“ИНСОН ҚАДРИ” ОНЛАЙН ПЛАТФОРМАСИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

2022 йилнинг 24 май куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Инсон қадри” онлайн платформаси ҳамда “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўплами тақдимотларига бағишланган халқаро тадбир ташкил этилди.

Нуфузли анжуманда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг ижросига масъул бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар, ННТлар ва фуқаролик жамияти институтларининг бошқа вакиллари, хорижий давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва экспертлари ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев очиб берди. У ўз сўзида Тараққиёт стратегиясида «Инсон қадри учун» деган тамойилни ҳаётда тўла рўёбга чиқариш вазифаси яққол акс эттирилганлиги, унинг замирида ҳар бир инсоннинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириши, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳар бир шахс учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришдек устувор мақсад ва вазифалар мужассамлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси  Cпикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси – инсон қадрини улуғлаган халқчил бош дастур эканлигига алоҳида урғу берди.

– Тараққиёт стратегияси, деган ном бежиз танланмаган, – деди А.Саидов – Бу ном аввало мазкур Тараққиёт стратегияси – 2017 йил февралида тасдиқланган ва кейинги беш йил ичида ҳаётга изчил татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегиясининг янги босқичдаги мантиқий давоми эканини англатади. Тараққиёт стратегиясида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили илгари сурилган. Бинобарин, Ҳаракатлар стратегиясидаги ҳар бир йўналишни тараққиётнинг янги босқичида мантиқий, кенг кўламли ва изчил асосда ривожлантириш ҳамда янги устувор йўналишларда муҳим натижаларга эришиш кўзда тутилган.

Бинобарин, янги ҳужжат – Тараққиёт стратегияси энди Янги Ўзбекистоннинг пойдеворини тиклаш ва биносини қуришга қаратилган. Бу буюк бунёдкорлик жараёни 2026 йилгача бўлган даврни қамраб олади ва йилма-йил амалга ошириб борилади.

Тадбирнинг кириш қисмидан сўнг «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан тадбир иштирокчилари учун дастлаб “Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти ўтказилди. Э.Туляков ўз маърузасида 2017–2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини қуриш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантириш, халқнинг осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратиш, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган бир қатор муҳим чоралар амалга оширилганлигини таъкидлади.

– Ўтган беш йилда халқ билан мулоқот қилиш, инсонлар дарди, муаммоларини самарали, тезкор ҳал қилиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди, – деди Э.Туляков. Хусусан, давлат органларининг аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқоти йўлга қўйилди, йилдан-йилга шаффофлик ортиб борди, бу эса ўз-ўзидан аҳолининг давлат органларига нисбатан муносабатини тубдан ўзгартирди, унинг фаоллиги, ислоҳотларга ишончи ва дахлдорлигини кучайтирди. Энг муҳими, фуқаролар томонидан давлат органлари олдига масала қўйиш имкониятлари янада кенгайди.

Барчамизга маълумки, 2022 йилнинг 28 январь куни Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Ҳужжатда инсон қадрини ошириш, ҳамма нарса инсон учун эканлигини англаш ҳамда жамиятда инсон қадрини биринчи ўринга олиб чиқиш ғоялари илгари сурилган. Шунингдек, давлат органларининг аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотини узлуксиз ва самарали давом эттириш, шаффофлик, очиқ-ошкораликни таъминлаш Тараққиёт стратегиясининг асосий мақсадлари сирасига киради.

Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастуриларининг жойлардаги ижроси натижаларини кенг аҳоли қатламига етказиб бориш ҳамда унинг жойлардаги ижросида бевосита аҳолининг иштирокини таъминлаш мақсадида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда «Инсон қадри» онлайн портали ишлаб чиқилди.

Шу ўринда, А.Саидов тарихий дастуруламал ҳужжатнинг уч аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

– Биринчиси – Тараққиёт стратегиясининг миллий даражадаги аҳамияти, – дея эътироф этди А.Саидов. – Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ва энг муҳим вазифаларнинг атрофлича таҳлили шундан далолат берадики, Янги Ўзбекистонда мутлақо янги миллий ҳуқуқий тизим шаклланмоқда. Яъни, “Инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – олий қадрият” деган тамойил эътироф этилмоқда. Иккинчиси – Тараққиёт стратегиясининг минтақавий даражадаги аҳамияти. Тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган мақсадларда Марказий Осиё халқлари ўртасида яқин қардошликни қадрлаш, қўшни мамлакатлар билан манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиш бўйича муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Учинчиси – “Тараққиёт стратегияси”нинг халқаро (глобал) даражадаги аҳамияти. Тараққиёт стратегиясида БМТ органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятни кучайтириш, хусусан, иқлим, экология, терроризм, коррупция, миграция, камбағаллик каби глобал муаммоларни ҳал этиш борасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш ҳақида сўз борган.

Тақдимот давомида марказ раҳбари томонидан порталнинг ишлаш механизми ва ундан кутилаётган натижалар тўлақонли ёритиб берилди. Жумладан, эндиликда, «davlatdasturi.uz» онлайн платформаси орқали аҳоли Давлат дастурларида белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси билан батафсил танишишлари, шунингдек тегишли йўналиш ва унда амалга оширилиши белгиланган ишлар ижроси юзасидан ўз фикр, таклиф ва эътирозларини билдиришлари ҳам мумкин бўлади.

Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг ижроси тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчилик томонидан кузатиб бориш имконини яратиш мақсадида онлайн порталдаги маълумотлар мунтазам янгиланиб борилади. Бу эса, Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастури ижросининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Давлат дастурининг ҳар бир бандининг ижро ҳолатини кўрсатиб ўтиш имконияти яратилган. Мазкур имкониятлар тегишли давлат органларининг Давлат дастурининг ижроси бўйича масъулияти ва ҳисобдорлигини оширади.

Энг муҳими, порталда амалга оширилган ислоҳотларни ўз ҳаётида ҳис қилиши керак бўлган фуқароларда ижро ҳолати бўйича ўз муносабатларини фото, видео ёки электрон ҳужжатларни юклаш орқали ҳам жўнатиш имконияти яратилган.

Бу, ўз навбатида, маҳаллий ва хорижий экспертларнинг Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг мониторинги ва амалга оширилишидаги тизимли иштирокини таъминлаш ва натижадорлигини баҳолашга хизмат қилади. Шунингдек, порталга Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг ижроси натижалари юзасидан инфографик маълумотлар, видеоролик ва таҳлилий шарҳларга оид маълумотларни киритиб борилиши, кенг жамоатчиликнинг Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор бўлишига хизмат қилади.

Онлайн порталда Тараққиёт стратегиясини 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган 398 та банд ҳамда йўналишлар доирасида назарда тутилган чора-тадбирлар бўйича маълумотлар жойлаштирилган. Хусусан, белгиланган чора-тадбирлар ижроси ҳолати – «бажарилган», «бажарилмоқда» ҳамда «бажарилмаган» кўринишларида акс эттириб борилади.

Шу билан бирга, тадбирда Марказ раҳбари Элдор Туляков 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган 7 та устувор йўналиш ва уни амалга оширишга қаратилган 100 та мақсад ҳамда кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотлар акс эттирилган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўплами тақдимотини ҳам ўтказди.

Ҳозирда мазкур тўплам Марказ томонидан мунтазам чоп этиб келинмоқда. Айни кунга қадар Парламент палаталари, вазирлик, идора ва ташкилотлар, ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда бошқа бир қатор ташкилотларга ўз фаолиятларида фойдаланишлари учун тақдим этилмоқда.

Шунингдек, ўтган қисқа вақт ичида тўплам инглиз, хитой ҳамда италян тилларида ҳам чоп этилиб, мамлакатимиз ва хориждаги элчихоналар, халқаро ташкилот ва кенг жамоатчилик учун ҳам тақдим этилди.

Халқимиз ва кенг жамоатчилик учун ислоҳотларнинг ҳаётийлигини таъминлашга қаратилган муҳим портал ҳамда тўплам тақдимотларига бағишланган тадбирда бир қатор маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳам фикр мулоҳазаларини билдиришди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаевлар томонидан Тараққиёт стратегияси ва уни амалга ошириш жараёнида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, ижросига масъул бўлган вазирлик ва идоралараро маълумот алмашиш механизмини йўлга қўйиш, эришилган натижаларни кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва иштирокини янада кенгайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Қизиқарли ахборот ва янгиликларга бой бўлган тақдимот якунида мазкур портал “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоаси томонидан мунтазам равишда такомиллаштириб борилиши, бунда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларга ҳам доимий равишда эътибор қаратилиши маълум қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech