Болалар масалалари бўйича миллий комиссия фаолияти – сенаторлар муҳокамасида

2022 йил 28 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамраисининг ўтган давр мобайнидаги фаолияти юзасидан ахбороти ҳам эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати маълум қилганидек, Президентнинг 2021 йил 9 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда ҳудудий комиссиялар фаолияти йўлга қўйилган.

Миллий комиссия ва ҳудудий комиссияларнинг тегишинча ишчи органи сифатида Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларида болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари фаолияти йўлга қўйилган. Соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш мақсадида манзилли ўқув семинарлари ташкил қилинган.

“Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчаси ва “SOS” болалар маҳаллалари уюшмаси қарамоғидаги 1 392 нафар етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола ўз оиласи ва яқин қариндошлари тарбиясига ўтказилгани натижасида 10 та “Меҳрибонлик” уйи, 4 та болалар шаҳарчаси ва 2 та болалар уйи фаолияти тугатилган.

Фарзандликка олиш жараёнида инсон омилини қисқартириш ва рақамлаштириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан mu.maktab.uz платформаси яратилган.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари” тизими жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда “Меҳр дафтари”га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланган. Мазкур жамғармага 18 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар келиб тушган.

Сенаторлар амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам мавжудлигига эътибор қаратдилар.

Жумладан, Миллий комиссия томонидан давлат органлари ва ташкилотларнинг, шунингдек, ҳудудий комиссияларнинг болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси талаб даражасида бажариляпти деб бўлмайди.

Оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида болаларни қабул қилган оилаларга ҳамда тутинган ота-оналарга бериладиган тўловлар, имтиёзлар, компенсациялар тизимини кенгайтириш, шунингдек, Республика болалар ижтимоий мослашув марказининг фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.

Туман (шаҳар) болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари мутахассислари “Меҳр дафтари” платформасидан фойдаланиш кўникмасига эга эмаслиги оқибатида “Меҳр дафтари” тизимини ҳаётга татбиқ этиш ишлари етарли даражада ташкил қилинмаган. Фарзандликка олиш жараёнида инсон омилини қисқартириш мақсадида ташкил қилинган mu.maktab.uz платформасида фарзандликка олишни истовчи номзодларнинг электрон навбати йўлга қўйилмаган.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни васийликка ва ҳомийликка олган оилалар учун минимал стандартлар ишлаб чиқилмаган. Ривожланган хорижий давлатлар тажрибалари асосида ихтисослаштирилган касбий салоҳиятли тутинган (фостер) оилаларни ташкил қилиш ва болаларни уларга жойлаштириш ишлари йўлга қўйилмаган.

Ҳудудларда узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш жараёнида дарс машғулотлари мунтазамлиги ва давомийлиги таъминланмаган. Аксарият мактаблар директорлари ва ўқитувчилари якка тартибда дарс ўтиш бўйича меъёрий ҳужжатлардан хабардор эмас, баҳолаш (ўзлаштириш) табели йўқ ва ўқувчиларнинг йиғма жилди шакллантирилмаган. Ушбу тоифадаги ўқувчиларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш чоралари кўрилмаган.

Муҳокамалар якунида сенаторлар томонидан санаб ўтилган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ифодаланган қарор қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди, дейилади uza.uz хабарида.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech