Шу кунларда чинакамига тарихий бир даврда яшаяпмиз. Мен бу ўринда, албатта, Ватанимиз, халқимиз ва биз, ёшларнинг тақдирига дахлдор муҳим сиёсий-ҳуқуқий воқеа – тенгқурларим билан гувоҳи ҳамда бевосита иштирокчилари бўлиб турганимиз конституциявий ислоҳот жараёнларини назарда тутмоқдаман.
Ҳозир амалда бўлган 1992 йилги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси ишлаб чиқилган, муҳокама этилган ва қабул қилинган вақтларда мен ҳали туғилмагандим. Конституция ижодкорлиги бобида на тажрибам, на уқувим бор.
Шу боис бўлса керак, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ жараён бошланган дастлабки кезларда таклиф беришга бироз чўчидим. Яъни, “Мамлакатнинг Асосий қонунига муҳрлаб қўйиладиган даражадаги аниқ ҳуқуқий қоида таклиф этиш, бирон-бир салмоқли фикр билдиришга қурбим етармикан?” деб анча пайтгача ўйланиб юрдим.
Бир томондан, шундай улкан тарихий жараёнда иштирок этиб, Конституциямизнинг янгиланишига ўз ҳиссамни қўшишни истардим. Бошқа томондан эса, бу борадаги тажрибасизлигим, тортинчоқлигим, борингки, журъатсизлигим бунга халал берарди. Шундан сўнг...
Барибир, ўз ниятимига эришишга жазм этдим. Конституциявий комиссияга иккита таклиф юбордим.
Биринчи таклифим: “Жамият давлат органларининг хоҳлаган мансабдор шахсидан ҳисобот талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги Конституцияда алоҳида норма билан мустаҳкамлаб қўйилиши керак”, деган мазмунда.
Ҳозир умумхалқ муҳокамаси давом этаётган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида ушбу таклифим мазмунан инобатга олинибди.
Хусусан, Конституциявий қонун лойиҳаси 26-1-моддасининг охирги (бешинчи) бандида шундай норма бор: “Ҳар бир шахс давлат органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга”.
Ушбу конституциявий норманинг мазмунига кўра, қайсидир давлат органи ёки мансабдор шахс жамият олдида ҳисобдорликни унутиб, жамият аъзоларига, айтайлик, менга зарар етказишига давлат йўл қўймайди. Яъни, мен юборган таклифнинг мазмун-моҳияти айни шу норма мағзига сингдирилган.
Иккинчи таклифим: амалдаги Конституцияни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини янада фаоллаштириш, ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, ҳимоясини кучайтириш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари руҳи ва кайфиятидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш лозим.
Мен бу таклиф билан, аслида, Конституциянинг хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги қайд этилган 46-моддасини кенгайтиришни кўзда тутгандим.
Конституциявий қонун лойиҳасида Асосий қонуннинг 37-моддаси менинг ушбу таклифимга моҳиятан ўхшаш нормалар билан тўлдирилганини кўриб, мамнун бўлдим. Мана, ўша янги нормалар:
- Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши керак.
- Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.
- Ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун таътилга ёки болани фарзандликка олиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқига эга.
- Жазони суднинг ҳукмига кўра ўташ тартибидан бошқача тартибдаги мажбурий меҳнат ёки қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардаги мажбурий меҳнат тақиқланади.
- Мажбурий меҳнатдан ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланади ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.
Конституциявий ислоҳотларнинг бориши бўйича шахсий кузатувимдан иккита хулоса чиқардим.
Биринчи хулосам шуки, Асосий қонунимизни янгилаш юзасидан билдирилаётган таклиф-мулоҳазалар асло эътиборсиз қолмаяпти. Ҳар бир таклифдан янги ғоя – у муайян норма, биронта ибора ёки ҳатто биргина сўз шаклида бўлса ҳам – янгиланаётган Конституциямизда акс этиши йўлида астойдил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Иккинчи хулосам – конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳиятини холис талқин қилиш зарурати билан боғлиқ. Содда қилиб айтганда, фақатгина мен каби навқирон инсонлар таклифларини жўнатаверади, Конституциявий комиссия эса уларнинг пучагини-пучакка, сарагини-саракка чиқараверади, деб ўта тор фикрлаш тўғри эмас, назаримда.
Бундай юзаки ёндашув, менимча, давлатчилигимиз фаолиятига алоқадор ушбу жиддий сиёсий-ҳуқуқий жараённи ниҳоятда жўн ва саёз талқин қилиш бўлур эди.
Аввало, ҳар икки таклифимнинг туб моҳияти Конституциявий қонун лойиҳасида қандай ўз аксини топгани ҳам бу борада иш олиб бораётган қонун ижодкорларининг ҳуқуқий маҳорати ва тажрибаси катталигини кўрсатиб турибди.
Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифлар нафақат ёшлардан, балки аҳолининг турли қатламларидан мунтазам келиб тушмоқда. Шу билан бирга, кўплаб ташкилот ва муассасаларда ҳам Конституциявий қонун лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, салмоқли ва тизимли таклифлар билдирилмоқда.
Бунга биргина мисол: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси 2022 йил 7 июнда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик экспертизаси ўтказиб, шу асосда 15 та таклиф берган. Ўз навбатида, Конституциявий комиссия шундан 3 тасини – 53, 53-1 ва 100-моддаларга билдирилган таклифларни инобатга олган.
Конституциявий комиссия вакиллари жойларда, турли ташкилот ва муассасаларда учрашувлар ўтказиш асносида ҳам фуқароларимиздан таклифларни йиғиб келмоқда. Мисол учун, Давлат бошқарув академиясида июнь ойида бўлиб ўтган шундай учрашувда билдирилган таклифларнинг айримлари кейинчалик Конституциявий қонун лойиҳаси матнига киритилди.
Бу ўринда, аввало, Гўзалой Худойбердиеванинг амалдаги Конституциянинг 37-моддасига фуқароларни, жумладан, болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг тақиқланишига оид қўшимча киритиш билан боғлиқ таклифи ҳақида сўз бормоқда. Шунингдек, мазкур учрашувда Шарофатхон Қодирова Асосий қонунни 37-1-модда билан тўлдиришни таклиф этган.
Г.Худойбердиеванинг таклифи Конституциявий қонун лойиҳасининг 37-моддасига киритилган. Ш.Қодирова таклифининг мазмуни билан танишар эканман, фуқароларнинг дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътилга чиқиш ҳуқуқига оид ушбу фикрлар лойиҳанинг 38-моддасидан жой олганига амин бўлдим.
Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича чуқур таҳлиллар ҳамда диққатга сазовор таклифлар тақдим этган жамоалар, шунингдек, бу борада вақт, куч ва имкониятини аямасдан, юксак ватанпарварлик намунасини кўрсатган фуқароларнинг хизматлари Конституциявий комиссия томонидан эътироф этилмоқда. Конституциявий ислоҳот жараёнларида фаол қатнашган фуқароларга ҳозирги кунгача 130 мингта миннатдорлик смс-хабарномаси юборилгани бу эътирофнинг амалий тасдиғидир.
Ҳақиқатан ҳам, ушбу миннатдорчилик хатларида таъкидланганидек, бугунги конституциявий ислоҳотлар – мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги ўта муҳим тарихий, ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий жараёндир.
Ойдин ИБРОҲИМОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Матбуот хизматининг ходими
"Халқ сўзи" газетаси
- Қўшилди: 26.07.2022
- Кўришлар: 5493
- Чоп этиш