Пойтахтимизнинг “Шаҳидлар хиёбони” мажмуасидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо қаламига мансуб “Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қисмати)” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Янги китоб тақдимоти баҳонасида, шу муборак Рамазон ойида барча қатағон қурбонларини яна бир марта ёдга олиб, дуои фотиҳа қилдик. Уларнинг аянчли тақдири ҳақида мушоҳада юритдик.
Айниқса, тақдимот маросимида таниқли давлат ва жамоат арбоби, йирик олим ва публицист, академик Акмал Саидовнинг фикрлари менга бирдай манзур бўлди. Ҳурматли олимимиз китобнинг нечоғлик долзарб ва муҳим аҳамиятга эга эканини теран асослаб берди.
Ҳақиқатан ҳам, мазкур китоб чуқур илмий изланишлар ва бадиий маҳорат уйғунлиги асосида битилган. Шу боис уни ўқиган ҳар бир киши кўҳна тарихимизнинг номаълум саҳифалари билан танишиб, ўша оламга кириб қолгандай ҳис этади ўзини.
Чунки “Эй, дарвеш” қиссасида тасвирланган замон ва макон, воқеа ва ҳодисалар, ота-боболаримизнинг кечмишлари ёзувчи фантазиясининг маҳсули эмас, балки далил ва мисоллар, аниқ факт ва рақамлар, замондошлар гувоҳликларига асосланган ҳаётий воқеалардир. Шунинг учун ҳам тақдимот иштирокчилари томонидан китобга тарихий-ҳужжатли маънавий-маърифий қисса дея баҳо берилгани бежиз эмас.
Китобни қўлга олиб, муқова ва саҳифалардаги замонавий матбаа-нашр дизайни услубини кўрибоқ, аждодларимизнинг ўтмиш ҳаёти кўз олдингизда гавдаланади. Қиссани варақлар экансиз, қатағон даврининг азобли ва дардчил воқеалари изтиробли таассурот уйғотмай қолмайди.
Зеро, муаллиф воқеалар ривожини шунчалар оддий, равон, халқчил услубда таърифлаганки, китобнинг биринчи, иккинчи ва учинчи саҳифасидаёқ, сиз асарнинг ўқувчисига эмас балки ўша давр воқеаларининг асл иштирокчисига айланиб қолгандай сезасиз ўзингизни.
Қисса бош қаҳрамони Қашқадарёнинг олис қишлоқларидан бирида яшаб ўтган Мирза Сўфи Тўлаев – шўролар замони қатағонларига учраб, беадад жафо чеккан жабрдийда юртдошларимиздан бири бўлган. Қишлоқ масжиди имоми Мирза Сўфи ГПУ, НКВД, МВД, КГБ зиндонлари, машъум ГУЛАГ лагерларидаги машаққатлар, ҳақорат, туҳмат ва қийноқларга қарамасдан ўзлигини йўқотмаган, эътиқодидан воз кечмаган, бутун умри давомида меҳнаткаш халқимизга хизмат қилган.
Мирза Сўфи ана шундай заҳматкаш, курашларда тобланган, қўрқмас ва камтарин инсонларнинг тимсолидир. Шу жиҳатдан олганда, мазкур қиссани иймон-эътиқодли, эзгу ниятли, метин иродали аждодларимизга қўйилган муносиб маънавий ёдгорлик, дейиш мумкин.
Хулоса ўрнида “Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қисмати)” китоби айрим таклифларимни ҳавола этаман.
Биринчидан, қисса асосида ҳужжатли фильм ишлаш ва уни Қатағон қурбонлари музейи ва музейнинг вилоятлардаги барча филиалларига тақдим этиш лозим.
Иккинчидан, китобдаги воқеалар асосида бадиий фильм тасвирга олинса ва кенг намойиш этилса, маънавий-маърифий тарбия учун муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Учинчидан, қиссанинг ихчамроқ матнини электрон шаклда ва овозли тарзда интернет тармоғига жойлашни тавсия этаман.
Буларнинг барчаси ёш авлодимиз китобда ҳикоя қилинган ҳаётий воқеалар билан яқиндан танишиши учун қулай имконият яратади, деб ўйлайман.
Собир ҚУРБОНОВ,
фахрий журналист, сиёсатшунос,
тарих фанлари номзоди
- Қўшилди: 14.04.2022
- Кўришлар: 2897
- Чоп этиш