ЕТМИШ ЙИЛДА РЎЁБГА ЧИҚҚАН АДОЛАТ

Ҳурматли газетхон! Яқинда “Машраб” нашриёти томонидан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, шоир ва таржимон Ғулом Мирзонинг "Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қиссаси)" номли китоби чоп этилди. Ушбу қиссада ХХ асрнинг 37-50-йилларидаги катта қатағон қурбони бўлган ота-болалар Мирза Сўфи Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевга нисбатан адолат тиклангани, яъни орадан 70 йил ўтиб уларнинг айбсизлиги аниқлангани ҳамда оқлангани ҳақида сўз боради.

Газетамизнинг ушбу сонида академик Акмал Саидовнинг янги китобга сўз боши сифатида ёзган “Етмиш йилда рўёбга чиққан адолат” номли мақоласи эълон қилинмоқда. Китоб муаллифи эътироф этганидек, ота-бобосининг оқланиши ва мазмур қиссанинг дунё юзини кўришида Устоз Акмал Саидов раҳбарлик қилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг муносиб ҳиссаси бор.

 

"Дунёда глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳамда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда".

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

  

ЕТМИШ ЙИЛДА РЎЁБГА ЧИҚҚАН АДОЛАТ

 

  Қадр – улуғ, хотира – муқаддас ва барҳаёт, дейдилар. Бундан уч йилча илгари ушбу ҳақиқат икки қутлуғ айём, яъни Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Рамазон ойи арафасида мазкур китоб қаҳрамонлари – ХХ асрнинг 37-50-йилларидаги катта қатағон қурбони бўлган ота-болалар Мирза Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевга нисбатан адолат тиклангани мисолида яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 30 апрелдаги ажримида, жумладан, шундай дейилган: «Туркистон Ҳарбий округи Самарқанд гарнизони ҳарбий трибуналининг 1949 йил 9 декабрдаги М.Тулляев ва А.Мирзаевларга нисбатан чиқарилган ҳукми бекор қилинсин. Тулляев Мирза ва Мирзаев Абдирайимларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилсин. Мирза Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевлар айбсиз деб топилиб, оқлансин».

Бу ҳақда сўз юритганда, авваламбор, собиқ совет даврида дину эътиқодида мустаҳкам турган Мирза Сўфи бобо – 10 йил, ўғли Абдирайим бобо – 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганини қайд этиш лозим. Ота-бола жазони ГУЛАГ – Ахлоқ тузатиш меҳнат колониялари бош бошқармасининг Россия ҳудудидаги меҳнат-тузатиш лагерларида ўтаб қайтганлар. Афсуски, ота ҳам, ўғил ҳам айнан қайси манзилда жазо ўтаганини ҳеч қачон ҳеч кимга аниқ очиқламаган.

Ушбу китоб муаллифи Ғулом Мирзо 2018 йил декабрида бу ҳақда менга илк бор маълум қилганди. У 1905 йил Қашқадарё вилояти, Қарши тумани Хушвақт қишлоғида туғилган ва 1985 йили шу ерда вафот этган бобоси Мирза Тўлаев қишлоқ масжидида имомлик қилгани боис, шу манзилда 1928 йили туғилган ва 2008 йили вафот этган отаси Абдирайим Мирзаев эса эътиқоди мустаҳкам инсоннинг боласи бўлгани туфайли 70 йил муқаддам ҳар иккисининг шаънига «халқ душмани» деган аёвсиз тамға босилгани ҳақида мурожаат қилиб, уларнинг номини оқлаш учун ёрдам сўраганди.

Ўшанда мурожаатчига бобоси ва отаси ҳақидаги зарур ҳужжат ҳамда маълумотларни жамлаш, бунинг учун тегишли архив идораларига боғланишни тавсия қилдик. Тез орада мамлакат, вилоят ва туман даражасидаги архивлардан атрофлича жавоблар олинди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Архиви мутасаддилари фуқаро мурожаатини ижобий ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган тарихий ҳужжатлар бўйича тегишли маълумотларни тақдим этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида жами маълумотлар ҳаётий воқеалар тафсилотлари билан уйғунликда ўрганилди. Шу бўйича 1949 йили қатағонга учраган М.Тўлаев ва А.Мирзаевга нисбатан инсон ҳуқуқлари қўпол бузилганлиги ҳолатлари юзасидан хулоса тайёрланди. Хулоса мурожаатчининг аризаси ва зарур ҳужжатлар нусхалари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига кўриб чиқиш учун юборилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг кассация инстанцияси судлов ҳайъатига протест киритди. Кассация тартибидаги протестда М.Тўлаев ва А.Мирзаевга нисбатан чиқарилган Туркистон ҳарбий округи Самарқанд гарнизони ҳарбий трибуналининг 1949 йил 9 декабрдаги ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқариш сўралди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг кассация инстанцияси судлов ҳайъати 2019 йил 30 апрелда мазкур жиноят ишини протест билан биргаликда очиқ суд мажлисида кўриб чиқди. Натижада 1949 йил 9 декабрда М.Тўлаев ва А.Мирзаевларга нисбатан чиқарилган ҳукм бекор қилинди. Раҳматлик ота-бола айбсиз деб топилди ва оқланди.

Бу ўринда бир фуқаронинг мурожаатидан токи унда кўтарилган муаммо ижобий ҳал этилишига қадар бўлган босқичларни батафсил баён этганимиз бежиз эмас. Бинобарин, шу биргина ҳаётий мисолнинг ўзи ҳам давлат идоралари халқимиз учун хизмат қилаётганини кўрсатиб турибди.

Чиндан ҳам, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими бу борада оламшумул инсонпарвар қадам бўлди. Эндиликда эса Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилиши, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим ҳам ўз самараларини бермоқда.

Шу ўринда ушбу ота-бола бундан 70 йил муқаддам нима учун қораланган эди, деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, 1949 йилнинг 3 сентябрида Мирза бобо ҳибсга олиниб, ЎзССР Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-қисми бўйича “советлар ҳокимиятини йиқитиш, қақшатиш ва заифлатишга ёки айрим контрреволюцион жиноятларни қилишга агитация ёки пропаганда юргизиш, ўшандоқ шу мазмунда бўлган адабиётни тарқатиш ёки тайёрлаш ёхуд сақлаш”да айбланган.

Эътибор беринг: аксилинқилобий тарғибот ва ташвиқот олиб бориш бўйича худди шундай айблов билан 1937 йили Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон каби миллат гуллари қатағон этилган, кейинги босқичда Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Саид Аҳмад, Шукрулло сингари забардаст адибларимиз қамалган.

Мирза Тўлаев эса, бадиий ижодда танилмаган, шунчаки дину диёнатли ва ҳалол, содда ва ростгўй, айни чоғда, советлар сиёсати ва мафкурасидан бехабар, оддий қишлоқ одами бўлган.

Мирза бобо китоб ёзмаса ҳам, китобларни севиб мутолаа қилган, албатта. Ҳибс этгани келганлар масжиддаги бир қоп ноёб қўлёзма китобларини хачирга ортиб кетгани ҳам буни тасдиқлайди. Ўшанда, жиноят иши ҳужжатларида қайд этилганидек, у кишининг қишлоқдаги кутубхонасидан «47 та китоб мусодара қилинган».

Энг ёмони, Мирза Сўфи бобо чекка қишлоқда яшагани учун «революция», «контрреволюция», «контрреволюцион агитация ва пропаганда» каби атамаларни, яъни ўзига қўйилган айблов моҳиятини англаб етмагани ҳолда, шу жиноятни содир этганликда айбланган. Мирза Тўлаев қарийб бир ойлик шафқатсиз терговлар давомида бу айбни бўйнига олмаган.

Шунда янада бешафқат йўл тутилади. Яъни, 1949 йил 1 октябрда Мирза бобонинг ёлғиз ўғли Абдирайим Мирзаев ҳибсга олинган. Ўрта табақага мансуб мусулмон руҳонийсининг ўғли сифатида унга ва отасига ЎзССР Жиноят кодексининг 125-моддаси “г” банди билан «дезертирлик» айби ҳам қўйилган.

Ваҳоланки, Ҳарбий суд кассация инстанциясининг 2019 йил 30 апрелдаги ажримида эътироф этилганидек, «А.Мирзаев совет армиясига хизматни ўташ учун чақирилувчилар рўйхатига олинган бўлиб, у оддий аскар (рядовой) ёки кичик бошлиқлар составидаги шахс, яъни ҳарбий хизматчи бўлмаган».

Ҳибс этилгунга қадар ота-боланинг иккиси ҳам армияга чақирилмаган. Мирза бобо одатдагидек масжидда эканида, ўғли эса, колхоз даласида – дон тозалаётганида ҳибсга олинган. Демакки, ўзлари юборилмаган «ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, дезертирлик қилиш» учун уларда имкониятнинг ўзи бўлмаган. 

Аксинча, Мирза бобонинг отамерос ер-мулкини тортиб олиб, ўзини 20 яшарлигидаёқ «қулоқ» қилганидан кейин ҳам шўролар тузуми бу инсонга ва кейинчалик боласига ҳам «ишончсиз унсурлар» сифатида қарашда давом этган.

Мирза бобо ҳатто урушга чақирилмаган. Масжид имомининг ўғли совет мактабида таълим олишига атайин панжа орасидан қаралган. Оқибатда А.Мирзаев фақат 7 синфлик маълумот олган, холос.

Шунга қарамай, ота-бола эл қатори далада меҳнат қилишган. Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабадан сўнг 1946 йили Мирза бобо ўғлини уйлантирган. Абдирайим Мирзаев ҳибсга олинганида рафиқаси 2 ёшли қизи ва 1 яшар ўғли билан боқувчисиз қолган. Мирза бобо қамалганда эса, аёли икки нафар балоғатга етмаган боласи билан боқувчисиз қолган.

Мирза бобо ўғлини совет армиясига чақирилишидан яширишга уринмаган, балки ҳатто унинг колхоз ишига жалб этилишига ҳам рози бўлган. Ўғли кун бўйи колхоз даласида меҳнат қилган, кечқурун томорқада ишлаган. Уруш даврида фронтни ғалла, мева-чева, полиз маҳсулотлари билан таъминлашга ҳисса қўшган.

Мирза бобо 1949 йил 3 сентябрда, ўғли эса 1 октябрда ҳибсга олинган. Қаранг, ўғил ўз отаси ҳибсга олинганидан кейинги cалкам бир ой ичида ҳам қаергадир қочиб кетишни ҳатто хаёлига келтирмаган.

  Абдирайим бобонинг ҳибсга олиниши тўғрисидаги қарор чиққан ва  қўлга олинган санаси айнан бир хил. Бу эса, у кишининг ҳеч қачон, ҳеч кимдан ва ҳеч қаерга қочмаганини кўрсатади.

Абдирайим Мирзаевда, одатда, ўша даврда дезертирлик қилган одамларда кузатилган ўз танасига атайлаб жароҳат етказиш ҳолати аниқланмаган. Бу ҳам ўшанда 21 ёшга тўлган йигитнинг совет армиясига чақирилишдан қочмаганини тасдиқлайди.

Собиқ КПСС Марказий комитети сиёсий бюросининг 1988 йил 11 июлдаги қарори, Иттифоқ Олий советининг 1989  йил 16 январдаги фармони, собиқ СССРнинг биринчи ва сўнгги Президенти М.Горбачёв 1990 йил 13 августда имзолаган фармон асосида 1920-1950-йиллардаги сиёсий қатағонлар барча қурбонларининг ҳуқуқларини тиклаш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

Афсуски, бу жараёнлар Мирза Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевнинг ишларини қамраб олмаган. Улар ҳар гал реабилитациядан четда қолганлар.

1991 йил 31 августда Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинди. Шу тариқа собиқ тузум барҳам топиб, советларнинг ғайринсонийлик, динсизлик ва мустамлакачиликка таянган, инсон ҳуқуқларига зид сиёсат олиб боргани фош бўлди. Истиқлол туфайли эски тузум қурбонларига нисбатан муносабат тубдан ўзгарди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2001 йил 1 майда қабул қилинган «Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида»ги фармонида таъкидланганидек, «Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди».

Эндиликда Тошкент шаҳрида «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуи ва «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи ташкил этилган. Ҳар йили 31 август куни – Мустақиллик байрами арафасида пойтахтимизда ва жойларда Қатағон қурбонларини ёд этиш маросими ўтказилмоқда.

Ўзбекистонда инсон ва жамият ҳаётида адолат тантанаси тобора усутувор аҳамият касб этмоқда. Хусусан, мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган ташаббуси асосида 2018 йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилинди.

Маърифатпарвар, имон-эътиқодли инсонлар бўлгани учун бундан 70 йил олдин номлари қорага чиқарилган Мирза Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевнинг оқланишида ушбу муҳим халқаро ҳужжат ва Ўзбекистонда амал қилаётган адолатпарвар миллий сиёсатнинг руҳи ҳамда эзгу моҳиятидан, Конституция ва қонунларимиз талабларидан келиб чиқилгани шубҳасиздир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрда қабул қилинган "Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойишида таъкидланганидек, бугунги кунда сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилмоқда.

  Энг муҳими, тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақиллиги қандай оғир ва машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигини янада чуқур англашга хизмат қилади.

Халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўла юзага чиқариш, уларга нисбатан тарихий адолатни тиклаш, бу борадаги ишларнинг кўлами ва самарасини ошириш мақсадида Президент Фармойишида бир қатор муҳим вазифалар кун тартибига қўйилди.

  Авваламбор, кенг жамоатчиликнинг қатағон қурбонлари меросини янада чуқур ўрганиш ва улар порлоқ хотирасини абадийлаштириш ҳақидаги таклифлари қўллаб-қувватланди. Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилди.       Улар номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ишчи гуруҳга қатағон қурбонлари номларини аниқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, илмий-тадқиқот муассасаларининг юқори малакали мутахассисларини, экспертларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари вакилларини жалб этиш ҳуқуқи берилди.

Хулоса қилиб айтганда, тарихий Оқсарой пештоқидаги битиклар орасида Амир Темурнинг «Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир» деган машҳур ибораси ҳозирги кунгача сақланиб келмоқда. Ушбу улуғвор ғоя мамлакатимизда инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатлар пойдеворига айланди.

Ота-бола Мирза Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевнинг тақдирига нисбатан бугунги эзгу муносабат мисолида ана шу юксак инсонийлик тамойили яна бир бор яққол намоён бўлди. Адолат тантанаси ҳар қачон ва ҳар қанча таҳсину шукроналикларга муносибдир.

Шу маънода, муаллифнинг ушбу китоби марҳум ота-бобосининг руҳи покларини ёд этишга хизмат қилибгина қолмай, муҳим маънавий-тарбиявий аҳамият ҳам касб этади, деб ҳисоблаймиз.

Яқин ўтмиш ҳақидаги мазкур ҳужжатли тарихий-маърифий қиссани мутолаа қилиб, шундай хулосага келиш мумкин: маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий таъбири билан айтганларидек, "Келар замон учун ҳозирланайлук, ўтган замон учун эмас".

 

Акмал САИДОВ,

академик

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech