Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ ҳамда Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институт томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Лойиҳалар бўйича мувофиқлаштирувчи идораси билан биргаликда “Ногиронлар ҳуқуқларининг дунё мамлакатлари конституцияларида акс эттирилиши” мавзуида халқаро жамоатчилик эшитуви уюштирилди.
Аҳолининг заиф қатламлари ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий ҳамда халқаро тажрибани ўрганиш, ногиронлиги бўлганлар ҳуқуқларини кафолатловчи тамойилларнинг дунё конституцияларида акс эттирилиши, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш жамоатчилик эшитувининг асосий мақсади бўлди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда жойлардаги ваколатли ҳокимият органлари, тегишли давлат идоралари, академик ҳамжамият, илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, Тошкент шахрида фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Эътироф қилинганидек, янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойилини амалга ошириш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари, шу жумладан, ногиронлиги бўлганларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, ногиронлиги борлиги туфайли камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик, ногиронликни эрта аниқлаш ва олдини олиш, ногиронлиги бўлганларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда бандлигини таъминлашни тубдан яхшилаш борасидаги ишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада умумеътироф этилган халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги беш йил ичида давлат раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенсиями (НҲК) ратификатсия қилди, мамлакатимиз Осиё — Тинч океани минтақасида ногиронларнинг асл ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Инчхон стратегиясига қўшилди, иккита янги — “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги ҳамда “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Мазкур қонун ҳужжатлари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларда акс эттирилган ногиронлиги бўлганларнинг ҳуқуқларини таъминлашга оид асосий тамойилларни ўзида мужассам этади.
Мамлакатимизда 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш доирасида 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбик этиляпти. Унда ногиронлиги бўлганлар ҳуқуқларини таъминлашга доир мақсад ва вазифалар ҳам ўз аксини топган. Шунингдек, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси амалга оширилмоқда. Бу борадаги аниқ мақсадли вазифалар белгилаб олинди ва ҳал қилинмоқда.
Улар таълим муассасалари шароитларини имконияти чекланган болаларнинг манфаатларини ҳисобга оладиган даражада яхшилаш орқали ногиронлиги бўлганлар учун барча даражадаги таълим ва касбий-техник тайёргарликдан тенг фойдаланиш имкониятини, барча учун хавфсиз ҳамда самарали ўқитиш муҳитини таъминлаш, хотин-қизлар ва эркакларни, шу жумладан, ёшлар ва ногиронлиги бўлганларни Барқарор ва самарали иш билан банд этиш ҳамда муносиб иш, шунингдек, тенг қийматли меҳнат учун тенг иш ҳақи тўланишини таъминлаш, ногиронлиги борлигидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирокини рағбатлантириш ҳамда бошқаларни ўз ичига олади.
Ногиронлиги бўлганларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб- қувватлашнинг институтсионал асосларини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини жорий этишга янги ёндашувларни жалб қилиш мақсадида Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Кексалар, ногиронлиги бўлганлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларининг автоматлаштирилган ягона электрон реестри тизими яратилди.
Жамоатчилик эшитуви иштирокчилари бугунги кунда ногиронлиги бўлганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш 200 дан ортиқ нормативе ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинаётганлигини таъкидлади.
Бироқ амалдаги Конституцияда ногиронлиги бўлганлар ёки имконияти чекланган шахслар ҳақида сўз юритилмаган. Шу муносабат билан Конституциявий қонун лойиҳасига ушбу соҳага тааллуқли бир қатор янги бандлар киритилди.
Мазкур янгиланишларнинг биринчи гуруҳи Конституциянинг муқаддимасида ўз ифодасини топган ҳамда улар: Ўзбекистон ягона халқининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга содиқдигини мустаҳкамлаш, ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, фаровонлиги ҳамда манфаатлари ҳақида ғамхўрлик қиладиган инсонпарвар ва ижтимоий давлатни барпо этиш ҳамда мустаҳкамлашга интилишни акс эттиради.
Иккинчи гуруҳ Конституциянинг 13 ва 18-моддаларидаги нормалардан иборат бўлиб, унда инсоннинг шаъни ҳамда қадр-қимматини, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, унга риоя этиш, ҳимоя қилишга давлатнинг масъул эканлиги, инсон қадр- қиммати, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз, ажралмас ҳамда ҳар бир инсонга туғилганидан бошлаб тегишли эканлиги қайд этилади.
Янгиланишларнинг учинчи гуруҳи Конституциянинг 39-моддасига киритилган:
— ҳар бир шахс кексайганда, ишга яроқсиз бўлганда, ишсизлик, ногиронлик, шунингдек, боқувчисини йўқотган ҳолатларда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга;
— давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратади, давлат пенсиялари, нафақалари ва бошқа ижтимоий ёрдам турларини белгилайди. Шу билан бирга, пенсиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий ёрдам турлари расмий равишда белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан паст бўлиши мумкин эмас;
— давлат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, яхши уй-жой шароитларига муҳтож фуқароларни уй-жой билан таъминлайди, ногиронлиги бўлганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур бўлган тенг шароитларни яратади;
— ногиронлиги бўлганларга нисбатан ҳар қандай яккалаш, ажратиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш, шунингдек, ногиронлиги бўлганларга объектлар ва хизматлардан фойдаланиш учун шароит яратишдан бош тортиш тақиқланади.
Тўртинчи гуруҳ Конституциянинг 40-моддаси нормаларида ўз аксини топган бўлиб, унга кўра, ҳар бир инсон соғлиқни сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда фуқаролар қонунда белгиланган ҳажмда кафолатланган бепул тиббий ёрдам, шунингдек, тез ёрдам ва шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.
Бешинчи гуруҳ Конституциянинг 41 ва 45-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқлар билан боғлиқ. Яъни:
— махсус таълим га эҳтиёжманд ва индивидуал имкониятлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилади;
— давлат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларининг ҳаёт сифатини яхшилашга, бошқа фуқаролар билан жамоат ва давлат ҳаётида тенг иштирок этишлари учун шароит яратишга ва асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.
Олтинчи гуруҳ эса Ҳукуматнинг мажбуриятларини мустаҳкамлайди (Конституциянинг 98-моддаси):
— ижтимоий ҳимоя, шу жумладан, ногиронлиги бўлганларни ҳимоялаш тизимининг фаолият кўрсатишини таъминлаш;
— фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан, жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросидаги иштирокини, ижтимоий шериклик дастурларини амалга оширишни таъминлайди.
Халқаро эшитув иштирокчилари томонидан жаҳон давлатларининг конституциявий ривожланишини ўрганишга асосланган таҳлилларга таянган ҳолда қайд этилдики, дунё мамлакатлари орасида ўз Конституциясига ногиронлиги бўлганлар тенглиги тўғрисидаги қоидани киритган биринчи мамлакат Канада бўлиб, унда: “Ҳар бир шахс ҳеч қандай камситишсиз, шу жумладан, ирқи, миллати, дини, жинси, ёши, ақлий ёки жисмоний нуқсонларидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир”, дейилади.
Германиянинг Асосий қонунида ҳам худди шу мазмундаги норма мустаҳкамлаб қўйилган: “Ҳеч бир инсон ногиронлиги сабабли камситилиши мумкин эмас”. Қонунга кўра, ҳар бир фуқаро “реабилитатсия қилиш ва одатий ҳаёт тарзига интегратсиялашиш ҳуқуқига эга”, мамлакатнинг Асосий қонуни қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларининг нафақат федерал даражадаги, балки барча маҳаллий федерал ерлар ҳамда жамоалар доирасидаги қуйи даражалари, шунингдек, турли жамоат идоралари ва муассасалари зиммасига барча тоифадаги ногиронлиги бўлганларни “имкон қадар одатий ҳаёт тарзига киритиш, интеграсиялаш” бўйича барча чораларни кўриш масъулиятини юклайди.
Ногиронлиги бўлганларнинг ҳуқуқлари Венгрия Конституциясида ҳам ўз аксини топган: “Венгрия ҳар кимга камситишларсиз, хусусан, ирқи, танасининг ранги, жинси, ногиронлиги, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати, туғилиши ёки бошқа бирор мақомидан қатъи назар, асосий ҳуқуқларни кафолатлайди. Давлатнинг “алоҳида чора-тадбирлар орқали оилалар, болалар, аёллар, қариялар ва ногиронлар ҳимоясини таъминлаши” кўрсатилган.
Дунё мамлакатлари конститусияларини ўрганиш шуни кўрсатдики, уларда ҳам ногиронлиги бўлган ҳар қандай шахснинг барча жойга кириши, жамоат транспортидан ва маълумотлардан оқилона фойдаланиши; имо-ишоралар тили, Брайл алифбоси ёки бошқа тегишли алоқа воситаларидан фойдаланиши; шахснинг ногиронлиги билан боғлиқ зарур материаллар, моддалар ва қурилмаларга эга бўлиши, шу билан бирга, ногиронлиги бўлган ҳар қандай шахснинг жамият ҳаётидаги тўлақонли иштирокини ва ўз ҳуқуқларидан самарали фойдаланишини таъминлаш учун биноларда, инфратузилма объектларида, транспорт воситаларида махсус мослаштириш ускуна ва мосламаларини қўллаш, оқилона меҳнат шароитлари, меҳнат қоидалари, амалиёти ёки муолажаларидан фойдаланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.
Миллий ва халқаро конститусиявий-ҳуқуқий ривожланиш қонуниятларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро эшитув иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасига қуйидаги нормаларни киритиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилдилар:
- Ҳеч кимнинг ногиронлиги туфайли камситилишига йўл қўйилмайди.
- Давлат барча фуқароларга реабилитатсия ва одатий ҳаёт тарзига киришиш ҳуқуқини беради. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларини, шунингдек, давлат ҳокимиятининг бошқа муассаса ва ташкилотларини барча тоифадаги ногиронлиги бўлганларни “имкон кадар одатий ҳаёт тарзига киритиш” учун барча чорани кўриш мажбуриятини юклайди.
- Давлат ҳар бир кишининг, хусусан, ирқи, танасининг ранги, жинси, ногиронлиги борлиги, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати, туғилиши ёки бошқа ҳар қандай макомидан қатъи назар, ҳеч бир камситишларсиз, асосий ҳуқуқларини кафолатлайди.
- Давлат алоҳида чора-тадбирлар орқали оилалар, болалар, аёллар, қариялар ва имконияти чекланган шахслар ҳимоясини таъминлайди.
- Ҳар қандай ногиронлиги бўлган шахс барча жойга кириш, жамоат транспортидан ва маълумотлардан оқилона фойдаланиш; имо-ишоралар тили, Брайл алифбоси ёки бошқа тегишли алоқа воситаларидан фойдаланиш; шахснинг ногиронлиги билан боғлиқ зарур материаллар, моддалар ва қурилмаларга эга бўлиш ҳуқуқига эга.
- Ногиронлиги бўлган ҳар қандай шахснинг жамият ҳаётидаги тўлақонли иштирокини ва ўз ҳуқуқларидан самарали фойдаланишини таъминлаш учун биноларда, инфратузилма объектларида, транспорт воситаларида махсус мослаштириш ускуна ва мосламаларини қўллаш, оқилона меҳнат шароитлари, меҳнат қоидалари, амалиёти ёки муолажаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
- Давлат ногиронликнинг олдини олиш, имконияти чекланган шахсларни даволаш, реабилитатсия қилиш ҳамда интегратсиялаш ва уларнинг оилаларини қўллаб- қувватлаш бўйича миллий сиёсатни амалга ошириш, жамиятни имконияти чекланган шахслар олдидаги ўз мажбуриятларини, уларга нисбатан ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳиссини англайдиган тарзда тарбиялаш, шунингдек, ота-оналари ёки васийлари мажбуриятларига зарар етказмаган ҳолда, уларнинг ҳуқуқларини самарали таъминлаш мажбуриятини олади.
- Ногиронлиги бўлганлар инсоний қадр-қиммат ва ҳурмат қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, давлат ва жамият уларнинг ўз ақлий ва жисмоний салоҳиятларини тўла рўёбга чиқариши учун тегишли чораларни кўриши лозим.
- Давлат ногиронлиги бўлганларнинг овоз бериш ҳуқуқини кафолатлаши керак.
- Парламент ногиронлиги бўлган фуқароларни рўйхатга олиш ва овоз беришга кўмаклашувчи қонунларни қабул қилади.
- Давлат:
- ногиронлиги бўлганларнинг инклюзив иш билан эркин равишда таъминланишига имкон яратади;
- ногиронлиги бўлган болаларнинг инклюзив таълим олишини таъминлайди;
- имконияти чекланган болаларнинг мактабгача таълим дан фойдаланиш даражасини ошириш чораларини кўради;
- ногиронлиги бўлганларнинг ҳаракатланиши ҳамда ахборот олиши учун жамоат жойларида, айниқса, тиббиёт муассасаларида барча шарт-шароитни (масалан, пандуслар, лифтлар, сурдотаржима) яратади;
— ногиронлиги бўлган шахсларнинг ахборот олиш ҳуқуқлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни кенг омма учун мўлжалланган, қулай форматлардаги ва ногиронликнинг турли шакллари ҳисобга олинган технологиялардан фойдаланган ҳолда ахборот билан таъминлайди.
- Давлат имо-ишоралар тили, ўзаро мулоқотнинг бошқа муқобил шаклларидан (Брайл ҳарфларидан ва овозли шакллардан) фойдаланилишини таъминлайди. Давлат ногиронлиги бўлган шахсларга телевизион дастурлар, филмлар, театр тадбирлари ва бошқа маданий тадбирларнинг улар учун қулай форматларда бўлишини таъминлайди. Давлат телеканалларида янгиликлар кўрсатувларининг сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилиши таъминланади.
Тадбир якунида халқаро эшитув иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар — Асосий Қонунимизни замонавий воқеликлар билан уйғунлаштириш, ногиронлиги бўлганларнинг имкониятларини халқаро стандартларга мувофиқ кенгайтириш, шунингдек, уларни жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳасига фаол жалб этишга қаратилганлигини таъкидлади.
Улар янги Ўзбекистонда яратилган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар фуқароларнинг, жумладан, барча тоифадаги ногиронлиги бўлганларнинг, хусусан, ногиронлиги бор аёллар ва ногиронлиги бор болаларнинг конституциявий ҳуқуқдарини таъминлашга имкон яратишига ишонч билдирди.
Конституциявий комиссия Матбуот хизмати.
- Қўшилди: 21.07.2022
- Кўришлар: 5308
- Чоп этиш