Бир ойдан кейин, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатимиз пойтахтида янги тарихий маълумотлар ва ҳар жиҳатдан пухта ишланган лойиҳалар асосида бунёд этилган «Матонат мадҳияси», «Мангу жасорат», «Кўз ёши» монументлари ҳамда «Шон-шараф» давлат музейини ўзида қамраган муҳташам «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси очилганига 2 йил тўлади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади.
«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасини ҳар гал зиёрат қилганимда, ушбу фикрларнинг нечоғлик ҳаққоний ва ҳаётий эканига қайта-қайта амин бўламан. Зиёрат асносида хаёлимдан шундай ўй кечади: "Ҳар нарсага чидаш мумкин, фақат уруш бўлмасин! Урушни бизга ҳам, фарзандлару набираларимизга ҳам кўргулик қилмасин, илоҳим".
Кейинги вақтда оммавий ахборот воситалари ва Интернет саҳифаларида турли мамлакатларда академик Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби тақдимоти бўлиб ўтгани ҳақида ёритилаётган хабар ва репортажлар эътиборимни тортди. Жорий йил бошидан буён Россия ва Қозоғистон шаҳарларида ташкил этилган бир нечта тақдимот тадбирлари шулар жумласидандир.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур тақдимотларда аввало китобнинг ёзилиш сабаблари, ундаги статистик рақамларнинг янги архив маълумотлари асосида келтирилганлиги, Ўзбекистоннинг Ғалаба йўлида ҳар бир соҳада қўшган ҳиссаси ҳақида атрофлича сўз юритилган. Коронавирус пандемияси даврига қарамасдан, 2020 йили Тошкент шаҳрида барпо этилган “Ғалаба боғи” мажмуасига бағишланган китоб саҳифаларида боғ таркибидаги ҳар бир ёдгорлик маъно-моҳияти чуқур очиб берилгани алоҳида қайд этилган.
Китоб тақдимотларида Иккинчи жаҳон уруши даврида юртимизга эвакуация қилинган рус, украин ва беларусь зиёлиларининг ўзбек халқи ва унинг юксак инсоний хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган шеърлари ва сўзларидан иқтибослар келтирилгани ҳам аҳамиятлидир. Шунингдек, “Ғалаба боғи”нинг барпо этилиши ва тақдим этилган китобнинг чоп этилиши замирида, авваламбор, ўсиб келаётган ёш авлодда Ватанга бўлган муҳаббат туйғусини ривожлантириш, уларни тарихий хотирани унутмаслик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсади мужассам экани алоҳида таъкидланган.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки китоб тақдимотидан кўзланган мақсад – Россия ва собиқ иттифоқнинг бошқа республикалари сингари Ўзбекистон ҳам Иккинчи жаҳон уруши ғалабасига ўз фарзандларининг қони ва меҳнати билан муносиб ҳисса қўшганлигини ҳамда ўзбек оналари рус, беларусь, яҳудий ва бошқа миллатга мансуб етим болаларни қалбига босиб парвариш қилганини яна бир бор жаҳон жамоатчилигига, хусусан, ўсиб келаётган авлодга етказишдан иборатдир. Тақдимотлар иштирокчиларда катта таассурот қолдиргани ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилгани бу борада кўзланган мақсадга эришилганидан далолат беради.
Ҳақиқатан ҳам, “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби Иккинчи жаҳон урушида беқиёс мардлик ва жасорат кўрсатган ўзбекистонлик жангчилар, фронт ортида матонат ва буюк инсонпарварлик фазилатларини намоён қилган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг миқёсда тарғиб этишга хизмат қилади. Шунинг учун ушбу китоб турли мамлакатлар илмий-ижодий доиралари томонидан қизғин кутиб олинди.
“Ғалаба боғи фалсафаси” китобида инсоният тарихининг энг оғир, энг мудҳиш бир даври – Иккинчи жахон уруши келтириб чиқарган мислсиз даҳшатларни енгиб, урушда эришилган буюк Ғалабага улкан ҳисса қўшган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг жасорати ва матонати ҳеч қачон унутилмаслиги, жасур аждодларимизнинг хотираси абадийлаштирилиши йўлида мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу амаллар тараннум этилган. Шу маънода, бу салмоқли нашрни Иккинчи жаҳон уруши давридаги Ўзбекистон ҳаётининг мўъжаз энциклопедияси, дейиш мумкин.
Бинобарин, 2021 йилда “Тасвир” нашриёти билан ҳамкорликда «KOLORPAK» МЧЖ босмахонасида юксак дид ва замонавий матбаа дизайни асосида ўзбек, инглиз ва рус тилларида катта ададда чоп этилган “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби пойтахтимизда муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси очилганининг 1 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
Китобда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳикоя қилинган. Муаллифнинг фикр ва мушоҳадалари аниқ далил ва рақамлар, тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар, тегишли мавзудаги шеърлар ва тасвирий санъат асарларидан намуналар билан мустаҳкамланган.
“Ғалаба боғи фалсафаси” китобида уруш қатнашчилари, фронт орти қаҳрамонлари, давлат ва жамоат арбоблари, зиёлиларнинг таъсирчан хотиралари ҳам берилган. Шу билан бирга, “Совет иттифоқи қаҳрамони” унвони ва учала даражадаги «Слава» («Шуҳрат») орденига сазовор бўлган ўзбекистонликлар ҳамда Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги генераллари тўлиқ рўйхати илова қилинган.
Яна бир муҳим жиҳат: китобда Иккинчи жаҳон уруши йилларида Европада юзага келган реал вазият ва Ғалабага эришишда ўзбек халқининг иштироки ҳақида янгидан-янги тарихий далиллар ва мутлақо янгича қарашлар ўз аксини топган.
Энг асосийси, китобда Президентимизнинг ташаббуси ва ғоялари асосида ташкил этилган Ғалаба боғининг фалсафаси, содда қилиб айтганда, моҳияти ва аҳамияти тарихий ҳужжатлар асосида теран таҳлил этилган. Китоб ниҳоятда ўқишли, аниқ далилларга бой, равон усулда ёзилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, «Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир».
Фурсатдан фойдаланиб, аввало юртдошларимизни шу кунларда «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси зиёратига албатта боришларини тавсия этиб қоламиз. Академик А.Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби мутолааси эса ана шу амалий зиёратни фалсафий-маърифий мазмун-моҳият билан бойитишига ишонамиз.
Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимиз ташаббуси ва ғоялари, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан ушбу бетакрор мажмуани қуришдек эзгу ташаббус замирида юртдошларимизнинг беаёв жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаб, камол топтириш мақсади ўз мужассамини топган.
“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси тимсолида тинчликсеварлик ва инсонпарварликнинг ўзбекона фалсафаси амалда ёрқин намоён бўлган. Халқона тинчликпарвар сиёсатга бундай янгича, бунёдкорона ёндашув, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият ҳамдир.
Ойдин Иброҳимова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бош мутахассиси
- Қўшилди: 26.04.2022
- Кўришлар: 3227
- Чоп этиш