1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Бу кўҳна дунё яралибдики, одамзод ҳамиша фарзанди учун яшайди, болажонларининг бахти ва камоли учун борини, борлиғини бахш этади. Зеро, инсон ҳаётининг мазмуни ҳам, завқи ва шавқи ҳам, оила кўрки, бахту-қувончи ҳам буюк неъмат – фарзанд ҳисобланади.
Шу маънода, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳар йили дунё миқёсида кенг байрам қилиниши бежиз эмас. Бинобарин, бу сана инсоният тарихи саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган саноқли қутлуғ байрамлардан биридир.
Маълумотларга қараганда, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни 1925 йили Женевада бўлиб ўтган Болалар фаровонлиги бўйича бутунжаҳон конференциясида эълон қилинган. Шундан буён ушбу сана дунёнинг кўплаб давлатларида болажонлар байрами сифатида нишонлаб келинади.
Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий даражада кўплаб махсус ҳужжатлар мавжуд. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 1989 йили 20 ноябрь куни Нью-Йоркда бола ҳуқуқлари бўйича халқаро даражадаги асосий ҳужжат – БМТнинг Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилган.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция 54 та моддадан иборат бўлиб, унинг талаблари барча болаларга нисбатан қўлланади. Конвенцияда бутун дунё мамлакатлари учун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга оид вазифалар ўз аксини топган.
Энг муҳими, Конвенцияни ратификация қилган давлатлар томонидан биринчи марта бола – “ҳурмат қилиш ва кафолатлаш” талаб қилинадиган ҳуқуқларга эга шахс сифатида эътироф этилди. Ушбу қоида бола жамиятнинг жуда ҳимоясиз аъзоси эканлиги ва шунинг учун ҳам алоҳида ҳимояни талаб қилиши ва бунга лойиқ эканини кўрсатади.
Конвенцияга биноан, бола мустақил шахс, ўз ҳуқуқларига эга шахс сифатида тавсифланади. Яъни, Конвенцияда боланинг яшаш (6-модда), оила қуриш (9-модда), исм ва фуқароликка эга бўлиш ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган.
БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси мустақиллик йилларида мамлакатимиз ратификация қилган дастлабки халқаро шартномалардан бири бўлиб, бугунги кунда унинг талабларига риоя этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон 1992 йилда мазкур Конвенцияга қўшилгач, бола ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича бир қанча халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олди.
Конвенция қоидаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар тақдим этиб келмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажариш учун Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек уларнинг ҳимоясига алоҳида эътибор берилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий база шаклланган. Бу ҳақда сўз борганда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларини санаб ўтиш мумкин.
Бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликнинг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади. Унга мувофиқ, болада туғилиши биланоқ инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ, эркинликлари вужудга келади ҳамда улар давлат томонидан кафолатланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра, болалар ота-оналарининг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Конвенция талабларига мувофиқ, бола ҳуқуқларини мустаҳкамлаган ва уларнинг ҳимоя килиниш шаклларини такомиллаштирган Фуқаролик ва Оила кодексларининг қабул қилиниши бола ҳуқуқлари ҳимояси бўйича қонунчилик ривожига жиддий ҳисса қўшди.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТнинг болаликни муҳофазалаш бобидаги энг универсал ҳужжати ҳисобланади. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ушбу Конвенцияда мустаҳкамлаб қўйилган бола ҳуқуқ ва манфаатларининг барча қирраларини қамраган.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг энг асосий жиҳатларидан бири, унда бола ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қарийб барча қоидаларнинг жам қилинганидир. Мазкур қонун Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган бола ҳуқуқларининг асосий ва қўшимча кафолатларини ўз ичига олган.
Шу билан бирга, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳар томонлама камолга етишини таъминлаш борасидаги серқирра фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурати ҳам тобора ортиб бормоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва амалиётга татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегиясида ана шу долзарб зарурат ва эҳтиёжларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2019 йил 22 апрелда қабул қилган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу борада улкан аҳамият касб этди.
Фармонга мувофиқ, Омбудсман ҳозирда болалар ҳуқуқлари бўйича ўз ўринбосарига эга. Яъни, юртимизда Болалар омбудсмани институти таъсис этилди.
Ўз навбатида, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида бу борада янада юксак марралар белгилаб олинди. Шу асосда айни вақтда мамлакатимизда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.
Чунки болалар – ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгаларидир. Уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир. Ўзбекистонда фарзандларимиз ана шундай юксак меҳр-муҳаббат ва улкан ғамхўрликлар оғушида вояга етмоқда.
Дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Ватанимизнинг барча ҳудудларида 1 июнь – Халқаро болалар куни ўзига хос тантаналар билан нишонланаётгани бу фикримизни амалда тасдиқлайди. Байрамга бағишланиб ўтказилаётган турли тадбирлар, кўнгилочар ўйинлар, концерт дастурлари, спорт мусобақалари шулар жумласидандир.
Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, бетоб, ногирон болажонларга кўрсатилаётган саховат ва хайрия тадбирлари, турли инсонпарварлик акциялари жажжиларимизнинг кемтик кўнгилларига нафақат малҳам бўлмоқда, балки уларга чексиз қувонч ҳам бағишламоқда. Мунис чеҳраларда ширин табассумлар пайдо қилмоқда.
Бола табассуми билан дунё яшаради, яшнайди, янгиланиб бораверади. Негаки боланинг беғубор кулгиси инсонга яшаш учун куч ато қилса, ишлаш, изланиш, яратиш учун эса бардавом рағбат ва ишонч бахш этади.
Ойдин Иброҳимова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Матбуот хизмати етакчи мутахассиси
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти
- Қўшилди: 31.05.2022
- Кўришлар: 3493
- Чоп этиш