Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи ҳисобланган Асосий Қонунимиз фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаб, жамиятимизни демократик асосларда ривожлантириш, давлатимизнинг тараққий эттиришга хизмат қилиб келмоқда.
Шу билан бирга кейинги йилларда Янги Ўзбекистонни шакллантириш ва янада жадал суръатларда юксалтириш Конституциямизнинг давр талабларига жавобан янада такомиллаштириш заруратини туғдирди. Шу кунларда Асосий Қонунимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан жуда кўп таклифлар келиб тушмоқда.
Маълумки, Конституция қонун-қоидаларига қатъий амал этилишини таъминлаш мақсадида Конституциявий судлар ташкил этилади. Конституциявий судлар биринчи марта 1920 йилда Австрия ва Чехославакияда таъсис қилинган эди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин эса 1951 йилда Германия Федератив Республикасида, 1958 йилда Францияда, сўнг бошқа мамлакатларда ҳам пайдо бўлди. Ҳозирги пайтда жаҳонда уларнинг сони кўп.
Конституциявий суд давлат ҳокимиятининг суд тармоғига тааллуқли бўлиб, унинг ваколатига ҳуқуқий нормаларнинг Конституцияга мувофиқлигини баҳолаш киради. Конституциявий суд барча бошқа судлардан фарқли равишда қонунлар ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга номувофиқлиги ҳолатларида уларни бекор қилиш ҳуқуқига эгадир.
Жумладан, Германия Федерал конституциявий судининг асосий вазифаси давлат ёки йирик корпорациялар мамлакатнинг Асосий қонунини бузилмаётганлигини текширишдан иборатдир. Бунда асосий эътибор фуқароларнинг асосий – инсон қадр-қиммати, касбни ва иш жойини эркин танлаш, мол-мулкка эга бўлиш каби ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Германия Федерал конституциявий судининг таркиби ҳар бирига 8 тадан судья кирадиган икки сенатдан иборатдир. Сенатлар бир-бирига бўйсунмайди. Федерал конституциявий суд судьялари сиёсий партияларнинг таклифлари асосида қайта сайланиш ҳуқуқисиз 12 йилга сайланади. Германия Федерал конституциявий судининг ҳар икки сенати йилига 6 мингтага яқин аризалар қабул қилади. У таъсис этилгандан ўтган 60 йил давомида ана шундай 137 мингта ишни кўриб чиққан.
Шу билан бирга айрим мамлакатларда Конституциявий кенгашлар мавжуддир. Хусусан, Франциянинг Конституциявий кенгаши 1958 йилда ташкил этилган. Унинг вазифалари бошқа давлатлардаги конституциявий судларга ўхшаш, бироқ ваколатлар ва вазифаларда жиддий тафовутлар мавжуддир. Масалан, Кенгаш амалдаги қонунларни бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас. Шунингдек, Конституциявий кенгаш қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини ўз ташаббуси бўйича текшира олмайди. Бу масала бўйича фақат мамлакат Президенти, Бош вазири, Сенат ва Миллий кенгаш раисларигина конституцияга мувофиқликни текшириш тўғрисида сўров бериш ҳуқуқига эгалар.
Кенгаш ҳуқуқий ҳужжатлар – қонунлар ёки қонуности хужжатлар мақоми ҳамда қонунчилик ва ижро ҳокимияти ўртасидаги ваколатларни чегаралаш масалаларини ҳал қилади, мамлакат Президенти сайловлари ўтказилишини назорат қилади. У мазкур сайловларнинг якунини белгилайди, Президент адолатли сайланганлигини эълон қилади, ана шу лавозим бўш бўлган ҳолатларда давлат раҳбарини белгилаш тартибини ҳал этади. Шу билан бирга Кенгаш референдумларни ўтказади ва улар якунларини чиқаради, депутатлар ва сенаторлар тўғри сайланганлиги тўғрисида қарорлар чиқаради. Шу билан бирга Конституциявий кенгаш Франция Президентини мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиш масаласи юзасидан маслаҳатлар беради.
Юқорида қайд этилганлардан Конституциявий кенгаш Конституцияга амал этилишини таъминлаш кафолатига эгалигини англатмайди. Чунки бу ҳуқуқ Франция Конституциясининг 5-моддасига мувофиқ мамлакат Президенти ваколатига киради. Шу билан бирга Конституциявий кенгашнинг қарорлари бекор қилиниши мумкин эмас, бу қарорлар ҳокимият, маъмурий суд органлари учун мажбурийдир.
Юқоридаги халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ваколатларини кенгайтириш масаласини киритиш мақсадга мувофиқ, деган фикрдамиз. “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги амалдаги Қонунда Конституциявий суднинг Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари, давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, Конституция ва қонунлар нормаларига шарҳ бериш, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ваколатлари берилган.
Биз Ўзбекистон Республикаси Конституциясига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ваколатларини мамлакат Президенти сайловлари ўтказилишини назорат қилиш, мазкур сайловларнинг якунини белгилаш, Президент адолатли сайланганлигини эълон қилиш, умумхалқ референдумларини ўтказиш ва улар якунларини чиқариш, депутатлар ва сенаторлар тўғри сайланганлиги тўғрисида қарорлар чиқартшни киритишни таклия қиламиз.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг бош муҳарири,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
- Қўшилди: 06.06.2022
- Кўришлар: 3553
- Чоп этиш