ОДИЛ ВА МУСТАҚИЛ СУД – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ПОЙДЕВОРИ

 (Академик Акмал Саидов билан биринчи суҳбат: Ҳаракатлар стратегияси ва суд ҳокимиятининг конституциявий асослари)

 

– “Cудьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат суд тизими вакиллари, ўзбек судьялари олдига ана шундай ҳаққоний талабни қўйди. Бу талабнинг моҳияти ва аҳамияти нимада?

 

– Кейинги йилларда мамлакатимиз судьяларининг амалий шиорига айланган ушбу ғоя илк бор давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 июнда судьялар билан бўлиб ўтган биринчи тарихий учрашувида сўзлаган нутқида янграганди. Бу дастурий нутқ замирида суд тизимини фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган адолат қўрғонига айлантиришдек устувор мақсад ўз мужассамини топган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, «Судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим».

Айни чоғда, бунга қадар – 2016 йил 21 октябрда давлатимиз раҳбари томонидан “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки мазкур ҳужжат мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни жараёнларини янги босқичга кўтарди.

 

 – Суд ҳокимиятининг конституциявий асосларини ривожлантиришда Ҳаракатлар стратегияси қандай роль ўйнади?

 

– Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда Президентимиз томонидан Конституциямиз нормалари асосида ишлаб чиқилган ва 2017 йил 7 февралда тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ниҳоятда муҳим аҳамият касб этди. Ушбу миллий тараққиёт стратегиясининг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” деб номланган иккинчи устувор йўналиши доирасида соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилди.

Ҳаракатлар стратегияси ўтган беш йиллик даврда давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичига асос солди. Бу муҳим ҳужжат, том маънода янги Ўзбекистонни бунёд этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори эканини амалда намоён этди.

Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш учун асос бўлди. Бунда Конституциямиз Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган демократик ислоҳотларни амалга оширишнинг конституциявий асоси сифатида хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига муҳим ўзгартиришлар киритилган бўлиб, суд ҳокимиятининг конституциявий асосларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар бу борада алоҳида ўрин тутади.

 

– Суд ҳокимиятининг конституциявий асосларини такомиллаштиришда айнан қандай устувор вазифалардан келиб чиқилди?

 

– Хусусан, 2017 йил 6 апрелда Конституциянинг 7 та моддасига киритилган тузатишларда қуйидаги 3 та устувор вазифа:

биринчидан, фуқароларнинг  ҳуқуқ  ва эркинликларини  ишончли  ҳимоя  қилиш  кафолатларини  кенгайтириш;

иккинчидан, одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш;

учинчидан, номзодларни  танлаш  ва  судьялар  лавозимларига  тайинлаш  тизимини янада такомиллаштириш – суд-ҳуқуқ  соҳасида  амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилди.

Мазкур конституциявий ўзгартиришлар суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга бўлди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 111-моддасига 2017 йил 6 апрелда тегишли ўзгартиш киритилиб, Судьялар олий кенгашига конституциявий мақом берилди.

Асосий Қонун нормасига кўра, эндиликда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади”.

 

– Сўнгги йиллардаги конституциявий ислоҳот туфайли Янги Ўзбекистоннинг Конституциявий суди қарор топди, десак, тўғри бўладими?

 

– Албатта. Аввало, Конституцияга суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан  яхшилашга, нуфузини оширишга, судлар тузилишини такомиллаштиришга  ҳамда  судьяларни  танлаш  ва  лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштиришга қаратилган ўзгартиш ҳамда  қўшимчаларнинг киритилиши  фуқаролар  ва  тадбиркорлик субъектлари  ҳуқуқлари,  эркинликлари,  қонуний  манфаатлари  судда  ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланди.

Конституциянинг 108-моддасига киритилган тузатишларга  мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси  Президентининг  тақдимига  биноан  Олий  Мажлис Сенати  томонидан  Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда  сайланадиган бўлди. 

Конституциянинг 108 ва 109-моддаларига киритилган  тузатишларда Конституциявий  қонунларнинг,  халқаро  шартномаларни  ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини текшириш, Олий  суднинг  муайян  ишда  қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг  Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан  киритилган  мурожаатларини  кўриб чиқиш,  шунингдек  ҳар йили  Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон  Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш борасидаги Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилди.

Ушбу конституциявий янгиликларнинг  ҳаётга  татбиқ  этилиши  давлатимизда судлов тизимини янада такомиллаштириш, Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ишончли ҳимоясини  таъминлашга  хизмат  қилмоқда.  Шу  билан  бирга,  бу конституциявий янгиланишлар судьялар ва  суд тизими  ходимларини  ижтимоий  рағбатлантиришни  юқори  даражага кўтарди.

– Маълумки, Ўзбекистон Президенти томонидан 2021 йил 27 апрелда «Конституциявий суд тўғрисида»ги Конституциявий қонун имзоланган. Шу ҳақда ҳам мухтасар тўхталсангиз.

– Ушбу Конституциявий қонунга кўра, Конституциявий суд ўзи киритган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этиш учун ўз вакилини тайинлайди. Суд таркибига киритилган судьялар сони, раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда, 7 нафардан 9 нафаргача оширилди.

Янги Қонун талабига биноан, қуйидагилар ҳам Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:

  • ҳисоб палатаси аъзолари (илгари – ҳисоб палатаси раиси);
  • Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ;
  • Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил.

 Қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

 

– Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг конституциявий асосларини ривожлантириш борасидаги ислоҳот талаблари билан халқаро ҳуқуқ мезонлари ўртасида қанчалик муштараклик мавжуд?

 

Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади мустақил, кучли суд ҳокимиятини вужудга келтиришдан иборат. Зеро, суд ҳокимияти нафақат уч ҳокимиятнинг бири, балки унинг юксак нуфузли ҳуқуқий ҳолати, жамият ва давлат ҳаётида инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонунийлик барқарор бўлишининг асосий шартидир.

Суд ҳокимиятининг вазифаси – фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳамда мамлакат конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимияти ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш, қонунларни ва бошқа норматив ҳужжатларни ижро қилиш ва қўллашда қонунийлик ҳамда адолатни таъминлашдан иборат бўлиши лозим.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу соҳадаги ислоҳотларининг мазмун-моҳияти фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонун билан қўриқланадаган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиши кафолатларини янада кучайтириш, бунинг учун эса суднинг ҳақиқий мустақиллигини ва фаолиятининг самарадорлигини таъминлашдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсат марказида ҳам, аввало, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади мужассам. Давлатимиз раҳбари судларимиз томонидан ишларни кўришда жамоатчиликнинг иштироки юқори эканлиги масаласини алоҳида қайд этгани бежиз эмас.

Бугунги кунда билиб-билмасдан жиноят йўлига кириб қолган йигит-қизларимиз ёки бўлмаса аёлларимиз ишларини кўришда Ёшлар иттифоқи, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ташкилотлари кафиллиги асосида кўриб чиқилиши ижобий натижаларни бермоқда. Бу Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичида инсонпарварлик сиёсати юритилаётганининг ҳаётдаги амалий ифодаси эканлигини таъкидлаш зарур.

Яна бир аҳамиятли жиҳат: жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш институти такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилган ҳолда оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.

Буни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян ҳам алоҳида эътироф этди.

 

– Ўзбекистонда айни соҳада халқаро ҳуқуқ нормаларини бажариш бўйича эришилган натижаларга аниқ мисоллар келтирсангиз?

 

Одил судловни амалга оширишга қаратилган халқаро ҳуқуқ нормаларини бажариш борасида:

биринчидан, юртимизда Бизнес-Омбудсман ва Болалар Омбудсмани ташкил этилди;

иккинчидан, суд ҳокимиятини демократлаштириш, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, “Хабеас корпус” институтини кенгайтириш, суд тизимини мустаҳкамлаш, шунингдек, тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилди;

учинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, низоларни судгача ҳал этиш, тарафларни яраштиришда адвокатларнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайди. Суд ишларининг адолатлилиги, очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш учун “электрон адолат” тизими жорий этилди;

тўртинчидан, жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тизими яратилди. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини тузишга йўл очилди, соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва чора-тадбирлари белгиланди. Бугунги кунда тинтув, воқеа жойида олинган кўрсатмаларни текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видеотасвирга олиш орқали мажбурий қайд этиш талаблари қонун билан мустаҳкамланган;

бешинчидан, маъмурий, жиноий, жиноий-процессуал, жиноий-ижроия, фуқаролик ва иқтисодий қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Жамоат бирлашмалари кафолати остида шахсларни афв этиш ва жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. “Жаслиқ” ихтисослаштирилган колониясининг ёпилиши муҳим воқеа бўлди;

олтинчидан, фуқароларимиз ҳуқуқлари ва манфаатларини, қаерда бўлишларидан қатъи назар, ҳимоя қилиш ва уларнинг Ўзбекистонга қайтишлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Мисол сифатида Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли можаролар ҳудудларидан 541 нафар фуқаро, асосан, аёллар ва болаларнинг Ватанимизга қайтариб келтирилганини айтиш мумкин.

 

Яқинда матбуотда эълон қилинган айни мавзудаги мақолангизда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ  ислоҳотларини янгича суд тизимини яратишга қаратилган шиддатли ўзгаришлар сифатида баҳоладингиз. Бу фикрингизни қандай далиллар билан асослайсиз?

 

– Бунинг учун Ўзбекистон суд тизимидаги шиддатли ўзгаришларни учта мезон – тизимдаги аввалги ҳолат, ҳозирги ҳолат ва эришилган натижа ҳақидаги маълумотлар негизида таҳлил этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Биринчи муҳим ўзгариш: туб ислоҳотлар бошланишига қадар мамлакатимизда бир-биридан мустақил бўлган – Олий суд ва Олий хўжалик суди фаолият юритиб келган. 2017 йил 1 июнда Олий суд ва Олий хўжалик суди ягона суд ҳокимияти – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Натижада, аввало, ягона суд амалиёти таъминланди, қолаверса, бир-бирини такрорловчи функциялар мувофиқлаштирилди.

Иккинчи муҳим ўзгариш: илгари оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар фуқаролик ва иқтисодий судлар томонидан ҳал қилинган. Эндиликда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан келтирилган шикоятларни кўрадиган махсус – маъмурий судлар ташкил этилди.

Бунинг натижасида, биринчидан, жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқларининг суд орқали ҳимоя қилиниши янада кенгайтирилди. Иккинчидан, ягона маъмурий суд амалиёти шакллантирилди. Учинчидан, Олий суд Пленуми қарорлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, мувофиқлаштирилди.

Учинчи муҳим ўзгариш: яқин вақтларгача инвестициявий низолар фуқаролик ва иқтисодий судлар томонидан барча суд босқичларида ҳал қилинган. 2021 йил 1 январда Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид махсус судлов таркиби ташкил этилди. Ушбу судлов таркиби инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бевосита шуғулланмоқда.

Санаб ўтилган ислоҳотлар туфайли қуйидаги учта муҳим натижага эришилди:

  • инвесторлар йиллаб сарсон бўлишининг олди олинди;
  • низолар бита судда ҳал қилиниши таъминланди;
  • мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ортди.

Бундан ташқари, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга устувор эътибор қаратилиши натижасида судлар мустақиллиги ва одил судловга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинди.

Хусусан, айблов далили сифатида ноқонуний усуллар билан олинган маълумотлардан фойдаланиш учун қатъий жавобгарлик белгиланди. Жиноят кодексининг қийноқларга доир 235-моддаси БМТ Қийноқларга қарши конвенциясининг 1-моддасига мослаштирилди.

 

–  Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан татбиқ этилган “Бир суд – бир инстанция” тамойили ҳақида ҳам тушунча берсангиз.

 

– Бу ўринда, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, 2017 йилга қадар 7 суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, кейинги уч йилда бу инстанциялар сони 3 тага қисқартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд инстанцияларининг камайиши ва назоратнинг тўлиқ бекор қилинишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Фармон ижроси доирасида бир қатор муҳим натижаларга эришилди.

Биринчи натижа: суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар олиб ташланиб, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари 3 тагача камайтирилди.

Иккинчи натижа: суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тўлиқ тугатилди.

Учинчи натижа: Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинди.

“Бир суд – бир инстанция” тамойилининг жорий этилиши натижасида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси ошмоқда.

Илгари судларда қуйидаги 7 та босқичда:

Биринчи инстанция (туман, шаҳар);

Апелляция ёки кассация инстанцияси (вилоят);

Вилоят суди Раёсати;

Олий суд судлов ҳайъати;

Олий суд назорат инстанцияси;

Олий суд Раёсати;

Олий суд Пленуми босқичларида ишлар кўрилган.

Шу негизда одил судловга оид халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди. Яъни, биринчи инстанция, апелляция инстанцияси – вилоят даражасидаги судлар ва кассация инстанцияси – Олий суддан иборат бўлган “Бир суд – бир инстанция” тамойили жорий қилинди.

Бу борадаги ислоҳот туфайли қуйидаги амалий натижалар қўлга киритилди:

биринчидан, фуқаролар оворагарчилигининг олди олинди;

иккинчидан, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ортди;

учинчидан, бир-бирини такрорлорвчи инстанциялар қисқартирилди;

тўртинчидан, Олий судда 84,8 фоиз якуний қарорлар қабул қилинишига эришилди;

бешинчидан, халқаро экспертлар эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.

 

– Суд жараёнида тарафлар тенглигини таъминлаш бўйича қандай янгиланишлар амалга оширилди?

 

– Суд қарорларини қайта кўриш институтини янада такомиллаштириш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципига риоя этилишини таъминлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодексга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Уларда суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлигини қайта кўриб чиқишга оид бир хил процессуал тартиблар белгиланди.

Қонунларга асосан фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилинди. Суд процессида тортишувлик принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлаш мақсадида судланувчи, жабрланувчи ва уларнинг вакиллари томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди.

Жиноят процессида аввал янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш фақат прокурорнинг ташаббусига кўра амалга оширилган.

Энди эса бундай ҳуқуқ жиноят процессининг бошқа иштирокчилари, яъни маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари, жабрланувчи ва унинг вакилига ҳам берилди. Улар судга янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқига эга бўлди.

Фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўришда прокурор иштироки билан боғлиқ нормалар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Прокурор қонунда назарда тутилган ёки ўзининг даъво аризаси асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши, иш бўйича тарафларнинг мурожаатлари мавжуд бўлган тақдирда кассация протестини киритиш масаласини ҳал қилиш учун суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги белгиланди.

Бизнес-омбудсманга иқтисодий ишлар бўйича шунингдек, маъмурий ишлар бўйича биринчи инстанция судининг тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи берилди. Эндиликда кассация шикояти апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинганидан кейин 1 йил ичида берилиши мумкин.

 

 

Ғулом Мирзо суҳбатлашди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech