Халқаро экспертлар: Ўзбекистон ШҲТни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшмоқда
ЎзА аввал хабар берганидек, Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти: Марказий Осиёдан Евроосиёга” мавзусида ШҲТ Хартиясининг 20 йиллигига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Мухбирларимиз анжуман иштирокчилари – хорижий экспертлар фикрини ёзиб олди.
Аҳмад САИДМУРОДЗОДА, Тожикистон Республикасининг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори:
– Ўтган йил Душанбеда Тожикистон раислиги доирасида ШҲТ оиласи кенгайишининг иккинчи тўлқини бошланган эди. Қизғин жараён натижаси раҳбарият томонидан янги мулоқот бўйича яна уч ҳамкор – Саудия Арабистони, Миср, Қатарга оид ижобий келишувда акс этди.
Айни пайт Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида Эрон Ислом Республикасини тузилмага қабул қилиш бўйича муҳим қарор амалга ошириш устида ишлаяпмиз. Бу йўлда етарли муваффақиятга эришдик. Яъни, Самарқандда Эроннинг ШҲТга аъзо давлат сифатида мажбуриятларини белгилайдиган ҳужжат имзоланиши кутиляпти.
Эрон бир неча босқичда муайян чора-тадбирлар амалга оширишни зиммасига олади. Биринчи навбатда ШҲТ доирасида амал қиладиган барча халқаро шартнома, битимларга қўшилади.
Тегишли ҳужжатларнинг кучга кириш тартиби тасдиқланган. Самарқандда Меморандум имзолангандан кейин, Ҳиндистондаги саммитда етакчилар Эронга ШҲТ аъзоси мақомини бериш бўйича қарорни таслиқлашлари лозим.
Ташкилотимизда очиқлик тамойили сақланиб қолган. Шунга мос равишда ШҲТга бошқа давлат ва ташкилотлар томонидан қизиқиш тобора ортмоқда. Ҳозир ҳамкор ёки кузатувчи мақомини олиш учун 15 дан ортиқ ариза мавжуд.
Масалан, мулоқот бўйича ҳамкорликка биринчи навбатда яна бир араб давлати – Баҳрайндан тушган сўров кўриб чиқилади. Ушбу мамлакат бўйича консенсус аллақачон топилган, Баҳрайн Қироллигига мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш тўғрисидаги қарор тайёрланмоқда. Шунингдек, кун тартибида бўлажак кузатувчилар – Озарбайжон, Арманистон, мулоқот бўйича ҳамкор сифатида Мальдив масаласи бор.
Демак, Самарқанд саммити якуни бўйича умумий фикрга келинса, кенгайишнинг учинчи тўлқини пайдо бўлади.
Яна бир жиҳатни таъкидлашим керак, Ўзбекистон ШҲТ майдонида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшмоқда. Бу ҳолат, энг аввало, мамлакат Президенти томонидан илгари сурилаётган стратегик ғоя, амалий саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Айни пайт тузилма доирасида яна бир жуда жиддий ҳужжат – транспорт тизимини ўзаро боғлаш стратегияси ишлаб чиқилиб, ҳужжатни тасдиқлаш масаласи кўриб чиқиляпти. Бундан ташқари Ўзбекистон саноат кооперацияси, энергетика ва коронавирус оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳам турли ташаббусларни таклиф қилмоқда.
Казибек КОЧКОНОВ, Қирғиз Республикасининг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори:
– Бу галги йиғилишимиз ШҲТнинг аосий ҳужжатларидан бири - Хартиянинг 20 йиллигига бағишланди. Мулоқот, мунозаралар давомида кўплаб пишиб етилган масалалар муҳокама қилинди. Масалан, ташкилотнинг таркибий тузилмаси, Хартияга ўзгариш киритиш ва бошқа турли мавзулар кўриб чиқилди. Бир сўз билан айтганда, конференция фаолиятимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшади.
Турли-туман фикрлар айтилди, қарашлар ранг-баранглиги эса оқилона, тўғри ва аниқ қарор чиқариш, кун тартибига қўйилган муайян масала бўйича айнан мақсадга мувофиқ йўлни танлашда ёрдам берди. Шу нуқтаи назардан универсал ҳужжат - Хартия истиқболли келажак учун хизмат қилмоқда. Эндиликда ШҲТга бутун дунё қизиқмоқда, жуда кўп давлатлар тиаркибимизга қўшилиш истагини билдиришмоқда. Биз эса ҳар бир мамлакат аризасини алоҳида, синчиклаб ўрганяпмиз.
Б.Худойбердиев, У.Маҳмирзаев, Н.Ҳайдаров (сурат) тайёрлади.
- Қўшилди: 20.06.2022
- Кўришлар: 3463
- Чоп этиш