12 апрель – Жаҳон авиация ва космонавтикаси куни
Тарихга бир назар солайлик: 1961 йил 12 апрель куни Москва вақти билан соат 09:07 да «Бойқўнғир» космодромидан ичида Юрий Гагарин ўтирган «Восток» фазовий кемасининг учишига старт берилади. Парвоз муваффақиятли амалга ошади. Коинотга қўйилган илк қадам – инсониятнинг буюк ютуғига айланади.
Очиқ коинотга чиққан Гагарин алоқа орқали ўзининг таассуротлари ҳақида мунтазам гапириб турган. Унинг «Ер устидаги булутларни ва улардан ерга тушаётган сояни кузатаяпман. Жуда чиройли. Диққат! Ернинг горизонтини кузатаяпман. Барчаси жуда гўзал» деган сўзлари бортдаги магнитофонга ёзиб олинган.
Юрий Гагарин бортда турли синовлар ўтказиб кўради: еб-ичади, қалам ёрдамида сурат чизади, барча жараён ҳақида ҳисобот ёзиб боради. Фазогир билан алоқа ўрнатиб турган жамоага вазнсизлик ҳолатида унинг руҳияти қандай бўлиши муҳим эди.
Гагариннинг ўзини тутишидан вазнсизлик ҳолати инсон руҳиятига мутлақо таъсир қилмаслиги маълум бўлади. Унинг 1 соату 48 дақиқа давом этган парвози ниҳоясига етганидан сўнг пастга тушишда фазовий кеманинг тормоз тизими бироз панд беради. Оқибатда атмосферага киришдан 10 дақиқа олдин космик кема секундига 1 айланиш тезлигида айлана бошлайди.
Юрий Гагарин, парвозни кузатаётганларни хавотирга қўймай, кема бортида фавқулодда вазият содир бўлгани ҳақида хабар беради. Кема атмосферанинг зич қатламига кирганда ундаги туташтирув симлари ёна бошлайди. Унгача Гагарин ракета қисммларини ажратиш буйруғини қабул қилган эди. Натижада Гагарин жойлашган қисм ёнғин юзага келган қисмдан сўнгги сонияларда ажралиб улгуради.
Ерга қўнишга 7 минг метр қолганда Гагарин махсус катапультадан фойдаланади. Натижада 108 дақиқалик парвозда Ер шарини бир бор айланиб чиққанидан сўнг у Саратов областининг Смеловка қишлоғи яқинига келиб тушади.
Инсониятнинг ер атмосферасидан юқорига – очиқ коинотга чиқиши том маънода улкан воқелик эди. Бу борадаги буюк хизматлари учун Юрий Гагарин «Совет иттифоқи қаҳрамони» ва «СССР космонавт-учувчиси» унвонлари, «Олтин юлдуз» ва «Ленин ордени» билан мукофотланган.
Гагарин, шунингдек, дастлаб собиқ СССР республикаларини, сўнг 30 та хорижий мамлакатни айланиб чиққан. Жумладан, 1961 йилдан – 1968 йилгача юртимизга олти марта келган ва ҳар гал катта тантаналар билан кутиб олинган.
Юрий Гагариннинг илк космик парвозидан буён қирққа яқин мамлакатнинг 400 нафардан ортиқ фазогири коинотга парвоз қилди. Космонавтлар куни байрами даставвал фақат собиқ СССРда нишонланган бўлса-да, иккинчи фазогир – Герман Титовнинг таклифи билан ушбу санани халқаро байрам куни сифатида нишонлаш ташаббуси БМТга киритилган.
Ўз навбатида, 1968 йили бўлиб ўтган Халқаро авиация федерациясининг 61-Бош конференциясида 12 апрелни – Бутунжаҳон авиация ва космонавтика куни деб эълон қилишга келишиб олинган.
Шу тариқа БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 7 апрелдаги резолюциясига мувофиқ, Юрий Гагарин парвозининг 50 йиллиги муносабати билан 12 апрель – Инсоннинг коинотга парвози куни халқаро байрам сифатида ҳар йили дунё миқёсида нишонланадиган бўлди.
БМТнинг ушбу резолюциясида, шунингдек, коинотни ўзлаштиришда бутун инсониятнинг умумий манфаатларини рўёбга чиқариш, космосни фақат тинчлик мақсадларида тадқиқ қилиш, барча давлатларнинг космик тадқиқотлардан тенг манфаат кўрилишини таъминлаш кераклиги алоҳида қайд этилган.
Ўзбекистоннинг Юрий Гагарин парвози, умуман, ХХ асрда коинотнинг забт этилиши билан боғлиқ кашфиёт ва натижаларда ўзига хос ҳиссаси бор. Афсуски, бу соҳада фидокорлик кўрсатган юртдошларимизнинг хизматлари, илмий ишлари ва ихтиролари билан боғлиқ муҳим маълумотлар соҳага алоқадор музей ҳамда архивларда сақланаётганини кўпчилик ҳалигача билмайди.
Зотан, инсониятнинг олис тарихида фазони ўрганиш борасида улуғ аждодларимиз ҳамиша пешқадам бўлганлар. Бу фикримизни биргина Мирзо Улуғбек ҳазратларининг машҳур “Зижи Кўрагоний” жадвали ва Самарқанддаги муаззам расадхона яққол тасдиқлайди.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда миллий коинот инфратузилмасини яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу илғор соҳани ривожлантириш учун давлатлар ўртасида ва хусусий ҳамкорлар иштирокида хорижия инвесторларни жалб этишга урғу берилаётгани ҳам жуда муҳим.
Чунки мамлакатимиз ҳудудида Майданак расадхонаси, Суффа платоси каби фазовий фаолиятга дахлдор стратегик иншоотлар мавжуд. Янги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда, ана шу объектларнинг аҳамиятига муносиб баҳо берилаётгани таҳсинга сазовор.
Энг асосийси, халқимизнинг қоракўз фарзандлари орасида улуғ аллома аждодларимиз каби коинот кўламлари қадар теран фикрлайдиган, сайёралар ва юлдузлар асрорини кашф этиш орзу-иштиёқи томирларида қайноқ қон каби гупириб турган баркамол авлодимиз вояга етиб келмоқда.
Ойдин Иброҳимова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бош мутахассиси
- Қўшилди: 12.04.2022
- Кўришлар: 3489
- Чоп этиш