Жорж Вашингтон университети ҳузуридаги Марказий Осиё тадқиқотлари дастури майдончасида Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган онлайн-брифинг ташкил этилди.
Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институти томонидан илгари сурилган ташаббус - Марказий Осиё тадқиқотлари дастурининг илмий-тадқиқот фаолияти хавфсизлик, ривожланиш, давлат қурилиши ва минтақавий ҳамкорлик каби тўртта асосий йўналишни қамраб олган. Лойиҳа доирасида ҳар йил форум, семинар ва халқаро конференциялар ташкил этилади.
Ушбу тузилманинг мақсади Марказий Осиёда академик тадқиқотни ривожлантириш, академик доиралар ва сиёсий ҳамжамият ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш, сиёсатни шакллантирадиган академик, дипломатик ва ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида мунозара майдонини яратишга қаратилган.
Навбатдаги брифингда Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов, АҚШ Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раиси Надин Маэнза, БМТ Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид, Бригам Янг университети Ҳуқуқ ва динни ўрганиш халқаро маркази директори ўринбосари Элизабет Кларк, Жанубий Калифорния университети доценти Стив Свердлов маъруза қилди.
Ўзбекистон элчиси иштирокчиларни мамлакатимизда дин эркинлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатлар билан таништирди. Хусусан, сўнгги йилларда диний ташкилотларни рўйхатга олиш, бундай тузилмалар фаолияти тартибини енгиллаштириш, болалар ибодат масканига тўсиқсиз киришини таъминлаш, ибодат жойида рейд ўтказишни тўхтатиш ва бошқа соҳаларда эришилган натижалар алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, инсонийлик тамойилига асосланиб, тақиқланган ташкилотда қатнашганлиги учун судланган, аммо тузалиш йўлига кирганларни афв этиш ва уларни нормал ҳаётга реинтеграция қилиш одатий амалиётга айланди. Сўнгги йилларда Яқин Шарқдаги экстремистлар назоратидаги ҳудудларга алданиб бориб қолган 531 нафар Ўзбекистон фуқароси, асосан, аёллар ва болаларни Ватанга қайтариш учун беш марта "Меҳр" махсус операцияси амалга оширилди.
Надин Маэнза, ўз навбатида, сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистонда диний эркинлик соҳасида изчил ўзгаришлар амалга оширилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакат раҳбарияти ушбу масалага жиддий эътибор қаратаётгани, ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар билан мулоқотга асосланган тизимли ислоҳотлар ҳаётга тадбиқ этилаётгани таҳсинга лойиқ. Ҳукумат алоҳида маҳбусларга қандай муносабат билдираётганини кўряпмиз. Бу саъй-ҳаракатлар диний эркинлик соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми ҳамда навбатдаги муҳим қадами бўлиши мумкин.
- 2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги биринчи кузатувчиси бўлганман - дейди Аҳмад Шаҳид. - Махсус маърузачининг ташрифи якунлари бўйича ҳукумат нафақат яқин ҳамкорликка тайёрлигини билдирди, балки БМТ эксперти тавсиялари асосида бу йўналишдаги ислоҳотлар “Йўл харитаси”ни ҳам қабул қилди. Бундай амалиёт БМТ тизимида мисли кўрилмаган воқеа. Биз Ўзбекистон эришаётган юксак ютуқларни алоҳида эътироф этишимиз керак.
- Дунёнинг кўплаб мамлакатларида диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласида тўплаган тажрибамдан келиб чиқиб, Ўзбекистон очиқ иш юритиш, хорижий экспертлар билан ҳамкорлик қилиш, қонунчилик базасини биргаликда такомиллаштиришга тайёр, дейишим учун барча асос бор, - деди Элизабет Кларк. - Республика диний эркинликни яхшилаш бўйича минтақада етакчи. Энг муҳим ўзгаришлардан бири - рўйхатга олиш жараёни соддалаштирилгани. Бу, айниқса, янги диний ташкилотлар учун ўта муҳим.
- Қўшилди: 19.04.2022
- Кўришлар: 2680
- Чоп этиш