(Академик Акмал Саидов билан иккинчи суҳбат: судларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш йўлида)
– Одил судлов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда далиллар мақбуллиги ҳам жуда муҳим экани ислоҳотлар асносида нечоғлик эътиборга олинди?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони далиллар мақбуллиги масаласини аниқлаштиришда принципиал қадам бўлди.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекснинг 95-моддасига 2018 йил 4 апрелда далилларнинг мақбул эмаслигига оид янги нормалар киритилди.
Эндиликда агар далиллар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини чеклаш йўли билан ёхуд Жиноят-процессуал кодекснинг талаблари бузилган ҳолда олинган бўлса, шу жумладан:
биринчидан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаган ҳолда;
иккинчидан, уларни сохталаштириш ё қалбакилаштириш йўли билан;
учинчидан, ҳимояга бўлган ҳуқуқларни, шунингдек, таржимон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган ҳолда;
тўртинчидан, жиноят иши бўйича процессуал ҳаракатнинг мазкур жиноят ишини юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан бажарилиши натижасида;
бешинчидан, номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан;
олтинчидан, жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас деб топилади.
- Далиллар мақбуллиги тамойилининг натижадорлиги қандай?
- Сўнгги беш йилда жами 36 минг 723 нафар шахсга нисбатан асоссиз қўйилган айблов чиқарилган бўлиб, шундан 3 минг 702 нафар шахс оқланган. Бу кўрсаткичлар 2021 йилда, айниқса яхшиланган.
Яъни, асоссиз қўйилган айблов чиқарилган шахс сони 10 минг 115 нафар экани аниқланиб, шундан 932 нафари оқланишига эришилган.
Суд процессида тортишувлик принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида адолатли ва қонуний қарорларни қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш масаласи кун тартибига қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ҳам айни шу масалага доир муҳим вазифалар белгиланди.
Фармон ижроси доирасида, авваламбор, суд процессида тортишувлик принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлаш мақсадида судланувчи, жабрланувчи ва уларнинг вкиллари томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди. Шу билан бирга, барча кодексларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
– Суд қарорлари устида шикоятларнинг янгича мақоми хусусида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Суд қарорлари юзасидан шикоят қилиш босқичлари чуқур ислоҳ қилинди. Авваллари туман судининг ҳукми – 7 та, вилоят судининг ҳукми – 6 та, Олий суднинг ҳукми – 5 та босқичда кўриб чиқилган. Ҳозирги ҳолатда ушбу кўрсаткич барча суд инстанцияларида бир хил, яъни 3 тани ташкил этмоқда.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, жазони ўташ жойларидан шикоятлар келиши йўлидаги тўсиқлар олиб ташланди. Бу борада, айниқса, иккита муҳим натижага эришилди.
Биринчидан, илгари маҳкум ёки унинг адвокатининг кассация шикояти Олий суднинг судьяси томонидан якка тартибда ўрганилгандан кейин протест киритилган тақдирдагина судлов ҳайъатида кўрилган.
Эндиликда судланган томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди. Бу, ўз навбатида, суд процессида тортишувлик принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Иккинчидан, илгари берилаётган шикоятга нисбатан бир қанча талаблар мавжуд эди. Жумладан, барча суд қарорлари ва жавоб хатларини, маҳкумга жазони ижро этиш муассасаси томонидан берилган тавсияномалар, соғлиғи ҳақидаги маълумотнома каби ҳужжатлар тақдим этилмаса, бундай ҳолат шикоятни кўрмасдан қайтаришга асос бўлган.
Ҳозирда қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга асосан, шикоят қилувчи томонидан судга фақатгина шикоятнинг ўзи берилиши кифоядир.
– Сўнгги йилларда судларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлар қўйилди. Жамоатчилик ва матбуот учун эшиклар кенг очилди. Шу ҳақдаги ўз кузатишларингизни газетхонлар билан баҳам кўрсангиз?
– Илгари оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари ва кенг жамоатчилик вакиллари судга киритилмаган. Эндиликда уларнинг судларда эмин-эркин иштирок этиши таъминланмоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида:
биринчидан, судларнинг фаолияти юзасидан турли брифинг, матбуот анжумани ва учрашувлар ўтказиш;
иккинчидан, жамоатчилик эътиборига тушган ишлар судларда кўрилишида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокини таъминлаш;
учинчидан, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, суд фаолиятига дахлдор ахборотлар, воқеликлар, турли маълумотларни онлайн режимда жойлаштириш;
тўртинчидан, телеграм-бот каналлар очиб, унда аҳолига суд фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш орқали аҳолининг судларга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилди.
Айни йўналишда Олий суд Пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Шу асосда қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтирилиши амалиёти жорий этилди. Судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш, суд ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти обзорларини эълон қилиш йўлга қўйилди.
2021 йилда Олий суд томонидан 15 та матбуот анжумани ташкил этилган бўлса, вилоят судлари томонидан 51 та брифинг ўтказилган. Оммавий ахборот воситаларида йил давомида 15 минг 128 та ҳуқуқий тушунтириш ва судлар фаолиятига оид материаллар бериб борилган.
– Бу жараёнда судлар фаолиятини рақамлаштириш ва “Электрон одил судлов” тизими қандай ўрин тутмоқда?
– Мамлакатимиз ҳаётининг бошқа соҳалари каби суд тизими фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва бу соҳани изчил ривожлантириш жуда зарур. Бу, жумладан, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайишида жуда қўл келади.
Давлатимиз раҳбарининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан фуқароларнинг судларга мурожаат қилиш ва суд мажлисида иштирок этиш соҳасида одил судловга эришиш даражаси янада қулайлаштирилди. Шу мақсадда:
биринчидан, фуқаро ва тадбиркорлар масофадан туриб судларга электрон шаклда мурожаат қилиш ва суд ҳужжатларини шу тартибда олиш;
иккинчидан, фуқарони овора қилмаган ҳолда судья томонидан ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали иш учун зарур ҳужжатларни онлайн тарзда олиш;
учинчидан, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисида мобил видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш;
тўртинчидан, суд қарорларини иштирокчиларга инсон омилисиз онлайн тақдим этиш;
бешинчидан, фуқаро судларда ишларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб боришига шароит яратиш;
олтинчидан, Олий суднинг Интерактив хизматлар портали орқали фуқаро суд биносига ташриф буюрмасдан туриб низосини масофадан ҳал қила олишига тааллуқли муҳим тартиблар жорий этилди.
Бу ўринда 2018 йилда “E-XSUD” ягона марказлаштирилган ахборот тизими жорий этилганини алоҳида қайд этиш зарур. Чунки бунинг натижасида:
- ишларнинг ўз вақтида кўрилиши устидан онлайн мониторинг қилиш;
- судларда иш юритишни тўлиқ электронлаштириш;
- иш юритиш самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш;
- маълумотларни тизимлаштириш ва онлайн ҳисобини юритиш йўлга қўйилди.
2018 йил декабридан суд қарорлари Интернет тармоғида эълон қилинмоқда. Ҳозирга қадар қарийб 2 млн суд қарори шу тармоқда эълон қилинган.
2019 йил январидан Олий суднинг Интерактив хизматлар портали ишга тушди. Бу ерда 48 турдаги электрон хизмат кўрсатилмоқда.
Биргина электрон мурожаат қилиш хизматини мисол келтирадиган бўлсак, 2021 йилда 412 минг 265 та электрон мурожаат келиб тушган. Бу жами мурожаатларнинг қарийб ярмини (49,5 фоиз) ташкил этади.
2019 йил майидан “Электрон тўлов тизими” жорий этилди. У суд харажатларини онлайн тўлаш имконини бермоқда.
Ўз навбатида, 2021 йил октябридан суд хабарномаларини электрон тақдим этишга ўтилгани муносабати билан суд мажлиси санаси ва вақти ҳақидаги суд чақирув қоғозларини онлайн тарзда олиш мумкин бўлмоқда.
Ижро варақаларини электрон шаклда ижрога юбориш тартиби татбиқ этилди. Бу эса меҳнат сарфини 9 баробаргача қисқартириш имконини бермоқда.
Ишларни судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимлаш модули ишга туширилди. Бу, ўз навбатида, ишларни холислик, адолат ва тенглик тамойиллари асосида инсон омилисиз тақсимлашга кенг йўл очди.
Судларда ишларни электрон кўринишда шакллантиришга ўтилди. Натижада айни соҳадаги меҳнат сарфи 5 баробаргача қисқартирилди.
Даъво аризаси ва ариза намуналарининг электрон шакллари ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида Олий суд порталига жойланди. Натижада адвокатлик хизматлари учун сарфланадиган маблағлар тежалмоқда.
2020 йил октябрида судлар фаолиятига мобил видеоконференцалоқа тизими жорий этилди. “Видеоконференцалоқа” орқали суд иштирокчилари дунёнинг исталган нуқтасидан туриб, судда иштирок этиши мумкин.
Видеоконференцалоқа тизимининг самарадорлиги ҳақида тўхталганда, ҳозиргача 401 та суд видеоконференцалоқа билан таъминлангани 41 минг 620 та суд мажлисини видеоконференцалоқа ёрдамида ўтказиш имконини берганини таъкидлаш даркор.
Бугунги кунда судларнинг инфратузилмаси изчил ривожлантирилиб, барча судлар оптик толали алоқа тармоғи билан қамраб олинган. Давлат ташкилотлари билан идоралараро электрон ҳамкорликни таъминлаш борасида 28 та давлат ташкилотининг 38 та ахборот тизими билан тўлиқ равишда маълумотлар алмашинуви рақамли технологияга ўтказилди.
Бундай рақамлаштириш тадбирлари аллақачон ўз самарасини бермоқда. Жумладан, ўзаро маълумот олишга сарфланган 25 кунгача бўлган муддатни сонияларгача камайтиришга эришилди. Судларда меҳнат сарфи 10 баробарга қисқарди.
Шу жумладан, суд ва ички ишлар идоралари ўртасида электрон ҳамкорлик ўрнатилди. Бундай ҳамкорлик туфайли маъмурий ишларнинг онлайн тарзда марказлашган ҳолда назорат қилиниши таъминланмоқда.
2021 йил сентябридан профилактика инспекторларининг масофадан туриб судда иштирок этиши йўлга қўйилди. Бундай тарибнинг қулайлик жиҳатлари шундаки:
биринчидан, “Электрон маъмурий баённома” тузилади;
иккинчидан, “Электрон маъмурий иш” яратилди;
учинчидан, суд мажлиси мобил видеоконференцалоқа режимида ўтказилади;
тўртинчидан, суд қарори электрон шаклда юборилади.
Бунга қадар, яъни 2020 йил октябрида маҳбусларнинг суд мажлисларида масофадан туриб иштирокини таъминлашга ўтилган. Бу ўзгариш меҳнат сарфини 5 баробар қисқартирди.
– Мамлакат суд тизимида амалга оширилган шиддатли ва қамровдор ислоҳотлар қандай натижалар бермоқда?
– Бу ўринда, даставвал, жиноят ишлари бўйича судлар фаолиятига доир айрим муҳим далил ва рақамларга тўхталиш мақсадга мувофиқдир.
Биринчи босқич судлар томонидан 2001-2018 йилларда жами 1 млн 232 минг 836 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари кўрилган. Кейинги уч йил – 2019-2021 йилларда бу кўрсаткич муназам кўпайиб борган. Вилоят судлари томонидан худди шу даврда 234 минг 858 нафар шахсга нисбатан ишлар кўрилган бўлиб, 2021 йилда бу кўрсаткич олдинги йиллардагига нисбатан кескин ошган.
Биринчи босқичда кўрилган ҳуқуқбузарлик ишлари ва материаллар 2019 йилда – 438 минг 456 та, 2020 йилда – 390 минг 125 та, 2021 йилда – 475 минг 517 ни ташкил этган. Бу ўринда ҳам сўнгги йилнинг кўрсаткичлари анча ошгани кузатилади.
Биринчи инстанция судларида:
- 2021 йилда кўрилган жиноят ишлари 2019 йилга нисбатан 65 фоизга, 2020 йилга нисбатан 57 фоизга ошган;
- 2021 йилда ҳуқуқбузарлик ишлари 2019 йилга нисбатан 4 фоизга, 2020 йилга нисбатан 26 фоизга ошган;
- 2021 йилда кўрилган жиноят иши материаллари 2019 йилга нисбатан 12 фоизга, 2020 йилга нисбатан 23 фоизга ошган;
- 2021 йилда кўрилган ҳуқуқбузарлик иши материаллари 2019 йилга нисбатан 82 фоизга ошган, 2020 йилга нисбатан 4 фоизга камайган.
Вилоят судлари томонидан бир кунга апелляция инстанциясига тайинланган ишлар сони жиноят ишлари бўйича – 20-85 тани, ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича 70-92 тани ташкил этган. Эътибор беринг: 2022 йил 21-25 февраль кунлари жами 1 минг 255 та иш тайинланган.
2021 йилда энг кўп кўрилган жиноят ишлари орасида фирибгарлик – 18 фоиз, ўғрилик – 15 фоиз, автоавария – 14 фоиздан иборат. Шу даврда энг кўп кўрилган маъмурий ҳуқуқбузрлик ишлари орасида ҳақорат – 20 фоиз, майда безорлик – 14 фоиз, ИИБ ходимлари талабларини бажармаслик – 11 фоиз ва енгил тан жароҳати етказиш – 10 фоизни ташкил этган.
Ўтган йили мамлакат суд тизимида “Юздан ортиқ иш кўрган судьялар” тушунчаси ҳам шаклланиб улгурди. Хусусан, жиноят ишлари бўйича судларда – 298 нафар (жами судьяларнинг 85 фоизи), фуқаролик ишлари бўйича судларда – 241 нафар (жами судьяларнинг 90 фоизи), иқтисодий судларда – 53 нафар (жами судьяларнинг 38 фоизи) судья юзтадан ортиқ ишни кўрган.
Олий судда 2001-2017 йилларда жами 4 минг 73 нафар шахсга нисбатан ишлар кўрилган. Биргина 2021 йилнинг ўзида эса бу кўрсаткич 7 минг 884 нафарга етган.
Яна бир муҳим кўрсаткич: 2001-2017 йилларда Олий судда танлов асосида кўрилган ишларнинг 27 фоизига якуний суд қарори чиқарилган, бунда судьянинг иш юкламаси бир ойда 0,7 тани ташкил қилган.
Ўз навбатида, 2021 йилда Олий судда якуний суд қарори чиқарилган ишлар ҳажми 80,3 фоизга етиб, судьянинг иш юкламаси бир ойда 33,1 тага кўпайган.
Қиёслаш учун: 2018-2020 йилларда Олий судда танлов асосида кўрилган ишларнинг ўртача 45 фоизига якуний суд қарори чиқарилган. Бу даврда ҳар бир судьянинг ойлик ўртача иш юкламаси 6 тани ташкил этган.
2021 йилда жиноят ишларининг юқори босқичда қайта кўрилиши ҳолатига келсак, биринчи босқичда 136 минг 469 та иш кўрилган.
Шундан апелляция босқичида 10 фоиз иш қайта кўрилиб, натижада 1,2 фоизи бекор қилинган. Кассация босқичида эса 5 фоиз иш қайта кўрилган ва шундан 1 фоизи бекор қилинган.
Ўтган йилда юқори инстанция судлари самарадор фаолият олиб борганини қуйидаги омиллар ҳам тасдиқлайди:
биринчидан, вилоятда аппеляцияда кўрилган 11 минг 300 та ишнинг 12 фоизи Олий судда кўрилган;
иккинчидан, Олий суд раҳбарияти қабулида келиб тушган аризаларнинг 60 фоизи;
учинчидан, жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлардан келган аризаларнинг 28 фоизи;,
тўртинчидан, бевосита тарафлар шикояти ва прокурор протестларининг 6 фоизи ҳам юқори инстанция судларида кўрилган.
– Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар фаолиятига тааллуқли шундай аниқ маълумотларни тақдим эта оласизми?
– Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг иш ҳажми ва натижадорлиги ҳам кейинги йилларда ортиб бормоқда. Хусусан, биринчи босқичда кўрилган ишлар 2019 йилда – 275 минг 129 та, 2020 йилда – 288 минг 590 та, 2021 йилда – 517 минг 945 тани ташкил этган.
Вилоят судларида 2019 йилда – 13 минг 293 та, 2020 йилда – 10 минг 490 та, 2021 йилда – 13 минг 525 та иш кўрилган. Шу ишларнинг 25 фоизи бўйича Олий судга шикоят қилинган.
Олий судда 2018-2020 йилларда танлов асосида кўрилган ишларнинг ўртача 75 фоизига якуний суд қарорлари чиқарилган ва ҳар бир судьянинг ойлик ўртача иш юкламаси 5,4 тани ташкил этган.
Айни чоғда, 2021 йилда Олий судда кўрилган ишларнинг 95, 4 фоизи бўйича якуний суд қарорлари чиқарилган ва ҳар бир судьянинг ойлик ўртача иш юкламаси 14,8 тага етган.
Маъмурий судларда биринчи босқичда 2019 йилда – 25 минг 539 та, 2020 йилда – 23 минг 253 та, 2021 йилда – 23 минг 813 та иш кўрилган. Вилоят судларида кўрилган ишлар 2019 йилда – 3 минг 129 та, 2020 йилда – 2 минг 680 та, 2021 йилда – 4 минг 79 тани ташкил этган. Олий судга шу ишларнинг 25 фоизи бўйича шикоят тушган.
2021 йилда Олий судда кўрилган ишларнинг 93 фоизи бўйича якуний суд қарорлари чиқарилган ва ҳар бир судьянинг ойлик ўртача иш юкламаси 10,5 тани ташкил қилган.
Бинобарин, Олий судда 2018-2020 йилларда танлов асосида кўрилган ишларнинг ўртача 77, 6 фоизига якуний суд қарорлари чиқарилган ва ҳар бир судьянинг ойлик ўртача иш юкламаси 3,1 та бўлган.
Ўз навбатида, иқтисодий судларнинг биринчи босқичида кўрилган ишлар 2019 йилда – 190 минг 85 та, 2020 йилда – 102 минг 68 та, 2021 йилда – 172 минг 662 тани ташкил этган.
Вилоят судларида 2019 йилда – 4 минг 79 та, 2020 йилда – 3 минг 545 та, 2021 йилда – 7 минг 805 та иш кўрилган. Шу ишларнинг 17 фоизи бўйича Олий судга шикоят қилинган.
Олий судда 2018-2020 йилларда танлов асосида кўрилган ишларнинг ўртача 75,1 фоизига якуний суд қарорлари чиқарилган ва ҳар бир судьянинг ойлик ўртача иш юкламаси 4,9 тани ташкил этган.
2021 йилда Олий судда кўрилган ишларнинг 81, 1 фоизи бўйича якуний суд қарорлари чиқарилган ва ҳар бир судьянинг ойлик ўртача иш юкламаси 8,4 тага етган.
– Олий суд таркибий тузилмаларининг фаолиятига доир далил ва рақамларга ҳам мурожаат этиш мумкинми?
– Бу ўринда, биринчи навбатда, Олий суд раҳбарияти томонидан 2017-2021 йилларда 67 минг 801 нафар шахс қабул қилинганини қайд этиш лозим.
Хусусан, 2021 йилда 18 минг 658 нафар фуқаронинг 92,1 фоизи – сайёр қабулларда, 6,4 фоизи – идорада, 1,5 фоизи – видеоконференцалоқа тизими ёрдамида қабул қилинган.
Олий судга 2021 йилда портал орқали 83 минг 682 та мурожаат келиб тушган. Шундан 94 фоизи бўйича тушунтириш берилган, 5 фоизи қаноатлантирилган ва 1 фоизи тугатилган.
Мазкур мурожаатларнинг:
- 14 фоизи – ишларни қонуний кўриб чиқиш билан боғлиқ;
- 13 фоизи – порталдан келган аризаларни судда кўришга тааллуқли;
- 10 фоизи – суд қарорлари ижросига алоқадор ҳисобланади.
Олий суднинг 2017-2021 йиллардаги қонунчилик ташаббуси ва ҳуқуқий экспертиза соҳасидаги фаолиятига оид айрим рақамларни ҳам келтирамиз.
Шу даврда Олий суд томонидан қонунчилик ташаббусидан фойдаланган ҳолда 215 та қонун ҳужжати киритилган. Шунингдек, Олий суд Пленумининг 44 та қарори ишлаб чиқилган ва қабул қилинган.
Олий суд қонун лойиҳалари бўйича беш йилда 2 минг 746 та хулоса тақдим этган. Йиллар бўйича таҳлил этганда, бў кўрсаткич 2017 йилда – 314 та, 2018 йилда – 374 та, 2019 йилда – 628 та, 2020 йилда – 575 та, 2021 йилда – 855 тани ташкил этган.
Ғулом Мирзо суҳбатлашди
- Қўшилди: 08.04.2022
- Кўришлар: 4069
- Чоп этиш