6 апрель – Тараққиёт ва тинчлик йўлида халқаро спорт куни

“Биз халқаро спорт майдонларида Ўзбекистоннинг нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга катта ҳисса қўшган спортчиларимиз билан фахрланамиз. Шу билан бирга, олий спортда эришилган ютуқлар билан чегараланмасдан, оммавий спортга ҳам катта эътибор беришимиз керак”.

Шавкат Мирзиёев 

 

Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бугун ҳар жабҳада илғорлаб бормоқда. Биргина спорт соҳасида эришилаётган ютуқларнинг ўзи таҳсинга лойиқ.

Спорт аввало жисмоний маданиятнинг таркибий қисми, жисмоний тарбия воситаси ва усулидир. Спорт деганда, одатда, жисмоний машқларниит турли мажмуалари бўйича мусобақалар ташкил этиш, тайёрлаш ва ўтказиш тизими кўзда тутилади.

Спортнинг мақсади, бир томондан, кишиларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш ва умумий жисмоний ривожлантириш бўлса, иккинчи томондан, спорт мусобақаларида юқори натижа ва ғалабаларга эришишдир.

Шу маънода, Ер юзидаги дастлабки спорт мусобақалари Юнонистонда милоддан аввалги 1580 йилда бўлиб ўтгани ғоят аҳамиятлидир. Ўз навбатида, 1894 йилда  Халқаро олимпиада қўмитаси (ХОҚ) ташкил қилинганидан кейин спорт дунё миқёсида жадал ривожлана бошлади. 1896 йилданоқ замонавий Олимпиада ўйинларини ўтказишга киришилгани ҳам бу фикримизни тасдиқлайди.

Тараққиёт жараёнида спортнинг мазмун-моҳияти тубдан кенгайиб, умуммаданий, сиёсий, эстетик, иқтисодий аҳамият касб этди. Эндиликда спорт дўстона халқаро алоқаларни кенгайтиришга, халқларнинг ўзаро бир-бирини тушуниши ва дўстлиги ривожланишига хизмат қилмоқда.

Бунга ёрқин мисол: 2013 йилнинг 23 августда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясида бир овоздан 6 апрель санасини – “Тараққиёт ва тинчлик йўлида халқаро спорт куни”) сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ўзбекистонда ҳам ушбу сана мунтазам нишонлаб келинади. Шу куни жойларда турли даражадаги спорт тадбирлари ўтказилади. Зеро, ҳар қандай жисмоний машғулотларни бажарсак, нафақат халқаро санани нишонлаган, балки ўз саломатлигимиз учун қайғурган ҳам бўламиз.

Спорт нафақат инсоннинг жисмоний саломатлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради, балки тиришқоқлик, сабр-тоқат, етакчилик фазилатлари, қатъиятлилик, мулоқот қобилиятлари ва жамоа руҳини тарбиялашга имкон беради. Шу боис мамлакатимизда аҳоли ва айниқса, ёшларнинг жисмоний тарбиясига катта эътибор қаратиш лозим.

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 1 апрель куни ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказган йиғилишда шу ҳақда сўз борди. Мамлакатимизда спортни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Шу асосда юртимизда жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун кенг шароитлар яратилмоқда. Сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, маҳаллаларда 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилди.

Бугунги кунда 3 минг 500 та мини-футбол, 6 мингта баскетбол, волейбол, 663 та бадминтон майдонлари, мингдан ортиқ фитнес зали мавжуд. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ҳамда велосипед йўллари ташкил этилган.

Тараққиёт стратегиямизда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини кейинги беш йилда 33 фоизга етказиш мақсади белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Спортни ривожлантириш вазирлигига маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан бирга йил давомида 6 миллион нафар ўғил-қизни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун жорий йил 10 апрелдан бошлаб маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади.

Бу тадбирларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.

Оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, “қониқарсиз” деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунда Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, халқаро мусобақалар ғолиблари билан маҳалла ёшлари ўртасида мотивацион учрашувлар ўтказиш айниқса муҳимдир.

Хулоса қилиб айтганда, спорт нафақат соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади, балки мамлакатнинг имижини юксалтиришда ҳам муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, Ватанимиз обрў-эътибори ва  миллатимизнинг шаън-шавкатини халқаро спорт майдонларда муносиб ҳимоя қилаётганлари учун ҳам спортчиларимиз ҳамиша қадрланади ва эъзозланади.

 

ЛазизХолиқулов,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти

бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech