Велосипед – саломатлик учун фойдали, ишончли ва экологик тоза ҳаракатланиш воситаси

Тарихдан бизга маълумки, 1817 йилда немис профессори Карл фон Дрез икки ғилдиракли ўзи ҳаракатланадиган ускунани яратган ва 1818 йилда  “югуриш учун машина” деб номланган бу ускунага патент олган. Ушбу ўзи ҳаракатланадиган ускуна икки ғилдиракли бўлиб, бошқарув рули ва ёғочдан ясалган рамаси борлигига қарамасдан, оёқ билан ҳаракатлантириш имконини берувчи педалларга эга эмас эди. Дрезнинг ушбу ихтироси дастлабки велосипед дея тан олинади.

Замонавий велосипедларнинг дастлабки авлоди эса “Rover” деб номланади. У 1884 йилда инлиз кашфиётчиси Жон Кемп Старли томонидан ихтиро қилинган ва 1885 йилдан ишлаб чиқарила бошланган.

Мазкур ихтиро бошқа турдаги транспорт воситалари, аввало автомобиллар ва самолётларнинг техник базаси яратилишида катта аҳамият касб этди. Велосипед рамалари, шунингдек бошқа қисмларини тайёрлаш учун ишлаб чиқилган металлга ишлов беришнинг аксарият технологиялари кейинчалик автомобиллар ва самолётлар яратилишида қўлланилган.

XIX асрнинг охирларида кўплаб давлатларнинг почта хизматлари велосипеддан фойдаланишни бошлаганлар. Хусусан, Британия почтаси 1880 йиллардан велосипедларни ишга солган. Буюк Британияда велосипед ҳайдайдиган почтачиларнинг умумий сони 37 000 киши, Германияда – 27 500, Венгрияда – 10 500 кишини ташкил қилган.
Бугунги кунга келиб эса, велосипедлар оммалашиб, дунёнинг ривожланган мамлакатларида аҳолининг севимли транспорт воситасига айланиб улгурди. Улар автомобиллар ва жамоат транспортларига қараганда кўплаб афзалликларга эга.

Фаолиятини АҚШда юритувчи польшалик социолог, профессор Лешек Сибильский Жаҳон велосипед кунини белгилаш бўйича БМТ резолюциясини илгари суриш учун ўзининг социология синфи фаоллари билан ҳаморликда оммавий кампаниялар ўтказиб келган. Саъй-ҳаракатлар ижобий натижалар бериб, 2018 йилнинг апрель ойида Туркманистон ташаббуси ва 56 та бошқа давлатларнинг хайриҳохлигида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 3 июнни Жаҳон велосипед куни сифатида белгилаш ҳақидаги резолюция қабул қилинди.

Резолюцияда Бош Ассамблея барча давлатларни велосипедни оммалаштиришга чақириб, бошқарувга осон, арзон, ишончли ва экологик тоза мазкур ҳаракат воситаси инсоннинг руҳий-жисмоний саломатлигини мустаҳкамлашини таъкидлаган.

3 июнь – Жаҳон велосипед кунининг оригинал логотипи Исаак Фельд томонидан яратилган бўлиб, унда дунё бўйлаб велосипед ҳайдаётган турли инсонлар тасвирланган. Унинг пастки қисмида #June3WorldBicycleDay хэштеги бор. Логотипнинг асосий мазмуни велосипед бутун инсониятга тегишли экани ва унга хизмат қилишини кўрсатишдан иборат.

Албатта, Жаҳон велосипед кунида дунёдаги барча инсонлар завқ олиши керак. Велосипед тараққиёт рамзидир ва унда инсоният чидамлилиги, ҳурмати ва ҳамжиҳатлиги, ижтимоий интеграция ва дунё маданиятининг тараққиёти намоён бўлади. Бундан ташқари велосипед инсонга хуш кайфият улашувчи барқарор транспорт воситаси бўлиб, ишлаб чиқариш ва фойдаланиш учун қулай, камхарж транспорт воситасидир. Энг муҳими, экологик тоза ва атроф-муҳитга салбий таъсири йўқ.

Бугунги кунда Жаҳон велосипед куни I ва II гуруҳ қандли диабет касали билан оғриган инсонлар учун соғлом тушмуш тарзи сифатида ташвиқот қилинади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, умуртқа касалликлари, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар, иммунитет заифлашиши, ортиқча вазн, сурункали чарчаш сингари бир қатор хасталикларнинг пайдо бўлишига айнан камҳаракатлик замин яратар экан.

Велосипедлар атроф-муҳит учун безиён, уни ҳайдаш инсондан жисмоний куч талаб қилади. Серҳаракатлик инсонларда кейинчалик учрайдиган турли хил хасталикларнинг олдини олади. Жамиятда велосипед ҳайдашни тарғиб этиш орқали соғлом турмуш тарзини оммалаштириш мумкин.

Велосипед ҳайдашнинг фойдали жиҳатлари

Қон айланишини яхшилайди

Педалларни босар экансиз, юрагингиз тезроқ уриши ва кўпроқ қон ҳайдашини таъминлайсиз. Вело-сайрларни тез-тез уюштириб турсангиз, юрак мушаклари зўриқишга мослашади. Юрак қисқаришлари частотаси оптималлашади, томирларда қон қуюлмайди. Демак, тромблар ва варикоз шаклланиши хавфи камаяди.

Мускуллар чўзилишига ёрдам беради

Оёқ, бўкса ва қорин мушакларининг интенсив фаолияти йирик мускул массаси ҳосил бўлиши, аммо қориннинг тортилиши ва оёқларнинг чиройли бўлишини таъминлайди.

Кўриш ўткирлигини мустаҳкамлайди

Нигоҳни узоққа қаратиш ва шу билан бирга ғилдиракларга ҳам назар солиш зарурати – кўз мускуллари учун ажойиб бадантарбиядир, айниқса, кун давомида компьютер қаршисида ўтирадиганлар учун.

Кислород билан тўйинтиради

Велосипед ҳайдаганда ўпкаларда фаол вентиляция юз беради: улар кислород билан тўйинади ва зарарли моддалардан тозаланади.

Озишга ёрдам беради

Ҳаттоки шошилмай велосипед ҳайдаш ҳам соатига 200 ккал сарфлашга имкон беради. Бошқа жисмоний фаолиятларга нисбатан камроқ чарчайсиз ҳам.

Буюк Британиянинг Бирмингем университети ҳамда Лондон Қироллик коллежи олимлари ўтказган тажрибага кўра, велосипедда сайр қилиш – қариш жараёнини секинлаштирар экан.

Тажриба натижасида аниқланишича, жисмоний фаол кишилар ёш ўтиши билан мушаклар вазни ва жисмоний кучларини йўқотмаган, уларнинг қонида эса холестерин ва ёғ кам, эркаклар учун энг муҳим гормон бўлган – тестостерон эса кўп миқдорда сақланиб қолган.

Лондон Қироллик коллежи профессори Стивена Харрижнинг айтишича, “Ушбу кишиларнинг танаси оптимал қариган, яъни одатда кам жисмоний ҳаракатланиш оқибатида келиб чиқадиган муаммолардан холи”.

Ўзбекистонда 3 июнь – Жаҳон велосипед куни сифатида илк бор 2018 йилда нишонланган. Шу муносабат билан 2018 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган 4,5 км масофани ўз ичига олган веломарафонда дипломатик идоралар вакиллари, халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, профессионал спортчилар ва ҳаваскор велосипедчилар иштирок этган. Шундан бери Жаҳон велосипед куни ҳар йили мунтазам нишонланади.

Бугунги кунда республикамизда велосипеддан фойдаланувчилар сони тобора кўпайиб боряпти. Давлатимиз томонидан аҳоли экологик фойдали транспорт воситаларидан фойдаланишга тарғиб қилиниб, қулайликлар яратиш мақсадида велосипед йўлаклари ва тураргоҳлари ташкил этилмоқда.
         Соғлом, тетик ва бақувват бўлишни хоҳлаган инсонларни республикамизнинг турли ҳудудларида велоспорт бўйича ўтказиладиган мусобақа ва соғломлаштириш марафонларида фаол қатнашишга чақирамиз.

Азамат ЖУМАНИЯЗОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали масъул котиби

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech