Бола табассуми – олам безаги. Айниқса, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида сайёрамиз болажонларнинг самимий ва беғубор кулгиси билан янада яшариб кетади. Бу сана қуёшли диёримизда ҳам ўзгача интиқлик билан кутилади. Азалдан болажон бўлган халқимиз шу куни кундалик ташвишларни бир четга қўйиб, фарзандларини истироҳат боғларию кўнгилочар масканларга олиб боришга ошиқади. Болажонларга турли хил совғалар улашилади. Бу эса оилада меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хўш, бутун дунёда севиб нишонланадиган халқаро болалар кунининг келиб чиқиш тарихи қандай?
Манбаларга кўра, ушбу халқаро байрам 1925 йилда Женевада бўлиб ўтган ҳамда болалар фаровонлигини таъминлаш масалаларига бағишланган умумжаҳон конференциясида илк бор эълон қилинган.
БМТ ташкил этилгач болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилот фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди ва 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланиши янада оммалашди. Ҳозирда дунёнинг 50 га яқин мамлакатида ушбу байрам кенг миқёсда нишонланади.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1959 йил 20 ноябрда Бола ҳуқуқлари декларацияси ҳамда 1989 йил 20 ноябрда «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенция қабул қилинди. Мазкур халқаро меъёрий ҳужжатлар жаҳон миқёсида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Уларни дунёнинг деярли барча мамлакатлари тан олган ва миллий қонунчилигига татбиқ этган.
БМТнинг болалар жамғармаси – ЮНИСEФ эса дунёнинг турли давлатларидаги болаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланиб келмоқда. Жаҳоннинг мингйиллик ривожланиш дастурига айнан ЮНИСEФ ташаббуси билан болалар манфаатларига хизмат қиладиган саккизта мақсад киритилди.
Эришилаётган ижобий натижалар билан бир қаторда мавжуд муаммолар ҳам талайгина. Масалан, статистик маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган 155 миллионга яқин бола мажбурий меҳнатга жалб қилинади ва бундан азият чекади.
Шу ўринда эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинишига бутунлай барҳам берилди.
Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари қонуний асосда тўла ҳимояланган. Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳам 26 йилдан бери самарали фаолият юритиб келади. Жумладан, Миллий марказ аҳоли орасида бола ҳуқуқларини тарғиб қилувчи маънавий-маърифий тадбирлар, ўқув курслари ва семинар-тренинглар ўтказиб келади. Бола ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш, унга халқаро ҳуқуқий нормаларни татбиқ этиш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилган. Шунингдек, бола ҳуқуқларига доир ўнлаб илмий ҳамда оммабоп нашрлар чоп этилган.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида, айниқса, алоҳида ҳозирлик кўрилади. Шу куни турли маданий тадбирлар ўтказилади, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари ҳамда ногиронлиги мавжуд болалардан хабар олиниб, турли совғалар улашилади. Жорий йилда ҳам Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида эсда қоларли маданий тадбир ташкил этиш режалаштирилган.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда ҳам, халқаро миқёсда ҳам бола ҳуқуқлари доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда. Чунки болалар эртамиз эгалари, уларни баркамол инсон этиб тарбиялаш эса бахтли ва фаровон келажагимиз кафолатидир.
Мадина Нуруллоева,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
умумий бўлим етакчи мутахассиси.