Илм ва зиё уйлари — Илк кутубхоналар қачон пайдо бўлганини биласизми?

2019 йил 7 июн куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекситон Республикаси ахолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида” қарори қабул қилинди. Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, 21 май Ўзбекистонда  кутубхоначилар куни сифатида нишонлаб келинмоқда.

Бутунжаҳон кутубхоначилар кунининг аниқ санаси белгиланмаган, лекин кўпгина мамлакатларда октябр ойининг охирги душанбасида нишонланади. Бу байрамда дам олиш куни белгиланмаган бўлса-да, Кутубхоначилар куни бу нафақат кутубхоначилар учун, балки оддий китобхонлар учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Илк кутубхоналар қачон пайдо бўлган?

Биринчи кутубхона милоддан аввалги 2 мингинчи йилда Бобилда (Ироқда) пайдо бўлган. Бу кутубхонадаги китоблар миххат ёзувида сопол битиклар кўринишида бўлган. Ўша замонларда битта китобни ёзиш учун бир неча йил керак бўлган. Шунинг учун улардан фақат бой зодагонлар фойдаланиши мумкин эди.

Милоддан аввалги VII аср ўрталарида Шарқдаги кўп саройларда кутубхоналар бўлган. Қадимги даврдаги кутубхоналардан энг машҳури Мисрдаги Александрия кутубхонасидир.

Ўзбекистон ҳудудида милоддан аввалги 1-минг йилликнинг сўнгги асрларида дастлабки кутубхоналар пайдо бўлган. Булар илк кутубхоналар бўлиб, кутуб – арабча «китоблар», хона – форсча «уй», яъни китоб ва ҳужжатлар сақланадиган жой маъносини англатади.

Бухорода Х асрда машҳур кутубхона мавжуд бўлиб, мазкур кутубхона жуда бой фондга эга  бўлган, китоблар фан соҳалари бўйича сандиқларда сақланган. Унга фақат амир рухсати билангина китобхон кирарди. Шунингдек, йирик кутубхоналар Хоразмда ҳам хоразмшоҳлар, маъмунийлар ва ануштагенийлар замонида барпо этилган.

Замонавий кутубхоналар барча қулайликларга эга, китобхонлар учун барча шароитлар яратилган, ундан барча китобхонлар фойдалана олади.

Бугунги кунда Республикамизда 12 мингдан зиёд ахборот-кутубхона муассасаси мавжуд. Шунингдек, вазирликлар, идоралар ва давлат органлари, шаҳар, туманларда ҳам ана шундай зиё масканлари фаолият олиб бормоқда.

Кутубхоналар қандай фаолият юритади?

Кутубхоналар – босма ва айрим қўлёзма асрлардан оммавий фойдаланишни таъминловчи маданий-маърифий ва илмий муассасалар ҳисобланиб, унда мунтазам равишда босма асарларни тўплаш, сақлаш, тарғиб қилиш ва китобхонларга етказиш, шунингдек, ахборот библиографик ишлар олиб борилади.

Юртимизда 25 мингдан ортиқ кутубхона мутахассислари хизмат қилади.

Китобхонларга хизмат кўрсатишнинг асосий мақсади уларни ахборот ва адабиётга бўлган талабларини имкони борича тўлиқ қондириш ва адабиёт танлашларига ёрдам беришдан иборат. Кутубхоначиларнинг  камтарона меҳнати буюк мутафаккирларни тарбиялайди. Кутубхоналар сукунатида таниқли ёзувчилар, олимлар фаолияти гавдаланади ва инсон тафаккурининг серқирра ижоди  намоён бўлади. Демак, кутубхоначи инсон камолотида муҳим рол ўйнайди. Кутубхоналар жамиятда юксак маънавий фазилатларни камол топтириш, ёшларни бой маданий меросимиз, тарихий анъаналаримизга, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим масканлардан ҳисобланади.

“Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 мартда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” ходимлари ҳам ўзининг салоҳияти, билими ва амалий кўникмаларини марказнинг барча ходимларига, докторантларига ва илмий изланувчиларига улашмоқдалар. “Инсон ҳуқуқлари уйи” ходимлари китобхонларнинг, профессор-ўқитувчилар ва мустақил изланувчиларнинг илмий ишларини самарали олиб боришлари учун хизмат кўрсатади.

Ҳозирги кунда “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг ахборот-кутубхона ресурслари, яъни барча турдаги адабиётлар техник ва илмий ишловдан ўтказилиб, универсал ўнли классификация асосида тизимлаштирилмоқда.

Бир вақтнинг ўзида тизимлаштирилган ахборот-кутубхона ресурслари рўйхатининг электрон шакли (электрон каталоги) яратилмоқда.

Бугунги кунда китобхонлар учун адабиётлардан фойдаланишда электрон амалиётни кенг йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.

Шу билан бирга ахборот технологиялари ривожланиши асрида босма нашрдаги китобларнинг аҳамиятини унутмаслик муҳимдир. Бунинг учун ёшлар онгида китобларни мутолаа қилиш маданиятини юксалтиришимиз керак.

Ҳамидулло МЎМИНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази “Инсон ҳуқуқлари уйи”масъул ходими
Малика ТАЛИПОВА,
“Инсон ҳуқуқлари уйи” етакчи мутахассиси

hudud24

«Янги Ўзбекистон» газетаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech