Инсон чин юракдан истаса, ўқиб – олим, уқиб – оқил бўлиши мумкин, аммо нақадар хоҳламасин, қанчалар интилмасин, туғма истеъдоди бўлмаса, шоир сифатида эл қалбидан жой ололмайди. Қисматига шоирлик битилган инсон бутун умр халқ дарди, орзу ва умидлари билан яшайди, элу юртини ҳеч қандай таъмасиз, пок ва самимий муҳаббат билан ардоқлайди. Асл шоир қалбдан куйлайди, унинг кўнгил куйи миллионлаб инсонлар қалбига ёруғлик олиб киради, эзгу ва гўзал туйғуларни жунбушга келтиради. Мен Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирни ана шундай “зуваласи шеър билан қорилган” туғма истеъдод соҳиби деб биламан.
Маҳмуд Тоир пурвиқор тоғлари кўкка бўй чўзган гўзал ва сўлим Паркент воҳасида таваллуд топган. Табиатнинг мафтункор ва бетакрор чиройидан завқланиб ўсган. Айни шу омил сабабли ундаги туғма шеър ишқи, шоирлик истеъдоди эрта уйғонган бўлса, не ажаб. Ҳар ҳолда, унинг илк шеъри Паркент тумани газетасида эълон қилинганида шоир эндигина 7-синфда таҳсил олар эди.
Шеър ёзишга бўлган чексиз меҳр ва иштиёқ Маҳмуд Тоирни Тошкент давлат университетининг филология факультетига етаклади. У дорилфунунни тамомлагач, дастлаб “Ёш гвардия” нашриётида, кейинчалик Республика радиосининг болалар ва ўсмирлар учун эшиттиришлар бош таҳририятида меҳнат фаолиятини олиб борди. Шундан сўнг, матбуотда бирин-кетин шеърлари эълон қилинаётган истеъдодли шоирни ўзи туғилиб-ўсган қадрдон туманидаги “Паркент тонги” газетаси бош муҳаррирлигига таклиф қилишди.
Айтиш мумкинки, айни шу даврдан бошлаб Маҳмуд Тоир ижодида янги саҳифа очилди. Унинг шеърларида гўзал табиат манзаралари, покиза инсоний фазилатлар ва теран фалсафий мушоҳадалар уйғунлаша бошлади:
Келишинг қувончдир, кетишинг нола,
Оҳ, бунча қисқадир умримиз, лола.
Кўзимга суртайин, кўксимга босай,
Қайта кўришгунча, лолажон, лола.
Маҳмуд Тоир шеъриятини синчиклаб тадқиқ этсак, табиатдан ранг олган гўзал ва нозик ташбеҳларга кўп бора дуч келамиз. Унинг бир шеърида тоғлар ортидан бош кўтараётган қуёш ҳаётни олқишлаб, одамлар қалбини ёритиши тасвирланса, яна бир шеърида атиргул илдизи ошиқ юрагидан сув ичади. Шоир нигоҳи қанот ёзган капалакни дуо қилиб турган қўлларга ўхшатади.
Ҳа, шоирнинг ўз сўзи, сози ва овози бор, шеъриятининг мавзу кўлами эса бениҳоя кенг ва ранг-баранг. Ватан, она, дўстлик, меҳр-муҳаббат каби юксак инсоний тушунчалар ва фазилатларни тараннум этган шоир шеърлари қўшиққа айланиб, халқимизга ёд бўлиб кетган. Бу ўлмас ва бетакрор шеърият ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ўрин эгаллаб, ҳали узоқ йиллар халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Майсаларинг шивирлашди,
тизлар чўкиб, қулоқ бердим,
Билмай босиб чумолини
гуноҳимга сўроқ бердим,
Ватан не деб сўрганларга
бир кафтгина тупроқ бердим,
Менга Ватан сийратини,
Момо ерим, ўзинг бердинг.
Халқ бахши-оқинлари услубига хос равишда наср билан назмни аралаш қўллаш ҳам Маҳмуд Тоир шеъриятига хос хусусият ҳисобланади. Ана шундай халқона оҳанг либосига бурканган ҳикматли фикрлар ва ҳаётий мушоҳадалар кишини беихтиёр ўйга солади. Инсон савоб ва гуноҳ, рост ва ёлғон, ҳалол ва ҳаром каби маънавий тушунчалар ҳақида фикрлай бошлайди. Айниқса, унинг тўртлик ёки иккиликларида шарқ донишмандларига хос ихчам ҳикматлар кўп учрайди:
Тўкилган табассум тиллога тенгдир,
Хуш ният гоҳида Ҳумога тенгдир.
Бир марта жилмайгин, бир яхши гапир,
Бу олам торга тор, кенгларга кенгдир.
Ёки
Улуғдир кўксида тоғи бор одам,
Гўзалдир дилида боғи бор одам.
Кесак – тош, тош – тилло бўлмагай ҳеч вақт,
Эл бўлмас, кўнглида доғи бор одам.
Маҳмуд Тоир ниҳоятда сермаҳсул ижод қилиб келмоқда. 1991 йилда унинг илк шеърий тўплами “Айт энди, юрагим” номи билан чоп этилган бўлса, ҳозирга қадар унинг “Биз нечун учрашдик”, “Муҳаббат шеваси”, “Оқиб кетган армонлар”, “Бармоқлар бодаси”, “Ҳақни таниб”, “Бедорларга беринг дунёни”, “Янги шеърлар”, “Сўз саодати”, “Мен офтобга алишмаган аёллар”, “Юз тўртлик” каби тўпламлари, “Оқиб кетган армонлар” ва “Отамнинг ўкинчи” номли достонлари, икки жилдли “Сайланма”си нашр қилинди.
Халқимиз севиб мутолаа қилаётган бу асарларга адабиётшунослар ҳам юқори баҳо беришаётгани эътиборга лойиқ. Жумладан, таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Баҳодир Карим шундай ёзади: “Адабий, ижтимоий, маънавий-маданий ҳаётда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир жуда фаол, ўз овозига эга забардаст, қалами ўткир ва ҳозиржавоб шоирлардан биридир. Маҳмуд Тоир шеъриятининг умумконцептуал пафосини эзгулик тараннуми ташкил қилади. Шоирнинг ҳозиргача босилган шеърий тўпламлари ва достонлари адабиёт ихлосмандларининг маънавий мулкига айланди”.
Маҳмуд Тоирнинг меҳнат фаолияти ҳам ижоди сингари фаол ва жўшқин. Бугунги кунда у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлимининг раҳбари, “Адабиёт зиёси” адабий нашрининг бош муҳаррири, шунингдек, сенатор сифатида фаолият олиб бормоқда. Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси аъзоси сифатида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш, ахборот сиёсатини таъминлашга оид қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг ижро этилиши устидан тизимли парламент назоратини амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келмоқда.
Маҳмуд Тоир шеърияти билан ҳам, меҳнат фаолияти билан ҳам халқимизга фарзандлик меҳри ила хизмат қилиб келаётгани таҳсинга сазовор.
Адабиётга “абадият йўлида ёқилган чироқ”, шеъриятга эса “шу чироқ ичра қалбларни чарақлатиб турган ёғду” дея таъриф берган Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир халқимиз қалбини ва тафаккурини мунаввар этган бетакрор шеърлари билан элнинг эъзози ва эҳтиромига эришди. Унинг ватанпарварлик руҳидаги шеърлари, самимий ва дилтортар сатрлари қўшиқ бўлиб юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борди. Айни ижодий камолот ёшига етган севимли шоиримизга ҳар доим ҳозиргидек элнинг назарида юришини тилаб қоламиз.
Зеро, шоирнинг ўзи таъкидлаганидек,
Элнинг эъзозидан баландроқ тоғ йўқ,
Меҳр қўрғонидан гўзалроқ боғ йўқ”.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Спикерининг биринчи ўринбосари,
академик
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.
- Қўшилди: 22.07.2022
- Кўришлар: 5009
- Чоп этиш