«ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ЯХШИ ҚЎШНИЧИАИК МУНОСАБАТЛАРИНИНГ ТАШАББУСКОРИ ВА МЕЪМОРИДИР»
Рахмон ЎЛМАСОВ,
Россия — Тожикистон университети профессори:
— Бундан 566 йил аввал XV асрнинг энг буюк шоирлари — Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий илк бор учрашиб, уларнинг мулоқоти абадий дўстликка айланган эди. Кейинчалик Садриддин Айний ва Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода, Лойиқ Шерали ва Зулфия, Мўмин Қаноат ва Эркин Воҳидов каби забардаст зиёлилар ижодий алоқаларини давом эттирдилар. Буларнинг барчаси ўзбек ҳамда тожик халқларининг тарихий яқинлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон икки қардош халқнинг буюк анъаналарини давом эттирмоқда. Мамлакатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳамда донолиги туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда мутлақо янги давр бошланди. Барча соҳада дўстлик ва ҳамкорлик руҳияти кезмокда.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўзаро ҳамкорлигимизда чинакам янгиланишлар кузатиляпти. Хусусан, сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 37 баробар ошди. Чегара ўтказиш пунктлари очилди, шаҳарлар ўртасида автобуслар қатнови йўлга қўйилди, ҳудудлараро алоқалар мустаҳкамланмоқда. Президент Эмомали Раҳмон Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ўтадиган Ўзбекистон автобуслари ва енгил автомобилларнинг Тожикистон ҳудудига кириши ҳамда ўтиши учун бож тўлашдан озод қилиш тўғрисида қарорни имзолади. Ўзбекистонда Тожикистон капитали иштирокида 240 га яқин корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлса, мамлакатимизда 60 дан ортиқ Ўзбекистон компаниялари ҳамда 30 та қўшма корхона фаолият юритаётир.
Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган бошқа соҳалар ҳам бор. Жумладан, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз миграция бўйича мавжуд масалаларни креатив усуллар билан ҳал этишга олға интилмоқда. Ишончим комил, Марказий Осиёдаги барча давлатлар миграция соҳасида ҳамкорликдаги сиёсатни олиб бориши мумкин.
Виктор КИМ,
Тожикистон Миллий фанлар академияси Осиё ва Европа мамлакатлари институти илмий ходими:
— Бугун Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг ижобий суръатда мустаҳқамланаётгани Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси остида бошланган туб янгиланишлар билан узвий боғлиқ.
Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч тамойилларига асосланган ташқи сиёсат юритилаётир. Бу Тожикистон билан алоқаларда ҳам кўзга яққол ташланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил март ойида Тожикистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чинакам тарихий воқеа бўлди. Музокаралар якунида умумий кун тартибидаги, хусусан, чегара, виза, транспорт, сув-энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги масалалар ўз ечимини топгани маълум қилинди.
Ўша йилнинг август ойида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Музокаралар мобайнида аввал эришилган келишувлар мустаҳкамланди, давлатлараро алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил июн ойида Тожикистонга амалга оширган расмий ташрифи ва унинг якунларига оид имзоланган салмоқли ҳужжатлар тўплами мамлакатларимиз ҳамда қардош халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ҳар томонлама ҳамда изчил ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича аниқ натижаларга эришиш йўлида мустаҳкам замин яратди.
Гўзал МАИТДИНОВА,
Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори:
— Ўзбекистон — Тожикистон муносабатлари бугунги кунда ўз тараққиётининг юқори чўққисига чиқди. Фикримча, мамлакатларимизнинг энг муҳим ютуғи чегара муаммоларининг ҳал қилиниши бўлди. Бу, ўз навбатида, сув ва энергетика соҳасидаги келишмовчиликларнинг ҳам бартараф этилишига хизмат қиллди. Ушбу йўналишдаги музокаралар жараёнида эришилган муваффақиятлар Марказий Осиё дипломатияси тарихида давлатлараро масалаларни тинч йўл билан, ўзаро манфаатли тарзда ҳал қиллиш бўйича мисли кўрилмаган ижобий воқеа бўлди, десак, янглишмаган бўламиз.
Ўзаро ҳамкорлигимиз янада чуқурлашиб бораётганининг яна бир ёрқин мисоли сифатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йили Тожикистонга расмий ташрифи чоғида қўшма инвестиция компанияси ташкил этиш тўғрисида имзоланган битимни кўрсатиш мумкин. Мазкур компания Тожикистонда қўшма лойиҳаларни молиялаштириш билан шуғулланади.
Ҳозирги кунда Тожикистонда 2030 йилгача Миллий ривожланиш стратегияси ҳаётга татбиқ этилмоқда, Ўзбекистон эса 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишга киришди. Ҳеч шубхасиз, икки давлат стратегик режаларининг муваффақиятли амалга оширилиши бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва равнақига хизмат қилади.
Тошкент ва Душанбе минтақавий ҳамда умумбашарий даражадаги саъй-ҳаракатларини самарали мувофиқлаштириб, халқаро институтлар доирасида бир-бирини қўллаб қувватламоқдалар. Тожикистон томони Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини юксак қадрлайди. Шунингдек, Ўзбекистон томонининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг 2022 — 2027 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича Комплекс режани ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш тўғрисидаги таклифини ҳам олқишлаймиз.
Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати.
- Қўшилди: 02.06.2022
- Кўришлар: 3940
- Чоп этиш