ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ ВА ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил 29 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу ижобий ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла ТИЛЛАБОЕВ ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан боғлиқ саволларимизга жавоб берди.

– Мазкур Қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш заруратини нима билан изоҳлайсиз?

– Қонун Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 24 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ва қабул қилинган. Мурожаатномада тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратилганди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига қийноқларнинг олдини олиш юзасидан фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқарган ҳамда мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатган омилларни бартараф этиш бўйича вазифалар юкланганди.

Бу ўринда 2021 йил 26 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингани муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Қарорда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, Омбудсман ҳузурида Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари тузилди.

Бундан ташқари, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил этилди. Бугунги кунга қадар бу курсларда соҳанинг 1 минг 200 дан ортиқ ходими ўқитилди.

Эътибор беринг: Президент қарорида қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш – қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бундай жиноятдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ишлаб чиқиш кўзда тутилди.

Шу маънода, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши, авваламбор, Ўзбекистон Президентининг тегишли топшириқлари амалда татбиқ этилишини таъминлади. Қолаверса, миллий қонунчиликда бу борада мавжуд бўшлиқ тўлдирилди.

Қонун билан Фуқаролик кодексига қандай ўзгартиришлар киритилди?

– Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 991-моддасида терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарлик кўзда тутилган.

Биринчидан, мазкур моддага зарур ўзгартиришлар киритилди. Яъни, эндиликда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарарнинг тўла ҳажмда тўлаб берилиши белгилаб қўйилди.

Иккинчидан, давлат органлари мансабдор шахсларининг бундай ҳаракатлари ғайриқонуний равишда содир этилганда жабрланувчига руҳий ва жисмоний азоб етиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, бунда жабрланувчи бошидан кечирган оғир ички кечинмалари ва изтиробларини юмшатиш мақсадида маънавий зарарнинг ҳам қопланиши назарда тутилди. Шу мақсадда Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси иккинчи қисми тўлдирилди.

Бундан буён маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши лозим бўлган ҳолатларга қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жинояти натижасида етказилган зарарни қоплаб бериш ҳам киради.

 

– Миллий қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартириш ва қўшимчаларнинг аҳамияти нимада?

– Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва қадр-қимматини юксалтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, фуқароларга қийноққа солиш оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни, идорама-идора сарсон бўлиб юрмасдан, қонуний асосда ундириб олиш имконини беради.

Қонуннинг мақсади қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ҳуқуқий мустаҳкамлашдан иборатдир. Унинг қабул қилиниши натижасида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларига дучор бўлган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш механизмлари такомиллаштирилгани жуда муҳим.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд ходимларининг бу борадаги масъулият ва жавобгарлигини кучайтириш имкони ҳам туғилди. Жумладан, етказилган зарар, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларнинг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар, давлат томонидан тўла ҳажмда қопланадиган бўлди.

Бунда қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Яъни, қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган жисмоний ва руҳий зарар, моддий зарар ёки бой берилган фойда, маънавий зарар, юридик ёрдам, дори воситалари ва тиббий хизмат, психологик ва ижтимоий хизматлар учун қилинган харажатлар тўлаб берилади.

Мазкур Қонун Ўзбекистоннинг халқаро шартномалардаги мажбуриятларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга нечоғлик хизмат қилади?

– 1966 йилги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда иштирок этувчи ҳар бир давлат мазкур Пактда тан олинган ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган ҳар қандай шахсни, агар бу бузилиш расмий сифатда ҳаракат қилган шахслар томонидан содир этилган бўлса ҳам, ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситаси билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши кўзда тутилган.

Ўз навбатида, БМТнинг Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенциясининг 14-моддасида: “Ҳар бир иштирокчи давлат ўзининг ҳуқуқий тизимида қийноқларнинг қурбони товон олишини ва иложи борича тўлароқ тикланиш учун маблағларни қамраб олувчи, ҳуқуқий санкция билан тўлдириладиган адолатли ва муқобил товон (компенсация) олиш ҳуқуқига эга бўлиш ҳуқуқини таъминлайди”, деб белгиланган.

Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилган. Мазкур Қонун асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида, шу жумладан, қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир халқаро мажбуриятларимизни бажариш йўлида тизимли, изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, 2021 йил 10 апрелда Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (GSP+) кучга кирди.

Ушбу тизимга (GSP+)  қўшилаётганда мамлакатлар инсон ва меҳнат ҳуқуқларига, атроф-муҳит ва иқлим муҳофазаси ҳамда сифатли бошқарувга оид 30 дан ортиқ асосий халқаро конвенцияни самарали амалга ошириш мажбуриятини зиммасига олади. Бу муҳим ҳужжатларнинг 7 таси бевосита инсон ҳуқуқларига бағишланган халқаро шартномалар ҳисобланади.

Маълумки, мамлакатимизда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жиноятини содир этганлик учун 2020-2021 йиллар давомида 30 нафар мансабдор шахс судланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 989-моддасида юридик шахс ёхуд фуқаро ўз ходими меҳнат мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказган зарарни қоплаши белгиланган. Шундай бўлса-да, Кодекснинг махсус моддаларида бу ҳақда кўрсатилмаганди.

Айни шу ҳолатлар халқаро ташкилотларнинг эътирозига сабаб бўлган. Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 2020 йил 1 майдаги тавсияси ва  БМТ Қийноққа қарши қўмитасининг 2020 йил 14 январдаги тавсиясида қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни уларга ёки яқин қариндошларига тўлиқ компенсация қилиш зарурлиги қайд этилган.

Янада аниқ қилиб айтганда, қийноқ билан боғлиқ ҳолатлар мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузига, шу жумладан иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги ўрнига салбий таъсир кўрсатаётганди.

Шу нуқтаи назардан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бажарилиши бўйича Ўзбекистон тақдим этган бешинчи даврий ҳисоботига оид якуний тавсияларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган ушбу Қонун бугунги кунда Янги Ўзбекистон тараққиётини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.

Бундай муҳим ҳуқуқий қадамлар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган демократик ислоҳотларимиз халқаро даражада яна бир бор эътироф этилишига олиб келади. Мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва кўрсаткичлардаги ўрни янада яхшиланишига хизмат қилади.

 

Ойдин Иброҳимова суҳбатлашди.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech