Бугунги ахборот ва глобаллашув даври жуда қизиқ: бир кун, бир соат, ҳатто бир дақиқа ичида ҳар хил манбалардан ўзингизни қизиқтирган мавзудаги кўпдан-кўп ва турлича ахборот оқими билан танишишингиз мумкин. Бу ранг-баранг ахборотлар баъзан бир-бирини инкор этса, баъзида бири бошқасини тўлдириб, ўзаро уйғунлашиб, янги ахборот ва янгича фикрлар учун замин яратади.
Мана, ҳозир ҳам худди шундай бўлди. Бир ахборот манбасида дунё аҳолисининг 18 фоизи кунига ҳеч бўлмаганда 40 дақиқа Интернетга уланиш имкониятига эга эмаслиги ҳақида ўқиб қолдим. Бу эса БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларида кўзда тутилган “Кам ривожланган мамлакатларда аҳолининг 2020 йилгача ёппасига арзон Интернетга уланишини таъминлаш» режаси ижросида анчагина муаммолар борлигини кўрсатади.
Бошқа бир манбада қайд этилишича, 2022 йил биринчи ярмида мамлакатимизда 23 минг километрдан зиёд оптик толали алоқа линиялари қурилган. Натижада, Speedtest Global Index рейтингига кўра, Ўзбекистон симли Интернет ресурсларининг юкланиш тезлиги бўйича 182 та давлат ичида Арманистон, Қозоғистон, Туркия ва Озарбайжон давлатларини ортда қолдириб, 86-ўринни эгаллаган.
Буюк Британиянинг Cable.co.uk портали маълумотларига қараганда, дунё рейтингида Ўзбекистон мобиль Интернет арзонлиги бўйича 21-ўринни, кенг полосали симли Интернет арзонлиги бўйича 19-ўринни забт этди. Бунга қадар, БМТ Халқаро электр алоқа иттифоқининг 2021 йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон кенг полосали мобиль Интернет нархлари бўйича БМТнинг 2 фоизлик кўрсаткичини бажарган 4 давлат қаторидан жой олганди.
Шу мавзуга тааллуқли яна иккита рақам келтираман. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда Интернетдан фойдаланувчилар сони 25 миллиондан ошган. Ижтимоий тармоқлар, хусусан, Фейсбук, Инстаграм, Телеграмда бир кунда 5 миллионга яқин киши фаолдир.
Айтмоқчиманки, биринчидан, ҳамюртларимиз атиги бир соат ҳам Интернетга уланиш имкониятига эга бўлмаган 18 фоиз дунё аҳолиси сирасига кирмайди. Иккинчидан, БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларини бажариш борасида Ўзбекистон айни йўналишда ҳам изчил одимлаётганини келтирилган далиллар тасдиқлаб турибди.
Интернет ҳақида гап очганим бежиз эмас. Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар бошланган дастлабки кунлардаёқ ҳамкасбларим билан бирга амалдаги Конституциянинг 29-моддаси биринчи қисмини: “Ахборотни замонавий ахборот-коммуникация воситалари орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги кафолатланади”, деган мазмундаги норма билан тўлдириш юзасидан таклиф юборгандик.
Ҳозир умумхалқ муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида 29-модда қуйидаги таҳрирда тақдим этилган:
“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Мазкур ҳуқуқларни чеклашга фақат мавжуд конституциявий тузумни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамоат хавфсизлигини ҳамда тартибини ҳимоя қилиш, шунингдек давлат сири ёки бошқа сир деб эътироф этилган ахборот ошкор этилишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолларда, қонун билан йўл қўйилади”.
Яъни, бир томондан, мазкур модда шаклан кенгайган – амалдаги икки бандлик матн лойиҳада тўрт бандга кўпайган бўлса, иккинчи томондан, ушбу конституциявий нормаларнинг мазмун-моҳиятидаги қамров кўлами ортган. Қолаверса, айни шу модда мазмунини ўзгартиришга эътибор қаратган кўпчилик юртдошларимиз қатори Конституциявий қонун лойиҳасида таклифимиз инобатга олинганини кўриб биз ҳам қувондик.
Шу билан бирга, Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддати ҳозирга қадар икки марта узайтирилди ва яна узайтирилиши эҳтимоли йўқ эмас. Конституциявий комиссия матбуот хизмати маълумотларига қараганда, аҳолидан лойиҳанинг ҳар бир моддаси бўйича кўплаб таклифлар келиб тушмоқда. Бу таклифлар орасида бир-бирини тўлдирадиган, маъқуллайдиган, шунингдек, бири бошқасини инкор этадиганлари ҳам бор.
Бундай қизғин жамоатчилик муҳокамаси оммавий ахборот воситаларида ҳам давом этмоқда. Жумладан, Асосий қонунимизда Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқининг кафолатланишини аксарият юртдошларимиз қўллаб-қувватлаётганини кузатиш мумкин.
Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган ХХI асрда инсоннинг фикр ва сўз эркинлиги, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш сингари ҳуқуқлари қандай амалга оширилиши унинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, хусусан, Интернетдан қанчалик эркин фойдаланишига бевосита боғлиқ.
Шундай экан, Тошкентдаги ИНҲА универститети ректори Музаффар Жалолов xabar.uz сайтидаги мақоласида қайд этганидек, “ҳаёт тарзимизнинг, касбий фаолиятимизнинг салмоқли бир бўлаги, комил инсон шаклланишининг асосий омилларидан бири бўлаётган Интернет жаҳон тармоғидан эркин фойдаланиш ҳуқуқининг Асосий қомусимиз – Конституцияга киритилмаслиги мумкин эмас. Бу ҳуқуқ халқаро ҳуқуқ нормаларида, етук давлатлар Конституцияларида мустаҳкамланган ва ўзининг самарасини кўрсатаяпти”.
Конституциявий комиссия маълумотига қараганда, 2022 йил 4 июль куни Бухоро вилоятидан фуқаро Д.Ҳожиев 29-модданинг биринчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этишни таклиф қилган: “Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни миллий урф-одат ва қадриятларни инобатга олган ҳолда тарқатиш ҳуқуқига эга”.
Албатта, Конституциявий қонун лойиҳаси 29-моддасидаги охирги бандга эътироз билдираётганлар, ушбу нормани олиб ташлашни таклиф этаётганлар ҳам йўқ эмас. Шундай бўлиши ҳам керак. Зотан, умумхалқ муҳокамаси – мутлақо демократик жараён. Бу холис жараёнда маромига етказилган конституциявий нормалар, пировардида том маънодаги халқ Конституциясига эга бўлишимизни таъминлайди.
Шу ўринда табиий бир савол туғилади: бундан 30 йил илгари, амалдаги Конституциянинг умумхалқ муҳокамаси жараёнида айнан 29-модда таҳририга кенг жамоатчилик муносабати қандай бўлган?
Маълумки, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституция икки марта умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган. Хусусан, даврий матбуотда 1992 йил 26 сентябрь куни умумхалқ муҳокамаси учун янги Конституциянинг биринчи лойиҳаси эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий комиссияси ишчи гуруҳи тайёрлаган ва умумхалқ муҳокамасига эълон қилинган ушбу лойиҳада 29-модда (архивдаги матнда – 28-модда) қуйидаги матндан иборат бўлган:
“Ҳар ким ҳур фикрлилик, сўз ва эътиқод эркинлигига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот бундан мустаснодир.
Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат шахсий, тижорат, шунингдек давлат сири бўлганлиги сабабли қонун билан чекланиши мумкин”.
Конституция лойиҳаси матбуотда эълон қилингач, унинг умумхалқ муҳокамаси кенг тус олган. Ушбу очиқ-ошкора муҳокамалар 1992 йил сентябрь ойи охиридан – декабрь ойи бошларигача фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, ижодий кўтаринкилиги руҳида ўтган.
Академик Акмал Саидовнинг 2017 йили нашр этилган “Ўзбекистон Конституцияси тарихи” китобида бу ҳақда архив ҳужжатларидан бир қатор маълумотлар жамланган. Конституциянинг 29-моддасига алоқадор бўлган айрим таклифларга тўхталамиз. Жумладан:
Тошкент шаҳридан фуқаро Ш.Аҳмедов “Конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот бундан мустаснодир”, деган иборани ушбу моддадан олиб ташлашни ёки қуйидаги жумла билан алмаштиришни тавсия этган: “фавқулодда ҳолат ва ҳарбий ҳолат даври бундан мустасно”.
Бухоро вилоятидан Р.Усмон Яраш ўғли мазкур жумлани қуйидаги таҳрирда ёзишни сўраган: “Ахборот тарқатаётган шахс ахборотнинг тўғрилиги учун қонунда белгиланган тартибда жавобгардир”. Ушбу таклиф Ишчи гуруҳ томонидан инобатга олинган ва “Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунда ўз ифодасини топган”, деган изоҳ билдирилган.
Пахтачи туманидан А.Қаландаров эса, ушбу моддага қуйидаги қўшимча киритишни таклиф қилган: “шахснинг оилавий, шахсий ва бошқа маълумотлари унинг розилигисиз бошқа шахс томонидан оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилиши тақиқланади”.
Тошкент шаҳридан Н.Нарзиқулов ушбу модданинг биринчи жумласини “ҳар бир фуқаро сўз, эътиқод эркинлигига ва уни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга”, деган таҳрирда ёзишни таклиф қилган.
Фарғона вилоятидан А.Жўраев модда матнидаги “Конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот бундан мустаснодир”, деган жумлани олиб ташлашни таклиф қилар экан, чунки ҳар қандай танқидий ахборотни тузумга қарши, деб баҳолаш мумкин, деган фикрни билдирган.
Айни шу жумлани Фарғона вилояти уламолар Кенгаши аъзолари қуйидаги таҳрирда беришни тавсия қилган: “Конституциявий тузумни зўравонлик йўли билан ағдариб ташлашни тарғиб қилувчи ахборот бундан мустаснодир”.
Шу тариқа умумхалқ муҳокамалари давомида билдирилган таклиф-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, иккинчи марта матбуотда 1992 йил 21 ноябрь куни эълон қилинган Конституция лойиҳасида 29-модда қуйидагича акс этган:
“Ҳар ким фикр, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин”.
Агар эътибор берилса, ушбу матн Конституция 29-моддасидаги ҳозир амалда бўлган норманинг деярли ўзидир. Бу ўринда “деярли” дейишимизнинг сабаби шуки, 1992 йил 8 декабрь куни парламентда Конституция лойиҳасини қабул қилишдан олдинги моддама-модда муҳокама асносида 29-модданинг биринчи жумласидаги “ахборот” сўзидан кейин “ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар” қўшимчаси киритилгач, ушбу модда матни депутатлар томонидан эътирозсиз қабул қилинган.
Эътибор беринг: бундан ўттиз йил олдин Ўзбекистонда Интернет бўлмаган. Шунинг учун Интернет имкониятларидан фойдаланиш ҳуқуқини Конституцияда муҳрлаб қўйиш ҳақида ҳеч қандай фикр ҳам юритилмаган.
Бугунги кунда бутун дунё ўта илғор техник-технологик ўзгаришлар оғушида яшамоқда. Ўзбекистон ҳам Интернет асрига шиддат билан кириб келаётган ҳозирги пайтда баъзи ривожланган давлатлар аллақачон Интернетдан кейинги давр ҳақида бош қотираётгани ҳам муболаға эмас.
Шу маънода, мамлакатимизнинг янгиланаётган Конституциясидан “Ҳар ким Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга” деган норманинг жой олиши замон билан ҳамқадамлигимизнинг ҳуқуқий тасдиғидир.
Конституция лойиҳасининг 29-моддасида ушбу ҳуқуқларнинг чекланишига оид нормани сақлаб қолиш керакми ёки йўқми? Фикримизча, ҳа, сақлаб қолиш керак.
Нега? Чунки бундан 30 йил олдин ҳам халқимиз, халқ вакиллари – депутатларимиз ахборотнинг маърифатпарварлик ва зиёбахшлик қудратини яхши билганлар. Шу билан бирга, ахборот вайронкор кучга ҳам эгалигини чуқур англаганлар. Шунинг учун амалдаги Конституциянинг 29-моддасида инсоннинг ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи икки ўринда:
биринчидан, “конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот” билан боғлиқ ҳолатда;
иккинчидан, “фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина” қонун билан чекланиши белгилаб қўйилган.
Бундай чекловларни умумхалқ муҳокамасида иштирок этган юртдошларимизнинг бир қисми ўшанда ҳам инкор этган бўлса, бошқалари маъқуллаган. Натижада амалдаги Конституцияни қабул қилган халқ ноиблари айни чекловларни Асосий қонун матнида сақлаб қолиш зарур, деб топганлар.
Бугун замондошларимиз Интернет асрига ҳам, унинг касрига ҳам бевосита гувоҳ бўлмоқда. Узоққа бормасдан, яқинда Қорақалпоғистонда юз берган ташвишли воқеаларни олайлик. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 21 июль куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувидаги нутқида шу хусусда ҳам тўхталди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Кўлами тобора ортиб бораётган Интернетдаги ноқонуний фаолият билан боғлиқ янги хавф-хатарлар алоҳида эътибор қаратишимизни тақозо этмоқда. Бугун ушбу таҳдидлар йўлида ҳеч қандай чегара йўқ – улар мобиль телефонлар орқали кириб келмоқда. Афсуски, Ўзбекистонда яқинда рўй берган фожиали воқеалар бизнинг режаларимизни бузишга, минтақамизда беқарор вазиятни вужудга келтиришга уринаётган бузғунчи кучлар мавжуд эканини яна бир бор тасдиқлади”.
Шу маънода, аввало, Конституциянинг 29-моддаси матни Конституциявий қонун лойиҳасининг ҳозир умумхалқ муҳокамасига қўйилган таҳририда сақлаб қолингани мақбул.
Айни чоғда, биз яшаётган ахборотлашган жамият талабларидан келиб чиқиб, янгиланаётган Конституция матнида роботлар, киборглар ва бошқа илғор илмий-техник кашфиёт ҳосилаларидан амалиётда фойдаланишни ҳуқуқий тартибга соладиган илғор нормалар ҳам мустаҳкамлаб қўйилиши ўринлидир.
Хулоса қилиб айтганда, янгиланаётган Конституция матнида диффамация ҳуқуқи, яъни оммавий ахборот воситаларида инсон шаънини ҳимоя қилиш ҳуқуқи аниқ нормаларда акс эттирилиши мақсадга мувофиқ. Токи, инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида сўз эркинлигига тўсиқ қўйилишига ва, аксинча, сўз эркинлигидан фойдаланиш асносида инсон қадр-қиммати бадном этилишига йўл қўйилмасин.
Ғулом Мирзаев,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
- Қўшилди: 26.07.2022
- Кўришлар: 5542
- Чоп этиш