КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИ ДАВРНИНГ ЎЗИ ТАҚОЗО ЭТМОҚДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” китобида демократик ислоҳотларни янги сифат босқичига олиб чиқувчи янада жиддий вазифалар қўйилган. Улар қонунчилик ҳамда ҳуқуқни англаш ва қўллаш тизимини, жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий онгини умуминсоний қадриятлар ва барқарор ривожланиш тамойилларига йўналтиради. Янги Ўзбекистонга мувофиқ келадиган янги конституциявий принцип ва нормаларни белгилаш кўзда тутилган.

Аввало, бу “Инсон қадри учун” устувор тамойилини ҳаётга татбиқ этишга тегишлидир. Бунда инсон қадри — мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаётни, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлом экологик муҳит таъминланишини, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилманинг босъқичма-босъқич яратилишини англатади.

Жорий йилнинг 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қўшма мажлисида Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия ташкил этилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди.

Ушбу долзарб масала шу йил 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва хуқуқ институтида фаолият юритаётган ҳуқуқшунос олимлари иштирокида муҳокамадан ўтказилди.

 

ЭКСПЕРТЛАР ФИКРИ

 Мурод ТУРҒУНОВ, юридик фанлар доктори:

— Бош қомусимиз таркибий тузилишига назар солсак, бунда давлат, инсон ва фуқаролар, жамият ва шахснинг ҳуқуқий мақоми, ўзаро муносабатлари борасидаги тегишли ҳуқуқий асосларни кўриш мумкин. Айни пайтда бунда жамоат бирлашмалари, оила ва оммавий ахборот воситалари мавқейи ва фаолияти бўйича ҳуқуқий тартибга солиш конструксиялари ҳам яққол акс эттирилган. Зеро, инсон, фуқаро ва шахс онгли биологик мавжудот сифатида ижтимоий муносабатларнинг асосий иштирокчиси хисобланади.

Ижтимоий муносабатларнинг жадал ривожланиши натижаси ўлароқ, эндиликда ижтимоий-сиёсий хаёт “давлат — жамият — инсон” парадигмасидан “инсон — жамият—давлат” парадигмасига ўзгармоқда.

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида “Биз ўн йиллар, асрлар давомида амал қилиб келинган “давлат — жамият — инсон” тамойилини “инсон — жамият — давлат” тамойилига ўзгартирдик. Юртимизда “Давлат — инсон учун” ғояси амал қила бошлади", дея қайд этганди. Ушбу дастуриламал қоида давлат раҳбарининг “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонининг 13-бандида ҳам ўз ифодасини топди. Унда назарда тутилган давлат бошқаруви органларининг “Давлат — инсон учун” тамойили асосида ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларни режалаштиришга қаратилган янги тизим яратиш мақсадида Конституциянинг 13-моддаси биринчи қисмини қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдириш таклиф этилади: “Давлат сиёсати халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилади деган принципга асосланади”.

 

Омонбой ОКЮЛОВ, юридик фанлар доктори, профессор:

— Янги Ўзбекистон ҳуқуқий асослари ҳам сифат жиҳатидан яхшиланмоғи лозим. Бу давлатнинг асосий қонуни бўлган Конституциямизга ҳам тааллуқли. Шавкат Мирзиёев янги муддатга лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлис йиғилишида таъкидлаганидек, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган яна бир муҳим таклиф илгари сурилди. Бу ҳам бўлса, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат.

Конституция кўп миллатли давлат бўлган Ўзбекистон Республикасининг Асосий қомуси ҳисобланади. Унинг матни ўзбек, рус ва инглиз тилларида расмий аутентик кучга эга бўлмоғи лозим. Қонунчилик техникаси нуқтаи назаридан рус ва ўзбек матнларида аниқ ва қатий бир хиллик таъминланиши шарт.

Шу муносабат билан Конституциянинг 38-моддаси ўзбекча ва русча матни бир хиллигини таъминлаш мақсадида қайта таҳрирга муҳтож. Конституциявий ислоҳотлар жараёнида унга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Умуман, юқоридаги фикр-мулоҳазаларнинг айрим қирралари баҳсли характерга эга бўлиши истисно этилмайди. Бироқ, энг муҳими, улар муҳокама мавзуси бўлиши лозим. Конституциявий ислоҳотлар кенг умумхалқ муҳокамаси иштирокида амалга оширилиши табиий. Шу сабабли ҳам ҳар биримиз бу соҳада фаол бўлишимиз, чуқур фикр юритишимиз ва ўз нуқтаи назаримизни ишлаб чиқишимиз керак бўлади.

 

Жўрабой ТОШҚУЛОВ, юридик фанлар доктори, профессор:

— Жаҳонда, минтақамиздаги сўнгги чорак асрда юз берган ижобий ва салбий ўзгаришларни, шу даврда мамлакатимизда эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликларни, конституциявий ислоҳотлар бўйича миллий ва хорижий тажрибани ҳисобга олиб, юртимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда куйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ:

  • Ўзбекистон Республикасининг яқин ва узоқ келажақдаги мақсад ва вазифаларини аниқ қилиб белгилаш;
  • ҳозирги қалтис ва мураккаб халқаро ҳамда минтақавий сиёсий вазиятни ва хавфсизликка янги тахдидларни ҳисобга олиб, республикамиз суверенитетини мустаҳкамлаш, мудофаа қудратини ошириш, чегаралар дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашнинг замон талабига жавоб берадиган, ишончли ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратиш ва уни такомиллаштириш;
  • ҳокимиятнинг уч тармоғи тенглиги, бир-бирининг фаолиятига аралашишнинг олдини олиш, бир- бирини тийиб туришнинг амалда рўёбга чиқиш механизмини акс эттириш;
  • инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли таъминлашнинг амалдаги ташкилий-ҳуқуқий механизмини сўнгги чорак асрда қабул қилинган соҳага оид халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ва ривожланган давлатлар тажрибасини ҳисобга олиб, мазмунан бойитиш.

 

Миродил БАРАТОВ, юридик фанлар доктори, профессор:

— Ўзбекистон Конститусиясининг 55-моддасига биноан ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Констигутсия ва Ер кодекси ерга нисбатан давлатнинг мутлақ мулк ҳуқуқини ўрнатади ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларга эса ерга нисбатан ашёвий ҳуқуқларни белгилайди. Ер кодекси 17-моддасига мувофиқ, юридик шахслар доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари лозим, жисмоний шахслар эса, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижарага олиш ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлишлари мумкин.

Воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, бугун вазият мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотлар баробарида тубдан ўзгарди. Ерга нисбатан хусусий мулкчиликнинг белгиланиши, юқорида айтганимиздек, ривожланган бозор шароитининг зарур шартларидан бири (инвестициявий жозибадорлик воситаси, ерлардан мақсадга мувофиқ ва самарали фойдаланиш нуқтаи назаридан) сифатида амалга оширилиши мумкин.

Шу муносабат билан ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқининг жорий этилиши конституциявий ислоҳотлар фонида секин-асталик билан амалга оширилиши лозим бўлган жараён, деган хулосага келиш мумкин.

 

Одилжон СУЛАЙМОНОВ, юридик фанлар доктори, доцент:

— Асосий Қонунимизнинг ИВ боби 7-моддасида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан тахдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган бошқа қоида ва нормаларига асосланиши белгиланган.

Қолаверса, республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга, бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкинлиги ҳам кўзда тутилган.

Ушбу моддада умумеътироф этилган халқаро ҳуқуқ принципларидан фақатгина бештаси санаб ўтилмоқда ва халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади, деб бошқа халқаро ҳуқуқ принципларига ҳавола берилмоқда. Замонавий конституцияларда эса имкон қадар ҳавола бериш амалиётидан воз кечиш айни муддаодир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 17-моддани халқаро ҳуқуқнинг бошқа умумеътироф этилган қуйидаги принциплари билан тўлдириш мақсадга мувофиқ:

  • халқаро ҳуқуққа оид мажбуриятларни виждонан бажариш;
  • давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги;
  • халқларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш;
  • давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиш;
  • инсон ҳуқуқ ва асосий эркинликларини ҳурмат қилиш;
  • давлатлар чегараларининг бузилмаслиги.

 

Ҳайдарали ЮНУСОВ, юридик фанлар номзоди, доцент:

— Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат ва жамият бошқаруви, инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти институтлари, экологик хавфсизлик, сўз эркинлиги, очиқ жамият қуриш соҳасида олиб борилаётган сиёсат ва тобора чуқурлашиб бораётган глобал жараёнлар, табиийки, тизимли ислоҳотлар ва уларнинг ҳуқуқий негизларини такомиллаштиришни талаб этади. Шу боис миллий-ҳуқуқий тизим “хамиртуруши” бўлган Конституция ислоҳотларнинг биринчи ҳалқасидан жой олади.

Конституциямизнинг 7 та модсаси ва улардаги 13 та банд бевосита ташқи сиёсат масалаларига бағишланган. Булар — 1-модда, 17-модда, 78-модда (4, 20-бандлар), 80-модда (8-банд), 93-модда (Ўзбекистон Республикаси Презсденти ваколатлари, 3-7-бандлар), 98-модда (Бош вазир ваколатлари, 3-банд), 109-модда (1,2-бандлар)лардир. Назаримизда, мавжуд конституциявий нормалар кенг қамровли ташқи сиёсат юритиш учун етарли эмас.

Бундан ташқари, Асосий Қонунимизда халқаро шартномаларга оид алоҳида нормалар мавжуд эмас. Хорижий тажрибага назар солсак, 1958 йил 4 октябрда қабул қилинган ва ҳозирги кунда амал қилиб келаётган Франция Конституциясида “Халқаро шартномалар ва битимлар тўғрисида” деб номланувчи алоҳида бўлим мавжуд бўлиб, унинг 52 — 55-моддаларида халқаро шартномалар турлари, музокара олиб бориш, шартномаларни ратификатсия қилиш, кучга киритиш тартиби баён этилган.

Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Асосий Қонунимизнинг ташқи сиёсатга оид нормаларини янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадса ИВ бобни янги моддалар билан бойитиш, унга республиканинг халқаро шартномалари ва битимлар тўғрисидаги қоидаларни қўшиш фойдадан холи эмас.

 

Қахрамон УМИДУЛЛАЕВ, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори:

— Тараққиётнинг ҳозирги босқичида кўплаб давлатларда ислоҳотларнинг асосий мақсади давлат органлари фаолияти самарадорлигини таъминлашга қаратилган ва бу ўзгаришлар қонун ҳужжатларида ўз аксини топмоқда.

Айрим давлатлар Конституциясида давлат бошқаруви органлари самарали фаолият юритиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Масалан, Испания Конституциясининг 103-моддасида давлат бошқаруви органлари умумий манфаатларга холис хизмат қилиши, самаралилик тамойилларига мувофиқ ишлаши белгиланган.

Фикримизга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг В боби Умумий қоидалар бўлими “Давлат органлари ва хизматчилари самарали фаолият юритиши лозим” деган янги модда билан тўлдирилиши улар фаолияти самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Лавиза ИСҲОҚОВА, юридик фанлар номзоди:

— Бугунги кунда Ўзбекистон давлат бошқарувини рақамлаштириш ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ чинакам сивилизатсия поғонасини бошдан кечирмоқда. Юртимиз тизимли ва ахборотлашган жамият сари дадил одимламоқда.

Президент Шавкат  Мирзиёйев томонидан 2020 йил октябр ойида “Digital Uzbekistan — 2030” Стратегияси тасдиқланди. Унда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш бўйича комплекс чора- тадбирларни амалга ошириш, барча тармоқ ва соҳаларга, биринчи навбатда, жамоат транспорти, маъмурият, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш белгиланган.

Рақамли технологияларни ривожлантириш уларни ҳуқуқий тартибга солишдан олдинда юради ва уларни ривожлантиришнинг янги йўналишлари пайдо бўлиши мумкин ҳамда бу уларни миллий ва халқаро ҳуқуқий даражада тартибга солишни талаб қилади. Ахборотни узатиш, қайта ишлаш усулларини ишлаб чиқиш турли хил қонун ҳужжатларида, халқаро ташкилотлар электрон стратегияларида ва ҳужжатларида қўлланиладиган ва уларни бирлаштириш ҳамда турли хил ҳуқуқий ҳужжатларда қарама-қарши ишлатилишининг олдини олишни талаб қиладиган янги атамалар ва тушунчаларнинг пайдо бўлишига таъсир қилади.

Ўзбекистонда ахборот жамиятини шакллантиришга бўлган энг муҳим ёндашувлар ва жамиятнинг турли соҳаларида рақамлаштиришни жорий қилишнинг асосий тамойилларини Конституцияда акс эттириш вақти келди.

Конституциямизнинг 16-моддасини қуйидаги қоида билан тўлдиришни таклиф қиламиз: “ахборот жамиятини шакллантириш ва рақамли технологиялардан фойдаланиш шахсий ва жамоат манфаатларига зарар етказмаслиги керак”.

«Халқ сўзи».

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech