2022 йил 26-27 апрель кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган 7-сонли, Чирчиқ шаҳрида жойлашган 13-сонли, Олмалиқ шаҳрида жойлашган 14-сонли жазони ижро этиш муассасалари ҳамда Охангарон шаҳрида жойлашган 44-сонли, Олмалиқ шаҳрида жойлашган 49-сонли, Охангарон туманида жойлашган 48-сонли манзил колониясида жиноят-ижроия қонунчилиги ижроси аҳволи юзасидан ва инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича мониторинг ўтказилди.
Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти экспертларидан иборат мониторинг гуруҳи аъзолари иштирокида амалга оширилди.
Экспертлар дастлаб жазони ижро этиш муассасаларида суд ҳукми билан тайинланган жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Хусусан, ишчи гуруҳи аъзолари муассасалар ички худудида жойлашган даволаш профилактика-ёрдам кўрсатиш бўлимларида даволанаётган маҳкумлар ва шифокор ходимлар билан суҳбатлар ўтказди.
Шунингдек, муассасаларнинг яшаш саҳнларида жойлашган маҳкумлар ётоқхоналари кўздан кечирилди. Жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан уларга яратилган шарт-шароитлар, озиқ-овқатларнинг сифати, меҳнат шароитлари, муассаса ходимларининг муомаласи, тазйиқ ва зўравонликлар содир этилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди.
Маҳкумларга жазо муддатини ўташ даврида белгиланган кун тартиб қоидаларига сўзсиз риоя қилиш, тартиббузарлик содир этмаслик, оилалари бағрига тез кунларда қайтишлари хусусида маслаҳатлар берилди.
Бундан ташқари, гуруҳ аъзолари томонидан муассасалардаги маҳкумлар ошхонаси, тайёрланаётган овқат сифати, савдо дўкони ва кутубхоналар кўздан кечирилди. Маҳкумлар савдо дўконида мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари турлари билан танишилиб, маҳсулотлар турларини янада кўпайтириш бўйича таклифлар берилди.
Маҳкумлар учун ташкил этилган кутубхоналарни кўздан кечириш чоғида у ердаги китоблар рўйхатига эътибор қаратилди. Маҳкумлар ва кутубхона иш юритуви бўйича масъуллардан тарбиявий аҳамиятга эга бадиий китобларни янада кўпайтириш ҳақида тегишли таклифлар қабул қилинди.
Мониторинг жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари муассасаларда маҳкумларнинг ишлаб чиқариш цехларида ҳам бўлди. Улар томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар кўздан кечирилди.
Маҳсулотлар тури ва сифатини янада яхшилаш, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳажмини ошириш борасида амалий таклифлар билдирилди. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш цехларида маҳкумлар меҳнатини мухофаза қилиш бўйича масъул идора вакиллари томонидан тегишли йўл-йўриқлар берилди.
Экспертлар мазкур муассасаларда пенсия ёшидаги, ногиронлиги бўлган ва турли сабаблар билан меҳнатга яроқсиз бўлган маҳкумлар билан учрашдилар. Уларга яратилган шарт-шароитлар, барча тоифадаги маҳкумлар учун бўш вақтни бекор ўтказмаслик, спорт билан шуғулланиш, китоб ўқиш, тиббий хизматдан фойдаланиш учун яратилган шарт-шароитлари билан яқиндан танишдилар. Бу мавзуда тегишли масъул ходимлар билан суҳбатлар уюштирилди.
Жазо муддатини ўтаётган айрим маҳкумлар билан алоҳида учрашув ўтказилди. Уларнинг саволларига ҳуқуқий жиҳатдан батафсил жавоблар берилди, қонуний йўл-йўриқлар кўрсатилди.
Ҳар бир муассасада маҳкумларга яшаш, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш шароитларини яхшилаш учун қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари ана шу ишлар билан яқиндан танишдилар.
Колонияларда хизмат ўтаётган ходимлар билан ҳам суҳбат ўтказилди. Уларга қонунийликка риоя қилиш, хизмат интизомини бузмаслик, иш вазифасига виждонан ёндашиш, ҳалол ва пок ишлаш, маҳкумларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузмаслик юзасидан кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Мониторинг якунида муассасалар маъмурияти билан келажакдаги режалар, таклиф ва мулохазалар ҳақида амалий суҳбатлашилди. Ўз навбатида, маъмурият вакиллари бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Отабек Норбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 29.04.2022
- Кўришлар: 2914
- Чоп этиш