қарорда 2022 йил 1 апрелдан давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилиши белгиланган.
Бундан ташқари, кексаларнинг республикамиздаги диққатга сазовор жойларга сайёҳлик сафарларини ташкил этиш мақсадида жамғармага ажратилган маблағлар ҳисобидан иккита замонавий автобус харид қилинади. Сайёҳлик сафарларини уюштириш бўйича тарихий шаҳарлар ва диққатга сазовор жойлар рўйхати шакллантирилади.
Эндиликда ташкилот ва корхоналарда ишлаётган ходим пенсия ёшига етиши муносабати билан уни иш берувчи томонидан бўшатиш тақиқланади. Қарорда ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишни тақиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш юзасидан масъул ташкилотларга тегишли вазифа юклатилди.
Президент қарорига кўра, маҳаллаларда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилини қарор топтиришда ташаббускорлик кўрсатаётган ижтимоий фаол нуронийлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланади. Шунингдек, «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийлар ҳолидан доимий хабар олиш тизими ташкил қилиниб, уларга ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида давлат хизматлари кўрсатилади.
Давлатимиз раҳбари айни соҳа ривожига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тараққий этаётган бугунги глобаллашув даври талабларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар томонлама чуқур ёндашганлиги эътиборни жалб этмай қолмайди. Бу ўринда, жумладан:
- 2022 йил 1 октябрга қадар “Нуроний” жамғармасининг «Нуроний» электрон платформаси ва ягона электрон базаси фаолияти йўлга қўйилиши;
- Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси билан ҳамкорликда кексаларга оид маълумот ва янгиликларни уларнинг мобиль телефон рақамларига SMS-хабарнома юбориш орқали маълум қилиб бориши таъминланиши;
- кутубхоналарга аъзо бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун китоблар, журналлар, газеталар ва бошқа нашрлар етказиб берилиши;
- халқаро тажрибадан келиб чиқиб, 2022 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистонда фаол қариш индекси жорий этилиши каби амалий чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори юртимизга Наврўзи олам кириб келаётган шу тароватли кунларда қабул қилингани бежиз эмас. Бу, бир томондан, нуроний инсонларни асраб-авайлаш, уларнинг соғ-саломат ва мазмунли умр кечиришлари учун барча шароитларни яратиб бериш — халқимизга хос азалий фазилатлардан ҳисобланишининг ўзига хос эътирофидир.
Иккинчи томондан, Президент қарори сўнгги йилларда мўътабар фахрийларимизга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига, жамиятимиз ҳаётининг узвий қисмига, ҳар биримизнинг том маънодаги муқаддас инсоний бурчимизга айланганини яна бир бор тасдиқламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, "Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Мамлакатимизда ёши улуғ инсонларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитларини янада яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зотан, нуронийларни эъзозлаган кам бўлмайди".
Ойдин Иброҳимова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Матбуот хизмати бош мутахассиси
- Қўшилди: 31.03.2022
- Кўришлар: 2699
- Чоп этиш