Қийноққа қарши курашиш бўйича ўқув курси тингловчиларига сертификатлар топширилди

Хабар  берилганидек, 26 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси бошланди.

Ўқув курсида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураси тизимидаги ходимлар иштирок этди.

27 май куни соҳа мутахассислари иштирокида қатор долзарб мавзулар бўйича маърузалар тингланди. Маърузачилар Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишини таъкидлар экан, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлигига эътиборни қаратгани ҳақида атрофлича тўхталдилар.

Давлатимиз раҳбари, авваламбор, Олий Мажлис палаталари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази зиммасига қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан ўз таклифларини ишлаб чиқиш вазифасини юклади. Бунда Омбудсман томонидан ҳар чорақда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилиши белгилаб берилди.

Шу билан бирга, ислоҳотларнинг амалдаги босқичи қийноққа солишнинг барвақт олдини олиш, у билан боғлиқ мурожаатларни тезкор равишда холисона кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини мунтазам амалга ошириш бўйича самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш ишларини давом эттириш масаласини кун тартибига қўйилди.

Айни чоғда, мазкур долзарб масала Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида ўз аксини топди. Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам бу борада аниқ вазифалар назарда тутилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни ҳар йили нишонланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини ўтган йилнинг худди шу куни қабул қилгани келгусида мазкур сананинг биз учун миллий ва халқаро даражадаги тариҳий аҳамиятини янада оширади.

Ушбу қарор Президентимизнинг дастурий маъруза ва нутқлари, шунингдек, Миллий стратегия ҳамда Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида қабул қилинган. Қарордан кўзланган мақсад – БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий привентив механизмларни такомиллаштиришдан иборат.

Президентимиз қарорида назарда тутилган янгиланишлар амалиётга ўз вақтида ва тўлиқ жорий қилиниши, шубҳасиз, мамлакатимизнинг ушбу йўналишдаги ислоҳотлари натижаларига халқаро ҳамжамиятнинг ижобий фикрларини шакллантиришга хизмат қилади.

 Ўқув курси якунида мутахассислари иштирокида қатор долзарб мавзулар бўйича ўтказилган машғулотлардан сўнг тест олинди. Шу асосда ўқув курси тингловчиларига сертификатлар топширилди.

 

  Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech