Ҳар йили 7 апрель куни бутун дунёда Руандада содир этилган геноцид қурбонлари хотирланади. Бу ҳақдаги резолюция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2003 йил 23 декабрда қабул қилинган.
Руандада содир этилган геноцид қурбонлари хотираси куни рамзий маънога эга. Ушбу сана Руандада озчиликни ташкил қилган туциларга хутулар томонидан қирғин содир этганлигига бағишланган бўлиб, бу воқеа 1994 йил апрель ойидан июнгача юз берган.
1994 йилда қарийб 100 кун давом этган қирғинда 800 мингга яқин туцилар ва уларга хайриҳоҳ хутулар ўлдирилган. Турли маълумотларга қараганда, ана шу геноцидда 800 мингдан 1 миллионгача одам ўлдирилган бўлиб, бу мамлакат аҳолисининг тахминан 20 фоизини ташкил қилган.
Хуту ва туци – Руанда, Уганда, Бурунди ва минтақадаги бошқа мамлакатларда истиқомат қилувчи этник-ижтимоий гуруҳ бўлиб, хуту қабиласи вакиллари катта обрў-эътиборга эга бўлган. 1884–1885 йилларда Берлин конференцияси Руанда ерлари Германия қўл остига ўтгани борасида қарор қабул қилди. 1899 йил туци қабиласи ҳукмдорлари ўз мухториятлари сақлаб қолинган ҳолда немис кайзерини тан олишди. 1915 йилда Белгия қўшинлари Руанда ҳудудларига бостириб кириб, бу мамлакатни тўлалигича эгаллаб олди.
Германия ва Белъгия маъмурияти туци вакилларига бир қатор имтиёзларни яратиб берди. Бу қабила вакиллари Европада таълим олиш имкониятларига эга бўлди. Ҳокимият хуту қабиласи вакилларига ўта бошлаганини кўрган туци қабиласи 1950 йиллардан бошлаб Руанда мустақиллиги учун кураш йўлига ўтди. 1959 йилнинг ноябридан бошлаб икки қабила ўртасида тўқнашувлар бошланди.
Аввалига хуту қабиласи вакиллари туци қабиласига тегишли уйларга ўт қўйди. Бунга жавобан туци қабиласи ҳам қараб турмади. Юз берган оммавий тартибсизликлар оқибатида одамлар, асосан туци қабиласи вакиллари ўзлари туғилиб ўсган маконларидан бош олиб кета бошлади.
1962 йилда Руанда расман мустақил, деб эълон қилинди. Бўлиб ўтган референдумдан сўнг қирол Кигели бешинчи тахтдан воз кечиб, қўшни Угандага кетишга мажбур бўлди. 1973 йил 5 июль куни юз берган ҳарбий тўнтариш оқибатида ҳокимиятга хуту қабиласининг вакили бўлмиш мудофаа вазири Генерал-майор Жювенал Хабиаримана келди.
Учта этник гуруҳдан ташкил топган Руанда аҳолиси 7 млн кишидан ошади. Аҳолининг 85 фоизини хуту, 14 фоизини туци ва 1 фоизини тва қабиласи ташкил қилади.
«Геноцид» сўзи юнонча — «қабила» ва лотинчадан— «ўлдираман» сўзларининг бирикишидан пайдо бўлган. У жамоавий зўравонлик турини, одамларга миллий, этник ёки ирқий сабаблар ортидан зўравонлик қилиш, уларни қисман ёки тўлалигича йўқ қилиб ташлашни англатади.
Геноцид жиноятларнинг энг ёмони ҳисобланади. Геноцид таърифига аниқлик киритиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолари томонидан 1948 йил 9 декабрда махсус халқаро ҳужжат қабул қилинган. Бу ҳужжатнинг номи Геноцид жиноятининг олдини олиш ва уни содир этганлик учун жазолаш тўғрисидаги конвенция, қисқача айтганда, Геноцид конвенциясидир.
Ушбу халқаро ҳужжат бугунга қадар 142 давлат томонидан ратификация қилинган. Бу эса Конвенцияда қабул қилинган геноциднинг таърифи кўпгина давлатлар томонидан тан олинганидан далолат беради.
Геноцид конвенциясининг 2-моддасига биноан, геноцид деб қайсидир миллий, этник ёки диний гуруҳни бутунлай ёки қисман йўқотишни ният қилиб содир этиладиган қуйидаги ҳаракатлар тушунилади: гуруҳ аъзоларини ўлдириш; гуруҳ аъзоларига жиддий жисмоний ёки ақлий шикаст етказиш; гуруҳ аъзоларини бутунлай ёки қисман йўқ қилишга мўлжалланган ҳаётий шарт-шароитларни қасддан яратиш; гуруҳ ичида бола туғилишининг олдини олишга мўлжалланган чора-тадбирлар кўриш; бир гуруҳга мансуб болаларни бошқа гуруҳга зўрлаб ўтказиш.
3-моддага кўра эса қуйидаги хатти-ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик тайинланади: геноцид, геноцид содир этиш мақсадида тил бириктириш; геноцид содир этишга тўғридан-тўғри ва ошкора ташвиқ қилиш; геноцид содир этишга ҳаракат қилиш; геноцидда иштирок этиш.
Халқаро ҳуқуқда геноцид тушунчасининг энг муҳим жиҳати шундаки, бу жиноят исботланиши учун жиноят маълум бир этник гуруҳни айнан шу гуруҳ аъзоси бўлгани учун қириб ташлаш нияти билан содир этилганлиги исботланиши керак. Бу эса геноцид жиноятининг исботланиши энг қийин бўлган жиҳатидир.
Умуман олганда, жиноят ҳуқуқининг умумий қоидаларига кўра, жиноий жавобгарликка тортиш учун кишининг маълум бир жиноят содир этишга ният қилганлигини кўрсатиш кифоядир. Геноцид жиноятини исботлаш учун эса, шахс айнан маълум бир миллий, этник ёки диний гуруҳни қириб ташлаш нияти билан юқорида санаб ўтилган жиноятлардан бирини содир этганлиги исботланиши керак.
Бинобарин, 1994 йилда Руандада содир этилган геноцидда икки асосий этник гуруҳ ўртасида келиб чиққан низо натижасида кўпчиликни ташкил қилган хутулар озчиликдан иборат бўлган тутсиларни ўлдирган. Бунда хутулар тутсиларни айнан тутси этник гуруҳига мансуб бўлганлари учун қирган.
Руандада содир этилган геноцид юзага келтирган асосий сабаблардан бири – 1994 йилнинг 6 апрель куни Танзанияда бўлиб ўтган халқаро анжумандан қайтаётган Руанда ва Бурунди президентлари тушган самолёт уриб туширилди. Уларнинг ҳар иккиси ҳалок бўлди. Президент Хабиаримана вафотидан кейин кўп ўтмай президент гвардияси аэропорт яқинида бўлган одамларни ўлдира бошлади.
Руанда ҳарбийлари аввал тузилган рўйхат бўйича туци қабиласига мансуб сиёсатчиларни ўлдирди. Ўлдирилганлар орасида хуту қабиласи вакиллари ва тинч аҳоли вакиллари ҳам бор эди. Мамлакат бош вазири Агата Увилингийимана 7 апрель куни ўлдирилди.
Бош вазир уйини қўриқлаётган 10 нафар белгиялик ва 5 нафар ганалик аскар ўз қуролларини топширишга мажбур бўлди. Тинчликни сақловчи кучлари қуролсизланганини кўрган Агата Увилингийимана эри, болалари ва яна бир неча ҳамроҳи билан АҚШ элчихонасига яширинишга ҳаракат қилди. Бироқ ҳарбийлар ва жангарилар бош вазир ва унинг эрини шафқатсизларча ўлдиришди.
Президентлар ҳалокати хуту элатининг экстремистлари учун Руандада ҳокимиятни эгаллаб олишга баҳона бўлди ва сон бўйича улардан оз бўлган туци элати вакилларига нисбатан оммавий қирғинлар бошлаб юборилди.
Таҳлилларга кўра, Руандадаги қирғиннинг тезлиги Иккинчи жаҳон урушида фашистлар томонидан "ўлим лагерлари"да содир этилган қотилликлар тезлигидан беш баробар ошиб кетган.
Хусусий ва давлатга тегишли радиостанциялар аҳолига мурожаат қилиб, туци қабиласига мансуб кишиларни ўлдиришга даъват қилди. Бунинг натижасида кўплаб туци аҳолиси ўзларининг қўшнилари томонидан совуқ қуроллар билан ўлдирилди. Геноцидда қилич, болта, калтак, занжирлардан кенг фойдаланилди.
Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, кўп ҳолларда жабрдийдалар ўзларини қийнаб ўлдирмасликларини, балки отиб ташлашларини сўраб пул беришган. Геноцид давомида одамларнинг тириклайин ёқиб юборилиши билан боғлиқ воқеалар юз бергани, 250 мингга яқин аёлга нисбатан жинсий зўровонлик ишлатилгани айтилади. Ўлимдан омон қолган аёллар эса касалликларга дучор бўлган.
Геноциддан кейин Руанда бир қатор муаммолар билан тўқнаш келди. Жумладан, одамлар ноқонуний равишда ер ва мулкларни эгаллаб ола бошлашди. Бундан ташқари геноцидни уюштириш айби билан қамоққа олишга ўтилди. Қамоқхоналар маҳбусларга тўлиб кетди ва уларни боқиш ҳеч кимнинг хаёлига келмади.
Далалардаги ҳосилни йиғиштириб олишга ҳам эътибор қаратилмади. Бунинг оқибатида очарчилик муаммоси пайдо бўлди. Кўчаларда қолиб кетган ва сувга ташланган мурдаларнинг айниши оқибатида санитария ҳолати ҳам ёмонлашди. Бу, ўз навбатида, вабо эпидемиясини келтириб чиқарди.
Шу йилнинг ноябрь ойида Танзанияда Руанда бўйича Халқаро трибунал иш бошлади. Халқаро трибуналда геноцид ташкилотчилари ва рағбатлантирувчилари суд қилинди.
2008 йил 18 декабрида трибунал собиқ полковник Теонесте Багосоруни инсониятга қарши жиноят содир этганликда айбдор, деб топди ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Маълум бўлишича, у авиаҳалокатдан сўнг мамлакатдаги сиёсий ва ҳарбий вазиятни ўз қўлига олган. Шу сабабли ҳам маъсулият унга тушади.
1994 йил Руандада содир этилган геноцид қурбонларини хотирлаш куни 2003 йилдан буён халқаро хотирлаш куни сифатида бутун дунёда ўтказиб келинади.
2022 йили БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг 1994 йилда туциларга қарши геноцидни хотирлаш 28 йиллиги муносабати билан мурожаатномаси эълон қилинди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Руандада содир этилган геноцид қурбонларини ёдга олиш билан бирга, бугунги кунда Украинада бўлаётган можаролар туфайли тинч инсониятга мисли кўрилмаган зиёнлар ҳақида айтиб ўтди.
Иқбол Абдумажидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош мутахассиси
- Қўшилди: 07.04.2022
- Кўришлар: 3507
- Чоп этиш